Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:29

Машинада уч кишини босиб ўлдирган милиционер авф қилинди


Ўзбекистонда ўтган йил декабрида эълон қилинган амнистияга мувофиқ, мамлакат қамоқхоналарида жазо ўтаëтган ўндан ортиқ милиция ходими авф қилинган.
Ўзбекистонда ўтган йил декабрида эълон қилинган амнистияга мувофиқ, мамлакат қамоқхоналарида жазо ўтаëтган ўндан ортиқ милиция ходими авф қилинган.

Ўтган йилнинг июль ойида машинани маст ҳолда бошқариб, уч кишини босиб ўлдирган хўжайлилик милиция ходими қамалишидан 8 ой ўтмай озодликка чиқди. Ўзбекистонда ўтган йил декабрида эълон қилинган амнистияга мувофиқ, мамлакат қамоқхоналарида жазо ўтаëтган ўндан ортиқ милиция ходими авф қилинган.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида милиция ходими бўлиб ишлаган 27 яшар Ғайрат (фамилияси ошкор қилинмаслиги сўралди - таҳр.) маст ҳолда машинасида уч кишини босиб ўлдиргани учун 8 йилга қамалган эди.

Хўжайлидаги Озодлик манбаларининг айтишича¸ собиқ милиционер орадан 8 ой ўтмасдан амнистия акти қўлланиб, озод этилган.

Ўтган йилнинг 6 июль куни 27 ёшли милиция ходими “Нексия” русумидаги автомобилни маст ҳолда бошқаргани оқибатида уч кишини босиб кетган эди. Қурбонларнинг икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бири эса касалхонада жон берган эди.

Воқеа ортидан хўжайлилик милиционер ҳибсга олинган ва Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” моддаси бўйича суд томонидан айбдор, деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Уч одамнинг ëстиғини қуритган собиқ милиционер қамоққа олинганидан 8 ой ўтиб, Ўзбекистон Конституцияси 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия бўйича қамоқдан озод қилинган.

Ўзбекистонда ўтган йил декабрида эълон қилинган амнистияга мувофиқ мамлакат қамоқхоналаридаги 3135 нафар маҳбус озодликка чиқарилган.

Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасидаги манбаларнинг айтишича, амнистия туфайли озод қилинганлар ичида ўндан зиëд собиқ милиция ходимлари бор.

Тошкентнинг Чилонзор туманида уч кишини босиб кетган, пировардида 5 яшар қизча ва 33 ёшли эркак ўлимига сабаб бўлгани учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган милиция ходими Бахтиёр Толипов қамалганидан ярим йил ҳам ўтмай амнистия актига кўра озодликка чиқарилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг шу йил 14 ноябрида ўтказилган 16-ялпи мажлисида мамлакат Конституцияси қабул қилинган куннинг 22 йиллиги муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги қарор қабул қилинганди.

Амнистияга кўра, илк бор жиноят содир қилган аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари жазодан озод қилиниши лозим эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда киши ўлимига сабаб бўлмаган бўлса-да, расмийлар истагига кўра амнистияга тушмайдиган маҳбуслар борлиги айтилади. Бу асосан диний ва сиёсий сабабларга кўра қамалган шахслардир.

Ўзбекистон ҳукумати қонунчиликда сиёсий жиноят моддасининг йўқлиги боис мамлакатда “сиёсий мотивлар” билан қамалганлар йўқлигини айтиб келади. Расмийлар фикрича, фуқаролар тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиб, тинчлик ва хавфсизликка ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда сиёсий мухолифат вакиллари йиллар давомида Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-1, 244-2 моддалари асосида қамалган ва "сиёсий маҳбус" деб аталадиган маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланмай келаётганига оид ҳисоботларини чоп этиб келадилар.

Бу ҳисоботларда Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжонов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов ва бошқаларнинг исмлари тилга олинади.

XS
SM
MD
LG