Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:20

Ғанихон Маматхоновнинг қамоқ муддати яна уч йилга узайтирилди


Шу йилнинг 10 март куни қамоқдаги жазо муддати тугаган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов ўзининг пайғамбар ёшини яна ҳибсхонада кутиб олишга мажбур бўлмоқда. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди яқинда у кишининг жазо муддатини уч йилга узайтирган.

Бу ҳақда Озодликка Ғанихон Маматхоновнинг адвокати сўзларига таянган ҳолда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

- Адвокатимизнинг берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди томонидан (Ғанихон Маматхонов Зарафшондаги 48-колонияда жазо муддатини ўтаётган эди) колония тартибини бузиш, яъни Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси – “Муассаса тартибини бузганлик” айби билан у кишига қўшимча муддат белгилаш тўғрисида жиноят иши кўриб чиқилиб, Маматхоновга нисбатан яна уч йиллик қамоқ муддати қўшиб берилган, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов 2009 йилнинг 10 октябрь куни ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора берганлик) ва 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича айбланган ва 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Кейинроқ Фарғона вилоят апелляция суди бу муддатни 4 йилу 5 ойга тушириб, жазони манзил колониясида ўташ ҳақида қарор қабул қилган эди. 2010 йилнинг апрелида эса Маматхонов манзил колониясидан яна қамоқхонага ўтказилган.

Жазо муддати шу йилнинг 10 март куни тугаши керак бўлган Ғанихон Маматхонов бугун пайғамбар ёшини Отбозор турмасида қаршилашга мажбур. Ҳозир Маматхоновнинг саломатлиги қониқарли эканини қайд этган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг сўнгги қарори юзасидан судга апелляция тартибида шикоят аризаси топиширилганини маълум қилди.

- Апелляция маҳкамаси, адвокатимизнинг айтиши бўйича, ҳозир Бухоро вилоятида апелляция кворуми йўқлиги сабабли Навоий вилоят судига ўтказилган. Шунинг учун яқин кунларда балки Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди шикоятларимизни апелляция тартибида кўриб чиқади, - деди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Унинг айтишича, Ғанихон Маматхоновнинг ҳимоячилари бўлажак судда маҳкум ҳуқуқ фаолининг қамоқхона маъмурлари талабларига бўйсунмаганлиги ҳақида гувоҳлик берган бошқа маҳкумлар ва қамоқхона ходимлари шахсан гувоҳлик беришларига эришмоқчи.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Ғанихон Маматхоновнинг апелляция судидан кейин озод қилиниш-қилинмаслиги ўзбек расмийларининг сиёсий иродасига боғлиқдир.

- Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ҳукумати сиёсий қарорга келиб, фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан қандайдир бир енгиллаштириш чораларини қўллайдиган бўлса, суд шуни қонунлаштириб беради. Агар апелляция суди, юқори инстанция судлари ҳам бу ҳукмни [ўз кучида] қолдирадиган бўлса, бу албатта Ўзбекистон ҳукумати сиёсатининг амалдаги бир кўриниши бўлади, холос, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг номи бир неча йилдан буён маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳисоботларида Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар қаторида зикр этиб келинади.

Оиласининг ночорлиги туфайли Маматхонов учун адвокат ёллашда жонбозлик кўрсатган “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева фарғоналик ҳуқуқ фаолининг озод бўлиши учун унинг халқаро майдондаги ҳамкасблари ҳам ҳаракат бошлаганларини маълум қилди.

- Олтмиш уч ёшини ҳибсда кутиб олаётган Ғанихон Маматхоновнинг ҳимояси учун жаҳон бўйича 178 та ташкилот аъзо бўлган ва қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH) бугун-эрта баёнот эълон қилиши ҳақида билдирди. Бундан ташқари, биз кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари муаммолари билан шуғулланадиган махсус маърузачига ҳам Ғанихон Маматхонов масаласини қайдга олиб, шуғулланиш ва Ўзбекистон ҳукуматига Ғ. Маматхонов масаласида ўз талабларини қўйишларини сўраб, мурожаат қилиб, аризани топширдик, - дейди “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.
XS
SM
MD
LG