Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:13

Рўзадор футболчилар маҳорати ЖЧ-2014 ўйинларидан унутилмас хотира бўлди


Бу йил Жаҳон чемпионати 1986 йилдан буён илк бор Рамазон ойига тўғри келди ва халқаро матбуотда мусулмон ўйинчилар рўза тутса, бу ўйин сифатига қандай таъсир қилади, деган савол аввалига қизғин муҳокама бўлди. Жазоирлик футболчиларнинг маҳоратли ўйинидан сўнг эса хавотирлар ховури босилиб, жамоатчилик диққати рўзадор футболчидаги куч-қуввати синоатларига кўчди.

Тақводор футболчилар матбуот диққатида:

Бу йил Рамазон ойига тўғри келган Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган ўнлаб футболчилар Бразилиянинг ўта иссиқ иқлимида 13-13,5 соатлик рўза оғиз билан майдонга тушдилар.

Шахсий дахлсизлик мавзуи бўлгани боис, бундай футболчилар номи ФИФА ёҳуд жамоалар томонидан расман эълон қилингани йўқ. Аммо, бу масала ўйин сифатига бевосита дахлдор бўлгани боис матбуотда кўтарилди ва баъзи футболчилар саволларга жавоб берди.

Франция жамоасидан Бакари Санья
Франция жамоасидан Бакари Санья

Жумладан, Германия терма жамоасидаги ўйинчи Месут Ўзил, Швейцария жамоасидан Жердан Шакирий, Гранит Жака ва Валон Беҳрамийлар соғлигига зарар етиши мумкинлиги важидан чемпионат давомида рўза тутмаслигини маълум қилди.

Лекин ибодати ва тақвоси билан бошқалардан ажралган яна баъзи мусулмон футболчилар: Франция жамоасидан Бакари Санья, Мамаду Сако ва Муса Сисоко, Германия термасидан Сами Хедира, Бельгия жамоасидан Муса Дембеле, Маруан Феллайни ва Аднан Янузайлар бу ҳақдаги қарорини очиқламасликни мақул топдилар.

Бельгия жамоасидан Аднан Янузай
Бельгия жамоасидан Аднан Янузай

Фақатгина мусулмон Жазоир терма жамоаси мураббийси ҳамда футболчилари бу ҳақидаги саволларга жавоб беришга мажбур қолдилар.

Боиси, Жаҳон чемпионати арафасида Жазоир матбуоти терма жамоа мураббийси ўйинчиларни рўза тутишдан қайтараётгани ҳақидаги танқидий мақолаларни чоп этгач, терма жамоа вакиллари матбуот анжумани ўтказди.

Жазоир жамоасининг босниялик мураббийси Вохид Ҳалилҳожич буни “шахсий масала ва бу ҳақда футболчиларни сўроқлаш уларга нисбатан ҳурматсизлик ҳамда аҳлоқ-одобга зид нарса”, деб билишини айтган.

Франция жамоасидан Карим Бензема
Франция жамоасидан Карим Бензема

Мен биринчи марта мусулмон ўйинчилар жамоаси мураббийлик қилаётганим йўқ. Мен ўзим ҳам мусулмонман. Мен ҳар доим бу масалада ўйинчиларни ўз ихтиёрига қўйиб берганман. Чунки, бу шахсий масала – ҳар қандай қарор шахсий фикр эркинлиги асосида қабул қилиниши лозим”, деди Бразилияда микрофон тутган журналистларга жавобан Ҳалилҳожич.

Жамоа ўйинчиси Набил Бинтолиб жамоа ўйичилари бир овоздан рўза тутиш ёки тутмаслик қарорини очиқламасликка келишганини айтди.

Франция жамоасидан Мамаду Сако
Франция жамоасидан Мамаду Сако

Жамоа сардори Мажид Бугерра эса ўз жавобини аниқлаштириб: “Мен жисмоний аҳволимга қарайман, албатта. Лекин, фикримча рўза тутаман”, деб жавоб берди.

