Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

АҚШнинг Балтиморида фавқулодда ҳолат жорий этилди


АҚШнинг Мэриленд штатидаги Балтимор шаҳрида полиция ҳибсидан кейин умуртқаси шикастлангани туфайли вафот этган 25 ёшли қора танли Фредди Грей дафнидан сўнг бошланган тартибсизликлар душанба куни маҳаллий расмийларни фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий қилишга ундади.

27 апрель куни Балтиморнинг турли мавзеларида ёш йигитлар полициячиларни тошбўрон қилдилар ва шишалар улоқтирдилар. Пировардида 14 полициячи жароҳат олди ва улардан икки нафари касалхонага ётқизилди.

Норозилар полициянинг бир машинасини пачоқлаб, бошқасини ёқиб юбордилар. Тартибсизликлар чоғида бир савдо маркази, қатор дўконлар, шу жумладан, йирик дорихона таланди. Талотумда энг катта ролни қора танли 15-16 яшар ўсмирлар ўйнаётганини қайд этган расмийлар ота-оналарга фарзандларини уйларига олиб кетиш чақириғи билан мурожаат қилди.

Тартибсизлик кўлами кенгайиши баробарида Балтимор ҳуқуқ-тартибот ходимларига кўмак кўрсатиш учун яқин шаҳарлардан 1000 чоғли полициячи етиб келди. Шунингдек, штат губернаторига бўйсинадиган миллий гвардия қисмларининг ҳам тайёргарлик даражаси оширилди. Губернатор ўз штатида зўравонлик ва вандализмга тоқат қилмаслигини ҳамда қонунбузарларни судга тортишини билдирган.

Полиция безори тўдаларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашга тайёр турибди.

Тартибсизликлар чоғида 20 дан зиёд одам ушлангани айтилмоқда.

Душанба оқшомида Балтимор мэри шаҳарда кечки соат 22.00 дан тонгги соат 5.00 гача комендантлик соати жорий этилганини ва бу тартиб бир ҳафта давом этажагини эълон қилди.

Балтиморда фавқулодда ҳолат жорий этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

АҚШ президенти Барак Обама шаҳар мэрига зарурат туғилгудек бўлса, федерал ҳокимиятдан ёрдам олиши мумкинлигини маълум қилди.

Кеча дафн этилган Фредди Грей 12 апрель куни полиция нарядидан қочиб кетаётган пайтда қўлга олинганди. Мобиль телефон воситасида олинган видеода уни полициячилар полиция микроавтобусига судраб кетаётганлари акс этган.

Полиция бошқармаси Грей қўлга олинган жойда унга тез тиббий ёрдам кўрсатилиши керак бўлганини эътироф этади. Аммо йигит бунинг ўрнига полиция участкасига олиб кетилган ва шундан кейингина касалхонага етказилган. Касалхонада бир ҳафта ҳушсиз ётган Грей бир ҳафтадан кейин жон берган.

Бу иш бўйича тергов бораётган пайтда Балтимор полициясида ишловчи олти ходим хизматдан четлатилган. Бош прокуратура ҳам бунга параллел равишда полиция жабрланувчининг фуқаровий ҳуқуқларини бузган-бузмаганини текширмоқда. Бу борадаги дастлабки тергов жума куни поёнига етиши кутилмоқда.

662 минг киши яшовчи Балтимор шаҳри пойтахт Вашингтондан 65 километр нарида жойлашган.

Грей ўлими полициячиларнинг қора танлиларга муносабатидан ижтимоий норозиликнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди.

Ўтган йили полициячилар томонидан қуролсиз қора танлиларнинг ўлдирилиши Фергюсон, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларда оммавий тартибсизликларга сабаб бўлганди.

XS
SM
MD
LG