Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:21

OzodTil: "Сотирим"ни сотаман, сотаману кетаман! (Блог)


Шивирлаб айтилгувчи соҳир сўзлар бор. Улар шеърларни безайди.

Баралла айтилгувчи "жарчи" сўзлар бор. Улар одам чақиради.

Жарчи сўзлар кўча-кўйда ўқловдай ҳарфлар билан ёзилади ва шунинг учун ҳам айнан шу сўзлар мамлакат юзи, демакки, миллат юзи ҳақида, унинг тил бойлиги тўғрисида тасаввур пайдо қилади.

Лекин тилда ўша жарчи сўз бўлмасачи?

Тилда йўқ, деб бошқа тилдан олиб ишлатавериш тўғрими?

Йўқ бўлса, балки янги сўз ўйлаб топиш керакдир?

Сарвар Усмон ўзининг бугунги БЛОГида шу пайтгача русчаси ишлатилиб келаётган бир жарчи сўз ўрнига ўзбекча сўз таклиф қилмоқчи.





“Сотирим”ни сотаман. Сотаману кетаман!
Эээ, сотмайман-е! Ҳазиллашдим!
Текинга бераман “сотирим”ни.
Олсангиз бўлди. Ишлатсангиз бўлди.
Менга шу етади!
Ҳайрон бўлаётгандирсиз, бу сўзни қаерда эшитганман, деб?
Агар қачондир кўрган-ўқиган бўлсангиз, демак Сизга сайтимиз бегона эмас.
“Сотирим”ни мутлақо бизнинг сайтда, OzodTilнинг юз очди мақоласида учратгансиз.
Бошқа жойда учратган бўлишингиз мумкин эмас.
Чунки “сотирим” - янги сўз.
Мен Сизга совға қилмоқчи бўлган сўздир.


Ҳар мамлакатнинг, ҳар шаҳарнинг ўз “юз”и бор.
Ҳар қандай юзнинг шаклу шамойили майда чизгилар-унсурлардан таркиб топади.
Автолар, масалан, мамлакат-шаҳар “юз”ининг ўша “майда” унсурларидан: асосан Асакадан чиққан машиналар юрадиган Ўзбекистонни минтақадаги бошқа мамлакатга ўхшатиб бўлмайди.
“Нексия”ларию “Матиз”лари билан меҳмоннинг эсида қолади Тошкент. Ва умуман Ўзбекистон.
Шиорлари билан, Президентининг суратлари билан ҳам эсда қолиши мумкин.
Лекин одам – Худонинг ожиз бандаси. Ҳар қандай бадавлат меҳмон ҳам.
Ожиз банда эса, магазинни яхши кўради.
Айниқса, “распродажа” кетаётган пайтда.


Уяламан шу сўзнинг – “распродажа” сўзининг ўзбекча эквиваленти йўқлигидан.
Меҳмонлар бу сўзни кўриб ўзбекнинг устидан кулаётгандай туюлаверади.
Кулмаган тақдирдаям Тошкентдан қайтар экан, унинг (меҳмоннинг) шуурида Ўзбекистон ўз тили бор мустақил мамлакат эмас, ҳали-ҳануз Россиянинг бир мустамлакаси сифатида қолгандай бўлаверади.
Шунинг учун “Распродажа” деган ёзувга кўзим тушиши биланоқ уялавераман.
Кўпчилик назари тушадиган бунга ўхшаш сўзлар эса, Ўзбекистон бўйлаб ўнлаб, балки юзлабдир.
2014 йил, 12 март куни Тошкентнинг "Қўйлиқ" бозорида олинган сурат
2014 йил, 12 март куни Тошкентнинг "Қўйлиқ" бозорида олинган сурат

“Распродажа” - бозор иқтисодиёти ҳодисаси.
Социализмда “распродажа” бўлмасди – “Уцененные товары” бўларди.
Қўли йўқ қўғирчоқ, жўмраги синган чойнак, учуқ пиёла, сири кўчган ёғоч қошиқ ва ҳоказо, ва ҳоказо текингаям қиммат матаҳлар сотиларди “Уцененные товары” деган магазинда.
“Уцененные товары” – “Арзонлатилган товарлар” (“Арзонлаштирилган”, деб ёзишарди Ўзбекистонда)
“Распродажа”нинг замирида ҳам арзонлатиш унсури бор. Ҳатто бу энг асосий унсур. Арзонлатилмаса, ҳеч ким кутмайди “распродажа”ни.
“Распродажа” мағоза майдонини мавсуми ўтган моллардан тозалаш, янги молга бўшатиш жараёнидир.


