Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:18

Ўзбекистонда “сайлов бўлиб ўтди” дейиш учун 4 соат кифоя қилди


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Тошкент вақти билан соат 10 га қадар сайлов рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 34 фоизи участкаларда овоз бериб бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасига мувофиқ, парламент сайловида сайловчиларнинг 33 фоизи иштирок этиши расмийларнинг “сайлов бўлиб ўтди” дея хулоса чиқариш учун етарлидир.

Бугун ўзбекистонликлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият кенгашларига депутат сайлаш учун овоз бермоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар қилишича, 21 декабрь куни эрталаб соат 6.00 дан мамлакатдаги 135 сайлов округидаги барча сайлов участкалари очилган.

Бу гал 8991 сайлов участкасида овоз беришда иштирок этиш учун 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчи сайлов рўйхатларига киритилган. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси қайдига кўра, сайлов участкалари очилганидан кейин ўтган тўрт соат мобайнида сайловчиларнинг учдан бири ёки 7 миллиондан кўпроқ сайловчи овоз беришга улгурган.

Тошкент вақти билан соат 13 га қадар эса, Ўзбекистон МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовга кўра, 51 фоиздан зиёд сайловчи овоз бериб бўлган.

Амалдаги тартибга кўра, ўзбекистонликлар бугун сайловда овоз бериш ҳуқуқидан соат 20.00 га қадар фойдаланишлари мумкин.

Айни пайтда ўзбекистонлик айрим сайловчилар маҳаллий сайлов комиссияси масъуллари ишни тўғри ташкил этолмагани туфайли овоз беришга бормаганини айтмоқдалар. Хусусан, тошкентлик Абдуқаҳҳор аканинг айтишича, унинг уйида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 9 киши бўлганига қарамасдан, улардан бирортасига чақириқ қоғози келмаган.

- Бизга қоғозини ҳам бергани йўқ. Ўзлари белгилашворса керак-да. Кўп жойда болалар айтаяпти: “(сайловга чақириқ қоғози) бермаяпти, келмаган ҳам”, дейди. Айниқса, мана бу Қибрай туманида болалар бор. Ўшалар: “Вообше келмадиям”, дейишди, - деди Абдуқаҳҳор ака.

Сурхондарёлик Бобомурод ака эса бунақа муаммога дуч келмабди ва эрталаб ўзи рўйхатдан ўтган сайлов участкасига бориб, ўзи танлаган номзод учун овоз бериб келибди.

Жиззахлик Турдимурод ака ҳам сайлов участкасига боргани, у ерда овоз бериш учун навбатда турган тумонат одамга дуч келгани, одамларнинг кайфияти кўтаринки эканини айтди.

Бироқ самарқандлик Холиқназар ака фикрича, сайлов куни кайфият кўтаринки бўлишига сабаб бўладиган омилнинг ўзи йўқ. У киши билан қош қорайишига яқин суҳбатлашдик.

- Сайловга ўзи иккиланиб ўтиргандим: “Борайми, бормайми” деб. Бормасликка кўпроқ мойил эдим. Ҳақиқатан, бормай ўтирибман. Бунга асосий фактор сайловнинг сайлов эмас, тайинлов эканлигидир. Бундан ташқари, ўзи ташқарига чиқишга соғлиғимнинг мазаси ҳам йўқ. Шунинг учун борганим йўқ, бормоқчи ҳам эмасман, - деди самарқандлик Холиқназар ака.

Эслатиб ўтамиз, парламент сайловларида қатнашиш учун Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси тўрт партия - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси кабиларни рўйхатга олган. Бу партиялардан сайловда иштирок этиш учун 535 номзод кўрсатилган.

Айни пайтда мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” партиялари ҳамда “Бирдамлик” ҳаракати вакиллари парламент сайловида иштирок этмаяпти. Айрим мухолифатчилар бу сайловларни бойкот қилиш чақириғи билан чиққан бўлсалар, айримлари сайловга норозилик ўлароқ оқ кийим кийишга, бошқалари эса ўз тарафдорларини демократияга мойилроқ номзодлар учун овоз беришга чақирмоқдалар.

Ўзбек расмийлари галдаги парламент сайловини кузатиш учун Осиё, Европа, Африка ва Американинг 50 дан ортиқ давлатидан кузатувчилар келганини иддао қилмоқда.

Айни пайтда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик муассасалар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот вакили Рэйчел Бендинг аввалроқ Озодликка 21 декабрь куни ўтказилажак сайловга ЕХҲТ тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юбормаслигини билдирганди.

- ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайловда мусобақа муҳити чеклангани сабабидан тўлақонли кузатувчиларни юборишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайди, - деганди Рэйчел Бендинг.

Ўзбек расмийлари маълумотига кўра, якшанба куни бўлиб ўтадиган сайловни ёритиш учун 340 дан зиёд чет эллик журналист аккредитациядан ўтган.

XS
SM
MD
LG