Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:03

Ҳазораспда икки “ГАИ” ходими аварияда ўлди, яна иккиси зўравонликда айбланмоқда


Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг икки инспектори 14 сентябрь куни тунда содир бўлган аварияда ҳалок бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, улар бошқараётган хизмат автомобили йўлдан чиқиб кетиб зовурга ағдарилган ва инспекторлар машинадан чиқолмай сувда димиқиб ўлган. Бошқа бир ҳодисада, Хоразмнинг Ҳазораспида икки фуқарони калтаклаган ЙПХ ходимлари устидан жиноят иши очилди.

Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг 14 сентябрь куни ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи Озодлик манбаси етказди:

“Авария содир бўлган Пичоқчи қишлоғининг четида сув заҳкаш (зовур) бор. Унинг ёнидан Ҳазорасп-Урганч автомобил йўли ўтади. 14 сентябрь куни эрталаб ана шу захкашда йўл ҳаракати хавфсизлигига қарашли “Матиз” автомобилининг ағдарилиб ётганини пичоқчилик Матёқубов деган одам кўриб қолиб, милисага хабар берган. Машинанинг ичида икки нафар инспектор бор экан, иккиси ҳам ўлиб ётган экан. Айтишларича, улар ғирт маст бўлган экан”, деди манба.

Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими авария натижасида икки нафар инспекторнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади:

“Бу йигитлар 27 ёшли Ортиқбой Мавлонов ва 29 ёшли Жасурбек Машарипов бизнинг 4-сафарбарлик гуруҳининг йўл патрул хизматида инспектор бўлиб ишларди. Биздаги маълумотга кўра, улар ўша куни сўнгги протоколни 14 сенятбрь куни эрта тонгда, соат учларда ёзган. Кейин йўлда кетаётиб, постга юз метрлар қолганда авария бўлган. Тахминимизча, йигитлар чарчаб рулда ухлаб қолган ва машина йўлдан чиқиб захкашга ағдарилган. Уларнинг баданида бошқа хил жароҳатлар бўлмаган. Ҳушидан кетиб сувда димиқиб ўлган, деган хулоса қилиняпти”, деди мулозим.

ИИБ вакили инспекторларнинг спиртли ичимлик истеъмол қилиб, рулга ўтирганига доир иддаоларни рад этди.

Бу сўнгги ҳафтада хоразмлик йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари билан боғлиқ содир бўлган биринчи воқеа эмас.

Икки фуқарони калтаклаган милициячиларга жиноят иши очилди

Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг яна икки нафар инспектори бир машинани тўхтатиб, ҳайдовчиси ва йўловчисини калтаклаганликда айбланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳазорасплик манбага кўра, ҳайдовчи ва йўловчининг калтакланиши тасодифан видеога ёзилиб қолган:

"Иккита йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори "Кобальт" русумли автомобил эгаси ва ундаги йўловчини ҳаддан зиёд калтаклашган. Улар тўйни съёмка қилгани кетишаётган бўлган. Камера эса ёниқ ҳолатда қолган. Йигитлар қаттиқ жароҳат олишгани сабабли касалхонага ётқизилган. Видеотасвир диски эса вилоят прокуратурасига топширилган", деди манба.

Манбанинг айтишича, воқеадан бир кун аввал автомобил эгаси ЙПХ ходимининг тўхташ ҳақидаги буйруғига бўйсунмагани учун инспекторлар шу тариқа ҳайдовчидан ўч олган.

Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда бу ходимлар устидан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади:

"Ҳа, Маткарим ва Жавлон деган сержантлар шундай иш қилган. Бу воқеа Ҳазорасп туманида содир бўлган. Воқеа видеога олинган экан, дискни биттаси МХХга, биттаси прокуратурага берилган. Ҳозир прокуратура улар устидан жиноят иши қўзғатган. Ҳайдовчи ва унинг шеригини калтаклашда айбланаётган инспекторлар ҳозирча очиқда, ички текширув олиб бориляпти", деди бошқарма мулозими.

Ўзбекистонда пахта мавсуми давом этаётгани боис, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари хавфсизликни таъминлашга сафарбар этилган. Инспекторларга кундуз кунлари бозорлар яқинида ва йўлларда автомобиллар қатновини камайтириш вазифаси топширилган.

Туманлардаги савдо шохобчалари ва бозорлар асосан кечаси фаолият юритмоқда.

Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан туманларга сафарбар этилган инспекторлар ҳам дам олмасдан, суткалаб ишлашга мажбур бўлаётгани айтилади.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан боғлиқ нохуш ҳодисалар бўлиб туради.

Жорий йилнинг 23 апрель куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида милициянинг йўл-патрул хизмати машинаси уч кишидан иборат оилани босиб кетган эди. Автоҳалокат натижасида беш ёшли қизча ва унинг тоғаси ҳалок бўлган, ойиси эса оғир аҳволда касалхонага ётқизилган эди.

XS
SM
MD
LG