Бироқ, жазоирлик ўйинчилар очиқ баёнот бермасалар-да, томошабинлар ўйин давомида Жазоир футболчилари бирор марта сув ичмаганини аниқ пайқадилар.

Профессионал футболчиларга берилган фатво:

Рўза тутиш ёки тутмаслиги ҳақида энг очиқ гапирган футболчи – Германия термасидаги турк миллатига мансуб Месут Ўзил уламолар билан маслаҳатлашиб рўза тутмасликка қарор қилганини айтди:

Германия жамоасидан Месут Ўзил
Германия жамоасидан Месут Ўзил

Мен рўза тутолмайман, чунки бу ерда иш билан бандман. Ҳозир етарлича суюқлик ичмасак ва овқат емасак, соғлигимизга жиддиён зарар етади. Бу ҳам Қуръонга зиддир», дейди Германияда оммавий спорт нашри бўлган kickerOnline саволларига жавоб берган Месут.

Дарвоқе, Бразилия мусулмонлари уюшмасининг вице-президенти Али Зоғбий ҳам бу борада жамоатчиликда пайдо бўлган саволларга телевидение орқали жавоб бераркан:

Агар оғир жисмоний машқлар қилаётганингизда емасангиз, ичмасангиз соғлигингизга фақат зиён етказасиз ва бу аллақачон исботланган ҳам. Шунинг учун, мусулмон футболчиларга маълум муддат рўза тутмасликка рухсат беришга етарли асослар бор”, дейди.

Франция жамоасидан Муса Сиссоко
Франция жамоасидан Муса Сиссоко

Йиллар давомида турли даражалар ва минтақаларда бўладиган спорт ўйинларининг Рамазон ойига тўғри келиб қолиши учраб туради.

Шу боис, Европа давлатларидаги уламолар ва Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети уламолари ҳам, агар Рамазон ойи у ёки бу чемпионатга тўғри келиб қолса ва узоқроқ муддатга сафар қилинса, профессионал футболчига қарзини кейин тутиб бериш шарти билан рўза тутмасликка рухсат беришган.

Хусусан, 2011 йилда футбол бўйича 20 ёшга тўлмаганлар ўртасида Буюк Британияда ўтган чемпионат ҳам Рамазон ойига тўғри келган, ўшанда тақвоси билан яхшигина танилган нигериялик ўсмирлар жамоаси чемпионатдан сўнг ибодатини адо этиш шарти билан рўза тутмагани матбуотда тилга олинган эди.

Рўзадор футболчилар "мўъжизаси" илмий тадқиқи натижаси:

Футбол – энг кўп жисмоний ҳаракат талаб қиладиган ва танадаги сув муттасил равишда сарфланадиган спорт туридир.

Бельгия жамоасидан Маруан Феллайни
Бельгия жамоасидан Маруан Феллайни

Шу боис, катта-кичик чемпионатларда ҳаво ҳарорати 30 даражага етганда, ҳар 30 дақиқада ўйинни тўхтатиб, футболчиларга сув ичишга имкон берилади.

Бу йил Жаҳон чемпионатида илк бор оламшумул ўйин кўрсатган Жазоир терма жамоаси ўйинчилар рўзадор ҳолида дунёнинг кучли командаларидан бири бўлган Германияга қарши профессионал ўйин кўрсатди.

ФИФА чемпионатлари доирасида мусулмон давлатларда ишлаган аксар тиббиёт ходимлари ҳамда физиологлар 27 - 28 даража иссиқда рўзадор футболчилар бу муваффақиятга эришишини “чиниққан мусулмон футболчиларнинг устунлиги” дея изоҳламоқда.

Зеро, шу вақтга қадар бу ҳодиса кўп бор илмий тадқиқ этилган.