Бас, шундай экан, “Распродажа”ни “Арзонлатма”, деб ўгириб бўлмайди: бу сўзда сотилаётган товарни камситиш бор. Харидорнинг ҳам иззат нафси лат ейди.
“Распродажа”ни ўзбекнинг эски “Сотаману кетаман!” деган ҳайқириғи билан ҳам алмаштириш ҳам тўғри эмас – мол эгаси мағозасини ёпмоқчи эмас.
Қолаверса, “сотаману кетаман” узун ибора – тилга ўрнашмайди.
Демак, бошқа сўз керак.


“Сотирим”дир ўша сўз.
Қаердан олдим бу сўзни?
“Ажрим”дан, “Кечирим”дан нусха кўчирдим.
Ҳар иккала сўз ҳам узоқ давом этган жараённинг якуний, охирги босқичи номидир.
Икки субъект ўртасида баҳс-мунозара узоқ – ойлаб, йиллаб давом этади. Ва охир-оқибат ўртага тушганлар (масалан, суд) ажрим чиқаради. Баҳсга нуқта қўяди.
“Кечирим” ҳам шу – йиллар давом этган иддаою фироқлар, аразларга барҳам бергувчи нуқта.
“Сотирим” ҳам сўнгги нуқтадир. Мағозада мавсум давомида сотилган мол қолдиғидан “қутулиш”, уни “тугатиш” нуқтасидир.
Инглизлар sale дейди, турклар indirim дейди, руслар “распродажа” дейди.
Келинг, биз “сотирим” дея қолайлик.


“Сотирим” тилимизгаям тишга тушган тилло тишдай туша қолади.
Халимахон Салимахонга: “Қўшни, эшитдингизми, эртага сотирим бошланаркан, бормаймизми?”
Шафоатхон Рафоатхонга: “Вой, кеча маза қилдим. Мазза, мазза, мазза қилдим. Сотиримга тўғри кепқопман, денг, тўртта кўйлак оливолдим. Нархини сўраманг, нархини...”
Муҳайё Сурайёга Раъно билан Муқаддас ҳақида: “Ордона қолишсин, нимасига керилишади? Нуқул сотиримдан кийим кийишади...”


Сезиб турибман: қулоғингизгаям, кўнглингизгаям бу сўз ўтиришавермаяпти.
Бундан икки ой олдин Тошкентдан Прагага келган бир ҳамкасбимгаям “ўтказолмагандим” бу сўзни. “Қўйсангизчи, Сарвар ака, сунъийку бу сўз”, деганди.

Ҳой, барака топгурлар, “ўқитувчи”, “ўқувчи” сўзлариниям сунъий дея оласизми?
Бу иккала сўз ҳам эндигина 90 га кирганидан хабарингиз борми?
Яъни бу сўзлар тилимизда ўтган асрнинг 20-йиллари бошидагина пайдо бўлганидан хабарингиз борми? Унгача "муаллим" деган, "мударрис" деган. "Ўқитувчи" демаган.

Хуллас, “сотирим”ни текинга олсангиз, олинг.
Бўлмаса, қўшни қардош тилларга бервораман!

Сарвар УСМОН


P.S.

Мақола битгач, уни бир ҳамкасбимга (ТошДУнинг Филологиясини битирган - ҳақи бор ҳакамлик қилишга) кўрсатдим. "Бир кўрингчи, ёзганларим ўрисча "бред" (алжираш) ми ёки инглизча bread (нон) ми?"

- Bread, деди у, Сизнинг "сотирим"имингизга "ётирим" (сармоя) тиргак бўлиши мумкин, деди.

- Раҳмат, дедим.
XS
SM
MD
LG