“А” дегандан кейин “Б”ниям айтиб қўйиш керак. Лекин “Б”ни айтиб қўйиш зарурати бу қадар тез келади, деб ўйламагандим.
Гап Александр Сергеевич ҳақида. У кишини 11 август, сешанбага ўтар кечаси жойидан жилдиришди ва ўша куни бу ҳақда Сизга хабар етказдик.
Бизнинг хабардан гула кўтариб, бошқа ахборот воситалари ҳам секин-аста бу ҳақда ёза бошлади.
Фокуси Ўзбекистон бўлмаган баъзилар Пушкин бова ҳайкалининг кўчирилганини ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири сифатида ҳафта охирига келиб ёзди.
Лекин бу вақтга – ҳафта охирига келиб Шоирни янги супага чиқариб қўйишганини кеча – шанба куни сайтимизга кириб билиб қолдим.
Демак, Сергеични битта супадан иккинчисига кўчиришга кўпи билан 4 кун кетибди. 4 кунгина. Балки ундан ҳам оз.
Принципда Шоирни ўша куниёқ – 11 августга ўтар кечасиёқ супадан супага кўчириб қўйсалар бўларди. Лекин, афтидан, ҳайкални ғусл қилдиришга вақт кетган бўлса керакки, шунга 2-3 кун кетгандир.
Ҳайкалпарварлик бўлар, шунчалик бўлар-да, дўстлар!
Фақат бир ишда сал шошилибди расмийлар. Биламизки, Ўзбекистон раҳбарияти Пушкин ҳайкалини кўчиришдан олдин Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдидан ўтиб қўйган эди.
(Ҳа, ҳа, айнан “олдидан ўтиб қўйган”, “огоҳлантирган” эмас – бу икки ибора ўртасида от билан туядай фарқ бор).
Айтмоқчиманки, бас, шу қадар тез кўчиришар экан, Россия элчисини Империя ишларидан чалғитиб нима қилишарди?!
Биратўла кўчириб, ана ундан кейин ҳисобот бериб қўяверсалар ҳам бўларди-ку?!
“Ваше благородие, мы перенесли памятник нашему с Вами Александру Сергеевичу. Он наше Всё!” деб.
Агар шундай қилинса, Его благородиенинг кўнглида Пушкин янги супага чиққунча ўтган 2 – 3 кун ичида бўлар-бўлмас шубҳалар ўрмаламаган бўларди.
Ҳай, нима бўлсаям, яхшилик билан тугади иш.
Энди, Его благородие Пушкинни янги жойга яшин тезлигида кўчиртирган раҳбарни бирон-бир фуршет-муршетда кўриб қолса, елкасига қоқиб қўяди: “Молодец! Так держать!”
Бу воқеада Шоирнинг ўзи ни при чем. Мана 178 йил бўлибдики, у кишига барибир. Ҳайкал қўядиларми, қўймайдиларми – у кишига қизиғи йўқ.
Александр Сергеевич ўзига ҳайкални ўзи қўйиб кетган.
***
Ўзбекистон раҳбариятини "ҳайкалпарвар" дедиму бошқа бир ҳайкалнинг кўргуликлари кўнглимни кир қилиб турибди.
Ўзбекнинг “Наше Всё”си – Алишер Навоийнинг Ўш фожеаси кунлари мажақланган ҳайкали билан боғлиқ ёзганларимни эслатмоқчиман.