Швейцария жамоасидан Жердан Шакирий
Швейцария жамоасидан Жердан Шакирий

Жумладан, АҚШдаги Биотехнологик тадқиқотлар миллий маркази 2011 йилда ёш профессионал футболчилардан 16 нафарини ихтиёрий равишда жалб қилиб, Рамазон пайтида спортчи танасидаги жисмоний ўзгаришни аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказган эди.

Натижада келинган хулосага кўра, агар рўза тутган футболчи жисмоний нагрузкани саҳарлик ва ифторликдан кейинги пайтга тўғри тақсим қилса, оғзи очиқ пайтида етарли даражада сув ичса ва тўғри овқатланса, бу унинг жисмоний ҳолати ва ўйини сифатига жиддий таъсир қилмаслиги аён бўлган.

Бельгия жамоасидан Муса Дембеле
Бельгия жамоасидан Муса Дембеле

Шу боис, саҳарликдан ифторликкача бўлган вақт 13—13 ярим соатга тўғри келаётган Бразилиядаги бу йилги чемпионат рўзадор футболчиларга бироз ёрдам бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Мусулмон давлатларда рўзадор футболчилар машғулоти:

Бразилиялик физиолог, ФИФА ўйинларининг аксариятида спортчиларга кўмаклашган шифокор Турбио Лейте араб давлатларида қўлланиладиган амалиётни тилга олади.

У Бирлашган Араб амирликларида узоқ йиллар ишлаганини қўшимча қиларкан: “Биз у ерда ишлаётган вақтимизда спортчиларни емак-ичмаксиз шуғулланишга мажбурламасдик ва машғулотларни кечаси ўтказардик”, дея хотирлайди.

Тақводор ўзбекистонлик футболчилар ҳақида:

Табиийки, ўзбекистонлик футболчилар орасида ҳам рўза тутаётганлари бормикин, деган ҳақли савол туғилади.

Ўзбекистолик бир неча спорт журналистининг бу саволга жавоби ўта умумий ва ўта бир-бирига яқин бўлди: "Намозхон, ибодатли ўзбекистонлик футболчилар бор, лекин айнан фалончи ёки пистончи, деб исмини айта олмайман".

Ўзбекистонда дин ва ибодатга тақиқ кучли бўлган бир шароитда бу саволга аниқ жавоб берилмагани сабабларини тушуниш мумкиндай кўринади.

Аммо, кўпгина маҳоратли футиболчилар билан мулоқотда бўлган, ўзбек ва дунё футболини муттасиз кузатиб борадиган ҳамда бу борада Озодлик эшиттиришларида иштирок этиб келадиган Бобур бир футболчининг номини тилга олди.

Қуйида унинг фикрлари ва айни мавзудаги эшиттиришни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:37 0:00
Бевосита линк

Бразилияда рўзадорнинг оғзи 13-13 яримга ёпиқ

Шу кунларда Бразилияда рўза оғиз билан 13 соат юриш керак. Эрталаб соат 5 яримда оғиз ёпилади, оқшом 5:50 ларда оғиз очилади.

Ҳаво ҳарорати кундузи 27-28 даража иссиқ ва бу эса Ўзбекистондаги ҳароратдан 15-20 даража паст. Аммо, ҳавонинг намлиги Тошкентдаги 13 фоиз бўлса, Бразилияда 75 фоиз.

Бундай иссиқ ва дим об-ҳаво шароитида 1 ярим – 2 соат майдонда югурмайдиган одамга ҳам рўза тутиш енгил иш эмас.

Шундай иссиқда рўза тутганини ошкор қилмай, Ислом динидаги асосий 5 фарздан бирини бажарган ўйинчилар 2014 йилги Жаҳон чемпионатидан мусулмон ишқибозлар учун унутилмас хотира қолдирди.

P.S: Жазоирлик футболчилар эса муҳташам ғалаба билан юртига қайтгач, "биздан кўра, уларнинг пулга эҳтиёжи каттароқ", дея чемпионатдан олган мукофот пулини фаластинликларга эҳсон қилди...

XS
SM
MD
LG