Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Прокурор поччаси ишдан ҳайдалган Тошкент вилоят милицияси бошлиғи ҳам кетди


Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов Марказий банк раисининг ўғли ҳамдир.
Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов Марказий банк раисининг ўғли ҳамдир.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов ишдан олингани айтилмоқда. Бу ҳақда хабар қилган Узметроном нашри Тошкент вилояти милицияси бошлиғи Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулло Муллажоновнинг ўғли эканини эслатди. Бу хабарни Озодлик манбалари ҳам тасдиқлади. Шу ой бошроғида Муллажоновлар оиласининг куёви Қибрай тумани прокурори ҳам ишдан олинган эди ва бу икки ҳодиса Ўзбекистонда катта нуфузга эга Файзулло Муллажонов шахси билан боғланмоқда.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов ишдан четлатилгани ҳақида ишончли манбаларига таяниб, Узметроном нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Муллажоновнинг Тошкент милицияси раҳбарлигидан олиниши унинг бошқа вилоят, эҳтимол, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига бошлиқ қилиб ўтказилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Лекин бошқа манбалар, Ўзбекистоннинг энг нуфузли шахсларидан бири ҳисобланган Марказий банк раиси Файзулло Муллажоновнинг ўғли бутунлай ички ишлар тизимидан четлатилганини айтишмоқда, дейди Озодлик билан суҳбатда, Узметроном нашри бош муҳаррири Сергей Ежков.

- Битта версияга кўра, уни Самарқандга ўтказишгани айтилмоқда. Лекин бошқа версияга кўра, уни кўчага ҳайдашаётганини эшитдим. Мен иккинчисига кўпроқ ишонаман, дейди журналист Ежков.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги вакиллари, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бу хабарни на тасдиқлашди, на инкор қилишди. Лекин ички ишлар вазирлиги мутасаддиси ҳозирда Абдумажид Муллажонов меҳнат таътилида эканини билдирди. Шу билан бирга Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси вакили эса, вилоятга янги бошлиқнинг келиши кутилмаётганини билдирди.

Айни пайтда полковник Муллажонов ишдан олингани ҳақидаги хабарни унинг отаси, Марказий банк раисига яқин бўлган Озодлик манбаси тасдиқлади. Манбанинг айтишича, Муллажонов ҳақиқатан Тошкент вилояти ИИБсидан ишдан кетган. “Лекин унинг ё Самарқанд, ё Наманган вилоятига ўтяпти, деб айтишди”, деди манба.

Тошкент милицияси мулозими Ўзбекистон ҳокимиятидаги нуфузли фигуралардан бири Файзулла Муллажоновнинг ўғли эканини қайд этган Узметроном нашри икки ҳафта аввал унинг куёви, Қибрай тумани прокурори Алишер Абдусаломов ишдан олинганини эслатади. Прокурор Абдусаломов Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовнинг ўғлидир. Узметроном муҳаррири Ежков ўғил билан куёвнинг ишдан олингани Марказий банк раиси шахси билан боғлиқлигини тахмин қилади.

- Аниқ сабабини айтиш қийинкуя, лекин бу менимча Муллажонов билан боғлиқ бўлса керак. Чунки аввал куёви, энди ўғли ҳам ишдан олиниши тасодиф бўлиши қийин. Бошқа тарафдан бу ўғил ва куёвларнинг ҳам ўзига яраша қилмишлари бор. Тўғри Муллажонов ёки Мирзоулуғбек Абдусаломовлар ўз жойларида қолмоқда. Лекин бунинг хайрон қоладиган жой йўқ, чунки ҳозир сайлов олдидан бундай жиддий ўзгаришларга ҳожат йўқ. Бизда бундай нарсалар, бировни ҳуркитмаслик учун, ими-жимида қилинади, дейди журналист.

Тошкент вилояти милицияси бошлиғининг поччаси, Қибрай тумани прокурори Алишер Абдусаломов пахта кампаниясида етарли жонбозлик кўрсатмаганлик айби билан 10 октябрь куни ишдан олинган эди. У билан бирга Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани прокурори Умид Муҳаммедов ҳам ишдан четлатилган эди.

Жорий йил бошидан бери Ўзбекистон куч ишлатар идоралари таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берганини эслатиш жоиз. Қисқа муддат ичида Миллий хавфсизлик, ички ишлар вазирлиги, божхона қўмитаси каби идораларининг юзлаб мулозим ва ходимлари ишдан олинди ва ёки ҳибгса олинди.

XS
SM
MD
LG