Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:22

Фарғона шаҳар қурилишига тадбиркорлар мажбурланмоқда


Фарғоналик тадбиркорлардан ишхонасига яқин жойларни ўз ҳисобидан мана шундай майсазорга айлантириш талаб қилинмоқда.
Фарғоналик тадбиркорлардан ишхонасига яқин жойларни ўз ҳисобидан мана шундай майсазорга айлантириш талаб қилинмоқда.

Фарғона вилояти тадбиркорлари шаҳар қурилишига маблағ ўтказишга мажбур қилинмоқда. Озодлик манбаларининг айтишларича, хусусий дўконлар ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари эгаларига фавворалар қуриш ва гул экиш вазифаси юклатилган.



Фарғона шаҳридаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга тадбиркорлар мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фарғоналик тадбиркорлардан бири ёзди:

“Фарғона шаҳрида бўлаётган қурилишларга вилоят бўйлаб тадбиркорларнинг пул ўтказиши талаб қилиняпти. Масалан, шаҳар атрофидаги фаввораларни қуриш хусусий заправкалари бор фирмалар раҳбарларига, ҳудудларни майсазор қилиш ва гуллар ўстириш мажбурияти эса магазин ёки ошхона очган тадбиркорлар зиммасига юклатиляпти”, деб ёзади фарғоналик тадбиркорлардан бири.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган фарғоналик бошқа бир тадбиркор бунинг сабаби Фарғона шаҳрини қайта қуриш учун бюджетдан ажратилган маблағ етмай қолганлигида деб билади:

- Ўтган йилдан бошлаб тадбиркорлар йиғилишларга чақирилиб, қурилишларга ёрдам беришга мажбурланмоқда. Менинг фикримча, бюджет пулини аллақачон “ўзлаштириб” бўлишган ва унинг ҳисобини энди биздан чиқаришмоқчи. Мен ҳам ўз фирмамдан шу пайтгача 7 миллион сўмдан ортиқ пул ўтказдим,- деди тадбиркор.

Фарғона шаҳрини қайта қуриш учун тадбиркорларни маблағ ўтказишга мажбурлаш вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кузатиляпти.

Бу ҳақда Озодликка риштонлик тадбиркорлардан бири гапириб берди:

- Ҳозир Фарғона шаҳар қурилишига тадбиркорлардан пул олишяпти. Булар пул ажратишнинг ҳеч кимга гап тегмайдиган, беозор йўлини топишган. Яъни бу пуллар гўёки ободонлаштириш учун ажратилади,- деди риштонлик тадбиркор.

Фарғона вилоятидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш хусусий шохобчаларидан бирининг бошлиғи ҳам, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ободонлаштириш учун пул йиғишлар жуда ҳам кўп бўлаётганини айтди:

- Жонга ҳам тегиб кетдику булар. Унга пул бер, бунга пул бер дейишаверади. Ҳеч қаерда ёзилмаган қонунларни рўкач қилишади. Фақат оғзаки буйруқ. Бажармасдан иложимиз йўқ, бўлмаса текшир-текширга тушишимиз аниқ,- деди ёнилғи қуйиш шохобчаси бошлиғи.

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда тадбиркорлардан мажбуран пул ундирилаётгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди:

- Шаҳар қурилиши учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан етарли миқдорда маблағ ажратилган. Қурилишлар генплан асосида олиб бориляпти. Ҳеч қайси тадбиркорга пул бер деб айтилмаган. Агар бирор тадбиркорга ўзингни дўконингни атрофини обод қилиб қўй деган бўлсак, бу у пул ўтказишга мажбурланди дегани эмас,- деди мулозим.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг оғзаки буйруқлари билан тадбиркорлардан қурилишларга, турли хил тадбирларга пул ўтказишга мажбурланииши одатий ҳолга айланган.

Наманган шаҳрида жорий йилнинг 28 май куни бўладиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаси очилиш маросимига маҳаллий тадбиркорлар ва бюджет ташкилотлари ишчиларидан пул йиғилаётгани хабар қилинган.

Ўтган йили Наманган вилоят ҳокими шаҳардаги “Навбаҳор” стадиони қурилиши учун тадбиркорларга ўлпон солган эди.

Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 2014-Янги йил тадбирларини ўтказиш харажатлари ҳам тадбиркорлар зиммасига юкланган эди.
XS
SM
MD
LG