Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Тошкент ҳокимлиги телефонограммаси WhatsApp "об-ҳаво"сини бузиб юборди


Пойтахтликлар орасида WhatsApp тармоғи орқали тарқаган телефонограмма одатий огоҳлантирув бўлиб чиқди.
Пойтахтликлар орасида WhatsApp тармоғи орқали тарқаган телефонограмма одатий огоҳлантирув бўлиб чиқди.

Тошкент шаҳар ҳокими маҳкамаси пойтахт ҳокими Раҳмонбек Усмонов номидан 1 апрель арафасида шаҳардаги ташкилотлар раҳбарлари ва туман ҳокимликларига жўнатган телефонограмма WhatsAppдан фойдаланувчилар орасида ваҳима пайдо қилди. Ҳокимлик телефонограммаси об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилаётганидан огоҳлантирув бўлиб, бундай ҳужжат нафақат Тошкент, балки ҳар қандай шаҳар бюрократияси учун фавқулодда ҳодиса эмас.


Лекин аҳоли буни билмайдида...

Пойтахт ҳокими маҳкамасининг N 04-Т-44-инчи телефонограммасида бундай дейилган: “2014 йил 1 апрель куни соат 21-00 дан бошлаб Тошкент шаҳрида кучли шамол эсиши ҳамда ёмғир ёғиши кутилмоқда”.
​Шу муносабат билан шаҳар ҳокими ташкилотлар раҳбарларидан, туман ҳокимларидан “жойларда барча чора-тадбирларни кўришни, коммунал хизматлар ва улардаги техникалар шай ҳолда бўлишини ҳамда жойларда юзага келадиган муаммоларга нисбатан ўз вақтида чора кўрилишини таъминлашни”сўраган.

Телефонограммада туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, ташкилотларда бош муҳандислар туни билан навбатчилик қилиши, вазият ҳақида ахборот бериб туриши талаб қилинган.

Олмазор тумани ҳокимлиги вакили Озодлик саволига жавоб берар экан, шаҳар ҳокимлигидан телефонограмма олинганини тасдиқлади.

Ҳокимлик вакилидан сўрадик:

- Кечаги телефонограмма телефонларда тарқаб кетибди. Шунинг учун одамлар ваҳима қилаяпти. Ўзи аслида, бундай телефонограммаларни тез-тез оласизларда-а?

- Ҳа, ҳаво ўзгариши, совуб кетиши олдидан келади.

- Бир ойда неча марта оласизлар бундай огоҳлантирувни?

- Одатда ёзда келмайди. Кўпинча қишда келади. Совуб кетиши мумкин, навбатчилик ташкил қилинглар, ҳамма иш жойида бўлсин, деган маънода келади.

- Масалан Сиз ўшандай телефонограммадан қўрқиб кетасизми?

- Йўқ, йўқ, қўрқинчили нарса эмаску?! Шунчаки бир огоҳлантирувда у!

- Кечадан бери об-ҳаво қандай? Ёмғир ёғдими телефонограммада айтилганидай?

- Шамол бўлиб, ёмғир ёғади, дейилган. Шамол бўлди, ёмғир ҳам ёғди. Бугун ҳаво очилиб кетди,
деди Олмазор туман ҳокимлиги вакили.

Ўзбекистоннинг “об-ҳаво вазирлиги” – Ўзгидрометмарказ ишонч телефони ходими ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлигининг телефонограммасида ҳеч қандай фавқулоддалик кўргани йўқ.

Хуллас, шаҳар ҳокимлигининг 2 апрелга ўтар тунда об-ҳаво меъёрдан бошқачароқ бўлиши тўғрисида ташкилотлар ва туман ҳокимликларини махсус телефонограмма билан огоҳлантириши нормал бюрократик тадбирдир. Ҳокимликни, агар шу ишни қилмаса танқид қилиш керак бўларди, қилгани учун эмас, албатта.

Гап бошқа ёқда. Ҳокимликнинг телефонограммаси суратини WhatAppда тарқатган фойдаланувчи бу ҳужжатдан ваҳимага тушгани билиниб турибдики, (Тошкентга сел келар экан, деб ўйлаган бўлса керак) масала шу жойда.

Аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган информациянинг аҳолига етказилмаслигидадир гап.

Балки 2 апрелга ўтар тунда шамол ўрнига бўрон қўпиши кутилса, ёмғир ўрнига тош ёғиши кутилса, ёппасига эълон берилармиди? Бу саволга жавобимиз йўқ.

Лекин бошқа жавобимиз бор. Шаҳар ҳаётини ёритувчи “Вечерний Ташкент” газетаси билан боғланиб, телефонни кўтарган ҳамкасбимиздан сўрадик:

- Об-ҳавонинг кескин ўзгариши тўғрисида газетангизда информация бериб борасизларми?

- Йўқ, об-ҳаво маълумотинигина берамиз.

- Мен ҳавонинг кескин ўзгариши тўғрисида сўраяпман. Шу ҳақда газетхонларингизни огоҳлантирасизларми?

- Нима кераги бор бунинг?

- Аҳоли билсин учун...

- Газетхонларимиз – шаҳарликлар. Шунинг учун принципда бунинг кераги йўқ, деди “Вечерний Ташкент” журналисти.


Ва ниҳоят, Ўзгидрометмарказ расмий сайти огоҳлантируви:

2 – 5 апрель кунлари Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ва тоғ этакларида сел келиш хавфи бор.

2 – 7 апрель кунлари мамлакатнинг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи мавжуд.
XS
SM
MD
LG