Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:04

Ўзбекистонда ҳар юз минг кишининг тўрт нафари гиёҳванд?


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари мамлакатда наркоманлар сони сўнгги ўн йил ичида қарийб олти баравар камайгани ва ҳозирда ҳар 100 минг одамга 4 наркоман тўғри келишини айтишмоқда. Вазирлик статистикасига кўра, 2001 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 минг одамга 25 наркоман тўғри келган. Мустақил кузатувчилар бу расмий рақамларни шубҳа остига олишмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига ишониладиган бўлса, ҳозирда мамлакат наркология муассасаларида рўйхатга олинган наркоманлар сони 1200дан кўпроқни ташкил этади.

Яъни, Ўзбекистонда ҳар 100 минг одамнинг тўрт нафари наркомадир.

Тошкентдаги Гиёҳванд моддалар назорати миллий маркази расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда гиёҳвандлик моддалари истеъмолининг кескин камайишига наркоманияга қарши кучли тарғибот ҳамда наркотиклар савдосига қарши чораларни кучайтириш йўли билан эришилганини айтди.

- Наркомания қандай балоларга олиб келиши ҳақида одамларга тушунтириляпти. Айниқса, ёшларнинг бу йўлга кириб кетмаслиги учун улар назоратга олиняпти. Ҳозир наркоманлар орасида ёши 40гача бўлганлар улуши, гиёҳванд моддани бир марта татиб кўрганлар улуши сезиларли камайди,- дейди Гиёҳванд моддалар назорати миллий марказининг исми сир қолишини истаган расмийси.

Гиёҳвандликка ружу қўйганлар сони камайганини Тошкентдаги наркология диспансери ходими ҳам тасдиқлайди.

- Анча камайди. Энг ашаддий наркоман ҳам ҳозир ичувчи бўлиб қолган. Тополмаяпти ҳалиги нарсасини. Пули йўқ. Ҳозир у нарса анча камёб бўлиб қолган, олдингидай эмас. Наркоманлар билан гаплашсангиз айтади, “у нарсани ўзи йўқ” дейди, “шунинг учун ароққа берилиб қолдим”, дейди. Кўплари вафот этиб кетяпти. Синтетик наркотик олиб, ўлиб кетаётганлар бор. Одамлар ҳам биляпти-да наркоманиянинг охири нима билан тугашини,- дейди исми сир қолишини истаган диспансер ходими.

Мустақил кузатувчилар эса ўзбек расмийларининг ушбу статистикасини шубҳа остига олишмоқда.

Уларга кўра, мамлакатда гиёҳвандлар сони бундан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин. Чунки наркоманларнинг кўпчилиги ўз ихтиёри билан бориб рўйхатга турмайди.

Хоразмдаги Нажот ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, гиёҳвандликка ружу қўйганлар диспансерларга мурожаат қилмаслиги сабабли ҳукумат статистикасидан четда қолиб кетишади.

- Хива вилоятида Қасмо-обод деган қишлоқ бор. Наркоманларни энг кўпи ўша ерда. Уйида темир панжара қуриб, наркоман болаларини шу ерга қамаб қўйганлар бор. Бундайлар Хоразмда жуда кўп. Бор-бутини сотиб юбормасин деб, шундай қамаб қўйишади,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳуқуқ фаоли аҳолининг наркоманияга муккасидан кетаётганига асосий сабаб ишсизлик, ижтимоий ночорлик эканини айтади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондан ўтадиган наркотрафик ҳудудда жойлашгани ҳам наркомания учун хизмат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG