Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Бахтиёр Тўхтаматов: "Истеъфо беришимга сиёсий фаолиятим сабаб бўлди"


Қирғизистондаги ягона ўзбек театрига “Давлат Академик театри” мақоми берилишига эришган ва мазкур санъат даргоҳига деярли 30 йил раҳбарлик қилган Бахтиёр Тўхтаматов сиёсий фаолияти туфайли ўзига босим кўрсатилиши ортидан лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлганини айтмоқда.

Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек Давлат Академик театри раҳбари Бахтиёр Тўхтаматовнинг ишдан олиниши тўғрисидаги миш-мишлар бир йил аввал пайдо бўлган эди. Жорий йил бошидан эса бу борадаги гап-сўзлар жуда кучайиб кетганди. Бахтиёр Тўхтаматовнинг ўзи эса бу миш-мишларга изоҳ бермай келган.

Аммо Озодлик радиосига маълум бўлишича, Бахтиёр Тўхтаматов 2 апрель куни ўз ихтиёри билан ариза ёзиб, ишдан кетган. Тўхтаматовнинг ўзи бу борада мана бундай тушунтириш берди:

- Ҳар ишни ўзини вақти бўлар экан. Мана, 64га кирдим, 26 йил директорлик қилдим. Чарчадик, озгина дам олайлик, бошқа ишлар билан шуғулланайлик, ёшлар келиб ишласин, биз уларга мураббий, устоз қаторида ёрдам берамиз деган умидда, шундай ёшга етказганига Оллоҳга шукурлар қилиб нафақага чиқаяпмиз. Бу ҳар ҳолда жуда оғир ва қийин қарор бўлди. Бу ички қарор. Сабаби 26 йилдан бери театрда ишлаб, театрни Қирғизистонда биринчилардан бўлиб академик театр қилганимиз, бу ҳам бўлса ўзбек маданиятини, ўзбек санъатини Қирғизистон ҳукуматини, қолаверса қирғиз халқини бизга берган юксак баҳоси деб ўйлайман, - дейди Бахтиёр Тўхтаматов.

Ўшда йил бошидан буён тарқалган гап-сўзларга қараганда, сўнгги пайтларда Бахтиёр Тўхтаматов ва театр жамоаси ўртасида кучли зиддият юзага келган, бунинг ортидан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси театрда текширувлар ўтказиб, молиявий камчиликлар борлигини аниқлаган. Масалан, театрга умуман алоқадор бўлмаган бир қатор одамларга ойлик иш ҳақи тўлаб келингани аниқланган, деган маълумотлар тарқатилган.

Бахтиёр Тўхтаматов эса ҳукуматга мухолифатда бўлган ва Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматов асос солган “Улуттар биримдиги” сиёсий партиясига аъзо бўлгани ҳамда мазкур партиядан Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига сайлангани ортидан ўзига нисбатан босим кўрсатиш ниятида мана шундай ҳаракатлар қилинганини билдирмоқда:

- Театрда ишламайдиган одамларга ойлик берилмаган. Бунинг ҳаммаси менинг бошқа партияга, яъни “Улуттар биримдиги”га аъзолигим учун бўлган, деб ўйлайман. Бундан ташқари текширувчилар бизнинг театрдан икки одам ариза ёзганини айтган. У одамлар эса: “Йўқ биз ёзмаганмиз”, деб тушунтириш хати берган. Уларнинг имзоси эса қалбаки. Буни расмий акт билан келган текширувчилар қилди. Ундан кейин СНБ келиб текширди. Бирорта бир нарушения топмади. Энди театрдан камомад чиқиши мумкин эмас. Бу бюджетдан молияланидиган ташкилот. Барча ходимлар иш ҳаққини пластик карточка билан олади,- дейди театрнинг собиқ раҳбари.

Бахтиёр Тўхтаматовдан келажакдаги режалар тўғрисида ҳам сўрадик:

- Биз маданият ходимимиз. Ҳар ҳолда мен маданиятга яқинроқ бўлиш ниятидаман. Мен Бобур фондининг Қирғизистондаги президенти ҳисобланаман. Ёзувчилар билан Бобур фонди ишини кучайтириш, собиқ маданият вазири Султон Раевнинг “Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” билан ҳамкорликда санъатимизни бошқа бир қирраларини очиш борасида ишламоқчиман. Қолаверса, мен учун яқин бўлган, мен учун жуда азиз бўлган мана шу театримизни кейинги ишларини кузатиб, буларга қўлимиздан келганича маънавий кўмак бериш ниятим жуда катта. Катта тажрибамиз бор, куч - қувватимиз бор. Худо хоҳласа, маданиятимизни яна ҳам ривожлантириш ниятидаман, - дейди суҳбатдошимиз.

Бахтиёр Тўхтаматов Шўролар даврида Киров, ҳозир Заҳириддин Муҳаммад Бобур деб аталувчи театрга 1976 йилда ишга келган эди. У 1983-1986 йилларда ва 1989 йилдан 2015 йилнинг апрелигача, яъни 29 йил давомида театрга раҳбарлик қилди.

Бахтиёр Тўхтаматов Қирғизистон Халқ артисти унвонига эга.

Қирғизистондаги иқтисодий вазият туфайли санъат даргоҳлари инқирозга учраган йилларда ҳам Бахтиёр Тўхтаматовнинг менежерлик салоҳияти туфайли Бобур номидаги Академик театрда жаҳон классикларининг энг сара асарлари саҳналаштириб келинган.

XS
SM
MD
LG