Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:38

"Боко Ҳарам" ўғирланган қизларни ҳижобга ўраб дунёга кўрсатди


"Боко Ҳарам" эълон қилган видеодан олинган тасвир.
"Боко Ҳарам" эълон қилган видеодан олинган тасвир.

"Боко Ҳарам" террор гуруҳи шу йилнинг 14 апрелида Нигериянинг Чибок шаҳридан ўғирлаган 223 ўқувчи қизнинг ҳаммаси Ислом динига ўтказилгани иддаоси билан яна бир видеотасмани ёйинлади. Видеода тақрибан юздан ортиқ қизалоқ қора ва кулранг ҳижобга ўраниб, Қуръон тиловат қилаётган ҳолда акс этган. Экспертлар бу қизларнинг айнан Чибокдан ўғирланган қизлар экани ва видеонинг олинган санаси, манзилига ойдинлик киритишга уринмоқда.



Уч ҳафтадирки нигерияликларнинг ҳаётини ваҳимага чўмдирган "Боко Ҳарам" террорчи гуруҳи 14 апрель куни тунда Нигериядан ўғирлаб кетилган 130 ўқувчи қиз Исломга ўтказилганини даъво қилиб, яна бир видеотасмани тарқатди.

Унда қуролланган жангари назорати остида ўтирган тақрибан юздан ортиқ ўқувчи қизалоқ ҳижобга ўраниб, Қуръон тиловат қилаётган ҳолда акс этган. Тасма сўнггида камерага сўзлаган қизчалардан бири мусулмон бўлгани ва шу кунга қадар уларга бирор шикаст етмаганини айтади.

Дарҳақиқат, хотиржам ва осойишта ўтирган қизлар нигоҳида, ҳаракатлари ва овозида безовталик сезилмайди.

Ўғирланган қизларнинг омон эканини шу тариқа дунёга пеш қилган ташкилот раҳбари Абубакр Шикоий ўз талабини ҳам илгари сурди. "Боко Ҳарам" Нигерия қамоқхоналарида сақланаётган сафдошларининг озодлигини талаб қилмоқда.

Нигерия полицияси 14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси Нигерия шимоли-шарқидаги Борно штатида жойлашган Чибок шаҳрида лицейнинг ётоғидан 276 ўқувчи қиз ўғирлангани, уларнинг 53 нафари қочишга муваффақ бўлганини хабар қилган. Ўғирланган қизларнинг асосий қисми насроний динига мансублиги айтилган.

Қизларни ўғирлаганини тан олган Нигериядаги "Боко Ҳарам" террорчи гуруҳининг етакчиси Абубакр Шикоий 6 май куни тарқатган видео баёнотида "Оллоҳнинг амри билан уларни келин қилиб" исломий жангариларга сотишидан огоҳлантирган эди.

12 май кунги баёнотида бу таҳдидини яна бир карра такрорлаган террор гуруҳи етакчиси ўз талабининг зудлик билан бажарилишини сўрар экан, Исломни қабул қилган қизларни аслида озод қилганини ҳам иддао қилди:

"Бу қизларни биз аслида озод қилдик. Биз уларни аслида озод қилдик. Тушунаяпсизми, биз бу қизларни қандай озод қилганимизни? Улар мусулмон бўлишди. Улар мусулмон", дейди камерага тикилганча ошкора мазах оҳангида 17 минут нутқ сўзлаган Абубакр Шикоий.

Айни пайтда бу водео баёнотга муносабат билдирган Нигерия ҳукумати "Боко Ҳарам" талабини бажармаслигини билдирди. Ривожланган давлатлар махсус хизматлари кўмагида жангариларни қидираётган ҳукумат уларни топиш ва жазолашга эришишга яна бир карра ишонч билдирди.

Сўнгги видеобаёнотда акс этишича, ўғирланган 223 ўқувчи қизнинг камида 130 нафари бир жойда сақланмоқда. Бунга қадар уларнинг кичик-кичик гуруҳларда хорижга сотиб юборилгани тахмин қилинаётган эди.

Айни пайтда Буюк Британия, АҚШ ва Франция махсус хизматлари экспертлари гуруҳи Нигерия ҳамда унга қўшни Чад, Камерун ва Нигер махсус хизматлари билан ҳамкорликда "Боко Ҳарам" жангарилари қизларни сақлаётган яширин манзилини қидирмоқда. Бу давлатлар сафига сўнггилардан бўлиб Исроил хавфсизлик хизмати вакиллари ҳам қўшилди.

