Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:58

Чориевлар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилди


Баҳодир Чориевнинг хотини паспортига унинг фуқароликдан чиқарилганлиги ҳақида ëзилган
Баҳодир Чориевнинг хотини паспортига унинг фуқароликдан чиқарилганлиги ҳақида ëзилган

АҚШда бошпана топган “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг қариндошлари Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилган. Чориевнинг укаси хотини билан эски паспортларини янгисига алмаштириб беришни сўраб АҚШдаги ўзбек Консулхонасига мурожаат этишганида уларга фуқаролиги бекор этилгани ҳақидаги ҳужжат берилган.

Сешанба куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги Консулхонаси “Бирдамлик” етакчисининг 39 ёшли укаси Бурхон Чориев ва унинг турмуш ўртоғи Шаҳло Назаровларга ўзбек фуқаролигидан маҳрум қилинганликлари тўғрисидаги маълумотномани берган. Бу ҳақда дастлаб Uznews.net хабар берди.

Бурхон Чориев Нью Йоркдаги Ўзбекистон Консулхонасига ўзи ва хотинининг эски ўзбек паспортларини янги биометрик паспортга алмаштириш юзасидан мурожаат қилганида, уларга фуқароликдан махрум этилганликлари ҳақидаги 2014 йил 28 апрелдаги фармонини беришган.

Бундан аввал - 20 сентябрь куни Баҳодир Чориевнинг турмуш ўртоғи Феруза ва унинг ўғли Ўзбекистонга киритилмаган эди.

Қўлида муддати тугамаган паспорти бўлган Ўзбекистон фуқароси Феруза Хуррамова Тошкент аэропортидан ортга қайтарилган.

Махсус хизмат ходимлари Хуррамовани Ўзбекистон президенти фармонига биноан шу йил апрелда фуқароликдан маҳрум этилганидан хабардор қилди ва бу ҳақда унинг паспортига муҳр урган.

АҚШда яшовчи "Бирдамлик" етакчиси ўз қариндошларининг Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинишини ўзининг сиёсий фаолияти учун ўч олиш, деб баҳоламоқда.

У ўз қариндошларининг фуқароликдан махрум этилгани санаси "Бирдамлик" қурилтойи ўтган кунга тўғри келаётганига эътибор қаратади.

Шу йилнинг 26-27 апрель кунлари АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида “Бирдамлик” қурултойи бўлиб ўтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Чориевнинг 72 ёшли отаси Ҳасан Чориев шу йил бошида қамоқдан чиқиши ортидан оламдан ўтган эди.

Чориев ўтган йил июнида қашқадарёлик 19 яшар аёлнинг номусига тажовуз қилишда айбланиб ҳибсга олинган ва Тошкент вилоят маҳкамасининг қарори билан 5 йилу 2 ой қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Баҳодир Чориев ва бир қатор ҳуқуқ фаоллари Ҳасан Чориевнинг сохта айблов билан қамалишини сиёсий бюртма ҳамда ўч олиш сифатида баҳолаган эдилар.

Отахон шу йилнинг январь ойида амнистия асосида Товоқсойдаги қамоқхонадан муддатидан олдин озод этилганди.

XS
SM
MD
LG