Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 10:44

Гуржистонлик чеченлар ўз ёшларининг ИДга қўшилиб кетишига қарши чиқмоқда


Гуржистоннинг Панкиси дарасида истиқомат қилувчи кистлар (чеченлар) расмий Тбилисидан маҳаллий ёшларнинг Суриядаги Исломий Давлат гуруҳига қўшилиб кетишига қарши амалий чоралар кўришни талаб қилди.

Оқсоқоллар Кенгаши талаби икки ўспирин йигит - 16 ёшли Муслим Куштанашвили ва 18 ёшли Рамзан Багакашвили – Сурияга ўтиш учун Туркияга йўл олгани хабар қилиниши ортидан янгради.

Civil.ge веб саҳифасига кўра, икки ёш охирги марта Панкисида 2 апрель куни кўриниш берган.

Рамзан Багакашвили онасининг мухбирларга айтишича, полиция унга ўғлининг Тбилиси аэропортидан Туркияга парвоз қилганини маълум қилган.

Кейинроқ Рамзан оиласига СМС йўллаб, Туркияда эканини билдирган.

“Коммерсант” газетасининг хабар беришича, кист оқсоқоллари гуржи расмийларидан Гуржистондаги чечен ёшларига ота-оналари изнисиз паспорт бермасликни сўраганлар.

Аммо Гуржистон Адлия вазирлигининг “Коммерсант”га маълум қилишича, бундай сиёсат самара бермайди.

"Гуржистоннинг балоғатга етган ҳар қандай фуқароси паспорт олиш ҳуқуқига эга ва бунинг учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадан бошқа ҳеч қандай ҳужжат керак эмас,” деди вазирлик матбуот котиби.

“Коммерсант” газетасига кўра, Гуржистон ва Туркия ўртасида мавжуд келишувга мувофиқ, Гуржистон фуқаролари шахсни тасдиқловчи электрон карталар билан Туркия чегараларидан ўта олади.

“Радикализм ўчоғи”

“Коммерсант” мақоласидаги сарлавҳа (“Гуржистонда радикал исломчилар фаоллашди: Панкиси дарасида “Исломий Давлат” ёлловчиларини қидиришмоқда”) Панкисидаги чечен аҳолиси ҳақида Россия ва айрим ғарб матбуотида етакчилик қилаётган кайфиятни акс эттиради. Россия Панкисини Исломий жангариларни ёллаш ўчоғи сифатида тасвирлашга уриниб келади.

Россия матбуотининг бундай ёндашуви радикаллашувда қисман айбни Шимолий Кавказдаги гуруҳлардан Гуржистондаги хорижий гуруҳларга тўнкашга уриниш сифатида кўрилади. Зеро, кремлпараст чечен раҳбари Рамзан Қодиров Шимолий Кавказдаги радикал гуруҳларни бутунлай тор-мор этганини даъво қилади.

“Панкиси дараси ИД ёлловчилари ўчоғи” мавзуси асли Панкисидан бўлган Суриядаги ИД амири Умар ал-Шишанийнинг танилиши ортидан янада долзарблашди.

Умар ал-Шишаний Гуржистон армиясида хизмат қилган пайтида америкаликлар томонидан тайёргарликдан ўтказилган бўлиши мумкинлиги ҳақида рус матбуотида баъзи хабарлар тарқалди.

Умар ал-Шишаний ижтимоий медиадан бутунлай йўқолиши ортидан унинг ҳалок этилгани ҳақида миш-мишлар кучайди.

Аммо ИДга хайрихоҳ бўлган интернет фойдаланувчилари унинг тирик эканини даъво қилади.

Айни пайтда Панкиси ёшлари ИД ёлловчилари нишонига айланаётгани ҳақидаги хавотирлар ҳамон аригани йўқ.

ИДга қўшилаётганлар сони дарада ортмоқдами?

Қора Денгиз ва Евросиё минтақалари бўйича таҳлилчи Майкл Хикари Сесиренинг айтишича, “Панкисида муаммо кучайиб бормоқда, деган тасаввур ҳақиқатан мавжуд."

"Бироқ бу қисман Сурия ва Ироқда, хусусан, Кобани атрофидаги жангларда қурбон бўлган панкисиликларнинг кўплиги билан боғлиқ. Қурбонларнинг аксари ёшлар эди. Ҳалок бўлганлар ота-оналари одатда уларнинг фарзандлари жангарилар сафида жанг қилаётганидан умуман бехабар бўлишади. Аксинча, "ўғлим Туркияда ишлаяпти", деб ўйлашади. Панкисига машъум хабарлар оқимининг кучайиши Оқсоқоллар Кенгашини ҳукуматдан зудлик билан чоралар кўришни талаб қилишга ундагани шубҳасиз”, – дейди Сесире.

Аммо, унга кўра, ИД сафларига қўшилган кист ёшларининг аниқ сонини билиш қийин.

Ижтимоий медиада тарқалган хабарлардан Сурияда жанг қилаётган чеченларнинг Шимолий Кавказ билан бир қаторда Европадаги чечен диаспоралари, айниқса Австрия ва Германиядан келаётгани маълум бўлади.

Гуржистон ҳукумати, Оқсоқоллар Кенгаши талаб қилганидек, Панкисидан чиқиб кетаётган янги жангчиларни амалда тўхтатиб қолишга қодирми?

Сесирнинг айтишича, кист ёшларининг Сурияга йўл олаётганидан ҳатто ўз оилалари бехабар қолаётган экан, Тбилисига бу ишни бажариши амримаҳол.

XS
SM
MD
LG