Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара минтақаларида жангарилар тўпланмоқда


Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош минтақаларида жангарилар тўпланаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош минтақаларида жангарилар тўпланаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон чегара қўшинлари мулозими афғон-ўзбек чегарасида жангарилар тўпланаётгани ҳақидаги хабарни РИА Новостига тасдиқлаган. Бир кун аввал Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони Афғонистоннинг чегараолди Қундуз ва Бадахшон вилоятларида 1,5 мингга яқин жангари тўплангани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон чегара хизмати Афғонистон билан чегарадаги вазиятни назорат қилаётганини баён қилди. РИА Новости агентлиги исми келтирилмаган Миллий хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси расмийсидан иқтибос келтириб, чегараолди минтақаларда жангарилар тўпланаётганига доир хабарлар фонида қўшни давлатлар билан оператив маълумотларни алмашаётганини хабар қилди.

Ўзбекистон чегара хизмати расмийсининг таъкидлашича, Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош минтақасида ҳам жангариларнинг тўпланаётгани кузатилмоқда, лекин “уларнинг сони тожик-афғон чегараси яқинидагидек кўп эмас”. “Бизнинг чегарамиз олдида уларнинг сони анча камроқ ва биз тасдиқланган схема бўйича иш олиб бормоқдамиз”, дея қўшимча қилган расмий.

Бир кун аввал Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали ҳам, Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятининг Дашти Арчи ва Имом Соҳиб минтақаларида бир ярим минг нафар жангари тўпланганини ҳақидаги хабарни тасдиқлаган эди.

Тожикистон чегарачилари бошлиғининг айтишича, бу жангарилар “Толиблар”, “Ал-Қойда”, “Исломий давлат”, “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” ва “Ансоруллоҳ” гуруҳларига доирдир:

“Улар Тожикистон чегараси яқинида Афғонистон ҳукумат кучларига қарши жанглар олиб бормоқда”, деди Раҳмонали.

Мулозим жанглар тўхтамаётган Таҳор, Қундуз ва Бадахшон вилоятларидаги оғир вазиятдан хавотир изҳор қилди.

Раҳмоналига кўра, Афғонистон ва Тожикистон чегара идоралари чегара ҳудудларидаги вазият ҳақида доим бир-бирларига тезкор маълумотларни етказиб турадилар.

18 июнь куни Душанбеда МДҲга аъзо давлатлар чегара қўшинлари қўмондонларининг 73-йиғилишида сўзга чиққан Тожикистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Шерали Хайруллоев, Марказий Осиё ҳудуди қудратли давлатларнинг геополитик қарама-қаршилигига майдо бўлмаслиги керак, деди.

Президент ёрдамчисига кўра, Марказий Осиё давлатларига хавф солиб турган энг катта нарса шу мамлакатлардан хориж давлатларига бориб радикал гуруҳлар таркибида жанг қилаётган одамлардир:

“Агар “Исломий давлат халифати" лойиҳасини Афғонистон орқали бизга сингдиришмоқчи бўлишса, беқарорлик зонаси ўз навбатида МДҲ давлатларига ва Хитойга ёйилиши табиий. Бизнинг мамлакатларда радикал қарашларни қўлловчилар ҳам оз эмас. Афғонистон, Ироқ ва Суриядан келганлар эса уруш ўчоғларини оловлантириб, халқаро террорчи гуруҳларни қабул қилиш учун шароит яратиш ҳаракатида бўлишади”, деди мулозим.

Шерали Хайруллоев, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг тожик-афғон чегарасини қўриқлаш ва мустаҳкамлаш учун зудлик билан ҳарбий-техникавий ёрдам бериш ҳақидаги қарори ҳам бажарилмаётганини танқид қилди.

“Бизнинг давлатларимизда уруш оловини ёқмоқчи бўлган кучлар провокация қилиш учун чегараларимизнинг баҳсли ҳудудлари, делимитация, демаркация қилинмаган ҳудудлари каби энг нозик нуқталарини топишга ҳаракат қилишади. Биз эса амалдаги муаммоларни ҳал қилиш учун ҳамма ишни қилишимиз, яхши қўшничилик муносабатларимизни ривожлантиришимиз лозим”, деди президент ёрдамчиси.

Пайшанба куни АҚШ Мудофаа вазирлиги “Исломий давлат” гуруҳининг Афғонистондаги фаолияти “бошланғич паллада” ва у ерда ўз сафларини кенгайтириш йўлларини қидирмоқда, дея огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG