Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:20

Йоҳанн Биҳр: “Бугунги Ўзбекистонда демократик сайлов бўлиши имконсиздир”


RSFнинг Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари бўлими раҳбари Йоҳанн Биҳр
RSFнинг Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари бўлими раҳбари Йоҳанн Биҳр

Қароргоҳи Парижда бўлган “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters sans frontières) ташкилоти “Эркин матбуот кушандаси” ўлароқ тавсифланмиш ва Ўзбекистондаги президент сайловида яна бир бор ғолиб топилмиш 77 ёшли Ислом Каримов бундан буён ҳам матбуотни цензура қилиш ва мамлакатни қаттиққўллик билан бошқаришда давом этиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 30 март куни эълон қилинган баёнотида Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов қонунларни менсимаслиги, ҳатто мамлакат конституциясидаги бир шахснинг икки мартадан ортиқ президент бўлолмаслигига оид моддасини ўзгартиришга ҳам ҳафсала қилмагани танқид қилинган.

“Кечаги сохта сайловлардан кейин у яна пинак бузмай тўртинчи президентлик муддатини бошлашга ҳозирламоқда”, дейилади ташкилот баёнотида.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари бўлими раҳбари Йоҳанн Биҳр фикрича, 29 март куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайлови билан ўзбек халқини табриклаш учун, афсуски, асос йўқ. Чунки...

- Якшанба куни бўлиб ўтган сайлов ҳақиқий сайловга ўхшамайди ва бундай бўлишига аслида оммавий ахборот воситалари эркинлиги билан боғлиқ вазият сабабдир. Чунки плюрализмнинг ҳеч қанақа унсури бўлмаган мамлакатда чинакам сайловолди кампанияси ҳам, ҳеч қандай баҳс-мунозара ҳам, мамлакат ўтмиши ва келажагига оид бирор-бир муқобил қараш ҳам бўлиши мумкин эмасди. Плюрализм бўлмаган мамлакатда демократик сайлов бўлиши ҳам имконсиздир, - дейди Йоҳанн Биҳр.

“Баёнотингизда бошдан-оёқ пессимистик руҳ ҳукмрон, наҳот Ўзбекистонда бирор-бир ижобий ўзгариш бўлишига ишонч йўқ сизда” деган саволимизга “Чегара билмас мухбирлар” вакили қуйидагича жавоб берди.

- Афсуски, бу ерда мен оптимизм учун арзирли сабабларни кўрмаяпман. Ўзбекистон “Матбуот эркинлиги индекси”да жаҳондаги 180 мамлакат орасида ҳали ҳам 166-ўринни эгаллаб турибди.

10 йиллар аввал Интернет ривожланиши билан боғлиқ равишда кичик бир умид бор эди бизда. Чунки анъанавий оммавий ахборот воситаларида плюрализм бўлмагани билан Интернетда мустақил нашрлар ва мухолифат ресурслари бор эди. Бироқ Андижон воқеаларидан кейиноқ уларга мамлакат ичида тўсиқ қўйилди. Ўшандан буён расмийлар Ўзбекистонга оид интернет сегменти устидан назоратни кучайтириб келаяптилар.

Бу ерда яна Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирган камида 9 нафар маҳбус журналист тақдири ҳақида эслатиб ўтишни истардим. Улар орасида Муҳаммад Бекжон ва Солижон Абдураҳмонов каби журналистлар жуда ёмон шароитда сақланмоқдалар ва биз бу журналистлар соғлиғидан қаттиқ хавотирдамиз.

Айни пайтда, шароит шундай оғирлигига қарамай, мамлакат ичида фаолият юритаётган оз сонли мустақил журналистлар бор. Уларнинг кураши таҳсинга сазовор ва биз уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашимиз лозим, - дейди Йоҳанн Биҳр.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили жаноб Биҳр Ўзбекистон ташқарисидаги диссидентларга тегишли бир қанча ресурсларга қилинган ҳужумни сўнгги пайтларда кузатилаётган яна бир хавфли тенденция эканини таъкидлади.

77 ёшга кирган ва Ўзбекистонни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов президент сайлови олдидан демократия ва сўз эркинлиги ҳақида умидбахш нутқлар сўзлаганини урғулаган Йоҳанн Биҳр унинг бу ваъдаларига ишонишни исташини, бироқ Ўзбекистонда матбуот эркинлиги борасида туб ислоҳотлар бўлишига кўп ҳам умид қилмаётганини яширмади.

XS
SM
MD
LG