Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

Россия Қирғизистон фуқаролик жамиятини ўз назоратига олмоқчи (Янгиланди)


КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа (чапда) Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан.
КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа (чапда) Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа ўз ташкилоти Қирғизистондаги фуқаролик жамиятини назоратга олишдан манфаатдор эканини ошкор қилганидан сўнг “Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасиқирғиз парламентига қайта тақдим этилди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа ўз ташкилоти Қирғизистондаги фуқаролик жамиятини назоратга олишдан манфаатдор эканини ошкор қилганидан сўнг “Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси қирғиз парламентига қайта тақдим этилди.

Қирғизистон парламенти депутати Ширин Айтматова 10 март куни “Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси яна қайта парламентга тақдим этилгани ҳақида маълум қилди.

-Мазкур лойиҳа Россиядаги нодавлат ташкилотларига бўлган муносабатга тақлиддир. Бизда ҳозир Россия қонунларига тақлидан қонунларни қабул қилиш амалиёти кузатилмоқда. Қонун лойиҳаси қонунчилик, ҳуқуқ ва жиноятчиликка қарши кураш қўмитасида бугун муҳокама қилинди. Қўмита аъзолари бу лойиҳага бетараф муносабатда бўлишди ва қўмитанинг мендан ташқари аъзолари қонун лойиҳасини қўлллаб, уни парламент сессиясида муҳокама қилиш учун овоз беришди, -деди Ширин Айтматова.

Россияда бундан уч йил аввал “Хориж агенти” тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди. Мазкур қонун асосида Россияда кўплаб нодавлат ташкилотлари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ва фуқаролик жамиятига қаттиқ зарба берилган эди.

Ўтган йили эса Қирғизистон парламенти Россия қонунига ўхшаш қонун лойиҳасини муҳокама қилган. Фуқаролик жамиятининг қаттиқ норозилиги, Қирғизистон Адлия вазирлигининг қаршилик билдиргани оқибатида қонун қабул қилинмай қолган. Аммо бугунги кунда ҳам қонун муаллифлари мазкур лойиҳани олға суриб келаётганди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа 6 март куни Қирғизистонда нодавлат ташкилотларининг кўплиги ва фуқаролик жамиятининг фаоллиги миллий хавфсизлик учун таҳдид туғдиради, деб баёнот ҳам берган эди.

- Нодавлат ташкилотларининг кўпчилиги ғарб давлатлари томонидан молия билан таъминланишини эсдан чиқармаслик керак. Биз хориждан молияланган нодавлат ташкилотларидан айрим давлатларда сиёсий масалаларни ечишда фойдаланилганига, мамлакат яҳлитлиги ҳамда хавфсизлигига таҳдид солганига кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз. Бу қандай оқибатларга сабаб бўлишини Украина мисолида кўриб турибмиз. Биз фавқулодда вазиятлар, хавфсизлик органлари билан ҳамкорликда бу йўналишда ишлаяпмиз. Биз тўғри иш қилаяпмиз, деб ҳисоблаймиз, - деди Николай Бордюжа Москвада қирғизистонлик журналистлар учун ўтказган махсус матбуот анжуманида.

Россиядаги йирик нодавлат ташкилоти бўлган “Голос” ассоциациясининг ижрочи директориГригорий Мельконьянц Кремль ўз таъсири остида бўлган минтақа давлатларида фуқаролик жамиятини назоратга олиш иштиёқида экани ва шунинг учун ҳам Марказий Осиё мамлакатларида “хорижлик агентлар” тўғрисида қонун қабул қилиниши учун сиёсий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди:

-Россия Марказий Осиёни ўз таъсири остидаги давлатлар қаторида қабул қилгани учун ҳам, минтақада “хорижлик агентлар” тўғрисидаги қонунлар қабул қилинишига ҳаракат қилади. Бу қонун фаол фуқаролик жамиятини фаолият юритиш имкониятидан маҳрум қилади. Ҳукуматни танқид қилган нодавлат ташкилотлари тазйиқ ва босимга учрайди. Россия бу борадаги ўз тажрибаси билан нафақат собиқ совет давлатлари, балки Хитой билан ҳам ўртоқлашиши мумкинлигини бир неча бор билдирган, - деди Григорий Мельконьянц.

Қонун муаллифларидан бири Нуркамил Мадалиев, Қирғизистон парламентига тақдим этилган қонун лойиҳасида,агар нодавлат ташкилоти хориж давлатлари томонидан молиялаштирилаётган бўлса, мазкур ташкилот хориж агенти, деб топилиши мумкинлиги белгилаб қўйилгани ҳақида маълумот берган.

Депутат Ширин Айтматова эса Қирғизистон ҳукумати хориж ҳукуматлари томонидан берилаётган ёрдам пуллари эвазига яшаётган бир пайтда нодавлат ташкилотларини “хориж агентлари” эканликда айблаш кулгили бўлишини айтиб, қонун лойиҳасига эътироз билдирган.

Қирғизистонда айни пайтда ўн мингдан ортиқ нодавлат ташкилотлари фаолият кўрсатади.

Нодавлат ташкилоти — бу жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни ўз аъзолари ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Нодавлат ташкилотлари халқаро майдонда мамлакатларнинг демократик, ижтимоий, иқтисодий тараққиёти, инсон ҳуқуқларинининг ҳимоя қилиниши соҳаларида беқиёс кўмакчи сифатида кўрилади.

XS
SM
MD
LG