Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:24

Самарқандлик фермер: Сув танқислиги бу йилги пахтани барбод қилиши мумкин


Самарқандлик фермерлар сув танқислиги боис бу йилги ҳосил барбод бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Самарқанд вилояти ҳокимияти расмийлари танқислиги боис сув фермер хўжаликларига навбати билан берилаётганини тан олди.


Самарқанд вилоятнинг Пайариқ тумандаги фермерлар бу йил туманда экинларни суғориш учун келадиган сув ўтган йилгидан ҳам озайгани бу йилги ҳосил чўғини ўта қисқартириб юборишидан хавотир қилмоқдалар.

Туман фермерлари ўтган йили ҳам сув танқис бўлгани боис режадаги ҳосилни ололмай маҳаллий раҳбарлар қисуви остида қолган эдилар.

– Бу йил дарёда сув жуда кам. Ғўзани суғориш учун етмаяпти. Ўзи бизда сув тақчиллиги ҳар йили бўлади. Лекин, бу йил сув ҳар қачонгидан кам. Сув бўлмаса қандай қилиб ғўзани суғорамиз, бошимиз қотган, - дейди пайариқлик фермер.

Ўтган йили Самарқанд вилоятида сув тақчиллиги кўплаб фермерларнинг инқирозга учрашига ҳам сабаб бўлганди.

- Кўпчилик сув танқислиги боис давлат режаларини бажара олмади. Фермерлар сув йўқлиги боис қилган меҳнатига куйиб қоляпти. Бу йил сув аввалгидан ҳам кам. Ғўза сувсаган, вақтида сув бўлмаса ҳосил пачава бўлиши аниқ, - дейди пайариқлик фермер.

Самарқанд вилояти ҳокимиятининг Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси расмийлари вилоятнинг айрим туманларида сув танқислиги муаммо бўлаётганини тасдиқлашди.

- Шунинг учун сувни навбат билан беряпмиз. Ҳаммага бирдан беришга имкон йўқ. Бу табиат бу. Сув кам бўлса, имконга қараб, навбатма-навбат суғориш йўлларини қиляпмиз, - деди Самарқанд вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси расмийси.

Сув тақчиллиги бу йил Хоразм, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Айниқса, Хоразмда бу йил сув танқислиги шоли ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиши тайин. Хоразмнинг Янгиариқ туманида яшайдиган фермер Имомиддин аканинг ҳам боши қотган.

- Шоли сувни кўп ичади. Сув бўлмаса, шоли бўлмайди. Ариқларда эса сув йўқ. Қандай қилиб шолини ундирамиз. Асосий даромадимиз шу шолидан, шу шолидан кун кўриб келяпмиз. Сув бўлмаса, хўжалигимиз оч қолади, - дейди Имомиддин ака.

Жаҳон Банки экспертлари Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг кескин исиши оқибатида 2050 йилга бориб қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги 30 фоизга камайиши ва бу мамлакат озиқ-овқат саноатига жиддий зиён етказиши мумкинлигини башорат қилган.

Жаҳон банки мутахассисларига кўра, ҳаво ҳароратининг ошиши, ёғингарчиликнинг эса кескин камайиши сув заҳираси кўп бўлмаган ва аҳоли сони жадал ошиб бораётган Ўзбекистон учун фожиали бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик биофизик олим, академик Бек Тошмуҳаммедов Озодлик билан суҳбатда Жаҳон Банки огоҳлантираëтган салбий оқибатларга чап бериш учун мамлакат ҳозирдан сувни тежаш технологияларини жорий қилишга ўтиши кераклигини таъкидлайди:

- Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдиришни йўлга қўйиш керак, тупроқ остидан суғориш технoлогияларидан фойдаланмоқ керак. Лекин, афсуски, ўзбек деҳқонлари буни ўзларича қила олишмайди, уларда бунинг учун маблағ йўқ. Экинни устига тортиладиган полиэтилен ва тупроқ остидан ўтказиладиган елим трубалар жуда қиммат. Лекин, нима бўлмасин, сувни тежашимиз керак. Сув омборларини кўпайтиришимиз керак. Бизда баҳор ойларида ёғингарчилик пайти йиғилган сув сақланадиган сардобaлар бўлган ва шу сувдан ёзда вегетация даврида суғоришда фойдланса бўлади. Менимча сувни сақлашнинг шу усулини кенгроқ қўллаш керак, - дейди академик Тошмуҳаммедов.
XS
SM
MD
LG