Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:38

Боласини Россия коллежида ўқитишни истаган она тартиббузарга чиқарилди


Коллеж талабалари дарсдан уйга қайтмоқда
Коллеж талабалари дарсдан уйга қайтмоқда

Россияда ишлаëтган ўзбек муҳожири Ўзбекистондаги коллежда таҳсил олаëтган қизининг ўқишини Россиядаги соҳадош коллежда давом эттириш истаги ортидан муаммолар гирдобида қолди. Онанинг бу ҳаракати ўзбек мулозимлари тарафидан тартиббузарлик деб баҳоланди.

Ўз фарзандини Россиядаги коллежда ўқитмоқчи бўлган тошкентлик она ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тартиббузарликда айбланмоқда.

Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган Мунира опа Ўзбекистондаги коллежда ўқиётган қизини Россиядаги соҳадош коллежга ўқишга олиб кетиш истагини билдирганида “балоғат ёшига етмаган фарзандини сабабсиз ўқишдан олиб қолди” деган айбловга дуч келганини айтиб, Озодликка мурожаат қилди.

Мунира опанинг 16 яшар қизи Гуласал Ўзбекистондаги коллежлардан бирида (коллеж манзили сир сақланмоқда. - Таҳр.) ўқийди. Ëз таътилида онасининг олдига борган Гуласал Россиядаги коллеж синовидан муваффақиятли ўтиб ўқишни давом эттириш ҳуқуқини ҳам олган. Аммо, Гуласал ўқиëтган Ўзбекистондаги коллеж раҳбарияти ўз ўқувчисининг ўқишни Россияда давом эттириш истагини қондирмаётир.

Мунира опанинг айтишича, коллеж раҳбарияти маълумотнома бермасдан ишни пайсалга солмоқда.

Ҳозир Россиянинг Тольятти шаҳрида яшаëтган Мунира опа айни пайтда қизини ўзбошимчалик билан ўқишдан олиб қолишда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги борасида расман огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, қизи ўқиган билим юрти маъмурияти бу аёл мурожаати ортидан Тошкент вилояти ИИБнинг Балоғатга етмаганлар билан ишлаш инспекциясига ҳам арз қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манбалар таъкидича, Балоғатга етмаганлар билан ишлаш инспекцияси тафтиши натижасида Мунира опа ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилиши ҳам мумкин.

Ўзбекистондан Россияга бориб истиқомат қилаëтганлар сони Россия Федерал Миграция хизмати берган маълумотга кўра, тўрт ярим миллиондан ошган.

Озодликка мурожаат қилган тошкентлик Мунира опа ана шу миллионлар сафидаги меҳнат муҳожирларидан биридир.

Озодлик Мунира опанинг сўровига кўра бу масалани суриштириб кўрганида, қизининг коллеждаги ўқишини бошқа давлат ҳудудидаги соҳадош билим юртига ўтказмоқчи бўлган она истаги мулозимлар тарафидан турлича баҳоланганини аниқланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манбалар таъкидича, Вазирлар маҳкамасининг "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини такомиллаштириш ҳақидаги" 369-сон қарорига кўра, Мунира опанинг қизи ўқишни Россияда давом эттириши мумкин.

Аммо манба таъкидича, Мунира опа бу борада қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилганида, ижобий натижага эришган бўлар эди.

"Мунира опа вазирликнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига қайта ариза ëзиши керак эди. Ўқишни кўчириш тўғрисидаги ариза касб-ҳунар таълими маркази томонидан ариза берилган кундан бошлаб 15 кун мобайнида кўриб чиқилади. Марказнинг ёзма жавоби тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига юборилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси олинган жавоб асосида ариза берувчининг ва тегишли таълим муассасаларининг манзилига хат юборади. Бу ҳолда Мунира опа ўз қизини атайлаб ўқишдан олиб қолди, дея ҳуқуқбузар сифатида жавобгарлика тортилмайди”, деб таъкидлади Озодлик манбаси.

Айни пайтда манба 16 яшар балоғатга етмаган қизнинг ўз ўқишини Россиядаги коллежга кўчириши бироз қийин жараëн эканини ҳам тан олди:

“Одам савдоси, деган масала бор. Қанча қизлар Россияда одам савдоси қурбони бўлиб кетяпти. Шунинг учун бу масала ота-оналар¸ маҳалла қўмиталари¸ ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида жиддий кўриб чиқилади ва бу кўп ҳолларда узоққа чўзилади”, дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра, Мунира опанинг қизи ҳарбий бўлмаган колежда ўқигани боис, қонун бўйича ўқишни бемалол Россиядаги соҳадош коллежга кўчириб давом эттириши мумкин.

“Ҳарбий коллеж ўқувчиларини Россиядаги коллежга кўчирмаслик ҳақида чеклов бор. Аммо бу чеклов гуманитар соҳада ўқийдиган Мунира опанинг қизига тааллуқли эмас", деди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, масала ижобий ҳал бўлган тақдирда 3 кун муддатда ўқувчининг ҳужжатлари янги ўқиш жойига юборилади.

Бу манба бундай оилалар кўплиги, яқинда ҳам Туркияга ишлагани кетган бир оила фарзанди ўқишини Туркияга кўчиришганини айтиб берди.

Шунингдек, айни манба ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчиларининг ота-онаси доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда ўқувчининг ўқишдан четлаштирилиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.

XS
SM
MD
LG