"Боко Ҳарам" террорчи гуруҳининг номи бунга қадар ҳам дунё матбуотида бот-бот тилга олинар эди. Бу гуруҳни "исломий террорчи гуруҳ" деб биладилар. Чунки унинг етакчиси – ижтимоий тармоқларда ҳарбий кийимда бот-бот кўриниб турадиган Абубакр Шикоий Нигерия ҳудудида шариатга асосланган давлат ўрнатиш ҳаққини даъво қилади.

Бу гуруҳ мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмини деярли тўлиқ ўз назоратига олган ва унинг етакчиси ўз талқинидаги шариатга зид, деб билган ҳамма нарса, айниқса, аёлларни замонавий усуллар асосида ўқитиш, ишлатишни ножўя деб билади, шунингдек, замонавий ускуна билан жиҳозланган мактаблар, шифохоналарни ишғол қилади, у ердаги аёл-қизларни ўғирлаб кетади.

Бундан ташқари, гуруҳ аҳоли гавжум ҳудудларда портлаш, маҳаллий етакчиларга суиқасдлар уюштиради ва бунинг ҳаммасини Оллоҳ йўлида қилаётганини иддао қилади.

Бу гуруҳга 2002 йилда асос солган 30 ёшли Муҳаммад Юсуф аввалига Майдугури шаҳрида масжид қурган ва етим-есирларнинг болаларига текин таълимни йўлга қўйган. Унинг зулм ва зўравонликни мақсад қилмагани, аксинча мамлакатда қонуний йўллар билан исломий давлат барпо қилиш учун кураш бошлагани ҳам баъзи манбаларда қайд этилади.

Нигерия полицияси берган маълумотга кўра эса, замонавий дунё ва ғарбона ҳаёт тарзини Исломга зид, деб билган бу гуруҳ энг бошданоқ мамлакатда шариат қонунларини ўрнатиш иддаосини қилиб келган. Шу боис, ҳукумат таъқибига учраган Муҳаммад Юсуф 2009 йилда махсус амалиёт чоғида қўлга олинди ва қатл қилинди.

Муҳаммад Юсуфнинг ўрнига қуролланган тўда бошига келган Абубакир Шикоий эса аввалига етакчининг муросакор кўрилган ғояларини сидириб ташлаб, ўрнига ўзининг муросасиз мақсадини илгари суради.

У ўз таълимоти ғарб ва замонавий дунёга тегишли ҳамма-ҳамма нарсани инкор қилиши, бунинг ўрнига пайғамбар Муҳаммад алаҳийссалом давридаги тартибни қайтаришга қаратилганини иддао қилади.

Ва гўёки, ширк ва куфрга қарши курашаётган "Боко Ҳарам" аскарлари бу кураш йўлида кўзига кўринган, қўлига илинган бойликни ўлжа сифатида қабул қилади, аёллар ва қизларни чўриларга, эркакларни қулларга айлантиради.

Деярли ҳар видео баёнотида "Оллоҳ" сўзини эринмай такрорлаган бу шахс сўнгги баёнотида: "Мен сизнинг қизларингизни ўғирладим. Оллоҳнинг амри билан мен уларни сотаман!" деб хитоб қилади.

Шу кунларда хитоблари миллионлаб одамнинг юрагига тиғдек санчилаётганини ҳис қилиб турган бу жинотячининг шахсига оид маълумот эса жуда оз ва ноаниқ. Унинг ёши 38 ёҳуд 49 да экани, Африка қитъасидаги бир неча тил, хусусан, классик араб ва хауса тилларида сувдек гапириши айтилади.

Унинг маълумоти олий экани - Борно штатидаги Исломий таълимот ва ҳуқуқшунослик коллежини якунлаб, фиқҳ бўйича олий маълумот олгани айтилади. Шунинг учун унинг тарафдорлари орасидаги яна бир номи "Тавҳид олими" қайд этилади.

Хуллас, 2012 йилдан бошлаб Нигерия ҳукуматига қарши жангариликни кучайтирган, террорчилик ҳужумларини оширган Абубакр Шикоий "Боко Ҳарам" охир-оқибат ўз давлати ва унга қўшни минтақаларда "Шариат қонунларининг ўрнатиши"га оз қолганини иддао қилиб келади.
XS
SM
MD
LG