Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:35

Ангренда теримчилар колоннасини суратга олган ҳуқуқ фаоли таҳқирланди


Теримчиларни пахтага олиб кетишга ҳозир турган автобуслар колоннаси, Самарқанд.
Теримчиларни пахтага олиб кетишга ҳозир турган автобуслар колоннаси, Самарқанд.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида бюджет идоралари ишчилари пахтага жўнатилишини кузатган ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов маҳаллақўм шикояти билан қўлга олинди. У 20 сентябрь куни шаҳар Ички ишлар бошқармасида 5 соат ушлаб турган милиция ходимлари унга нисбатан куч қўллаб, таҳқирлаганини иддао қилмоқда. Шаҳар ИИБ бу иддаога изоҳ бермади.

Ҳуқуқ фаоли 5 соат ушлаб турилди

Ангрен шаҳридан шанба-якшанба кунлари бир кун ва 20 кунлик ётоққа пахта теримига олиб чиқилаётган теримчилар колоннасини кўздан кечиргани борган ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов қўлга олинди.

- Эрталаб соат 10 ларда шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари мени қўлга олишди. Мен шанба ва якшанба куни теримчиларни пахтага чиқарилишини мониторинг қилаётган эдим. Бошқармага олиб бориб, кимлигим, колонналар кетаётган шаҳар ҳокимияти олдида нималар қилаётганим ҳақида тилхат ёзишни сўрашди. Мен ҳаммасини борича ёздим ва қонунларнинг ҳеч бирини бузмаганим ҳақида тушунтириш бердим. Тушдан кейин саот 3 да қўйиб юборишди, - деди Озодлик билан суҳбатда Дмитрий Тихонов.

Унинг айтишича, унга нисбатан конкрет айблов қўйилмаган.

"ИИБда менга нисбатан куч қўллашди"

Дмитрий Тихонов 5 соат давом этган сўроқ-савол жараёнида унга нисбатан куч қўлланганини иддао қилмоқда.

Унинг даъвосича, шаҳар ИИБ биносидаги 22-хонада давом этган сўроқ вақтида ўзини таништирмаган раҳбар ходим кирган ва бир даста қоғоз билан бир неча бор унинг юзига урган:

- Юзимга ураркан: "Пахта бизнинг бойлигимиз, мамлакатимиз бойлиги, сен бунга қаршимисан?" деган сўзлар билан мени урди - тушунаяпсизми, аҳволнинг қанақалигини?! Мен тажрибамдан биламанки, даста қоғоз билан уришганда ҳеч қанақа из қолмайди. Бундан ташқари, у ерга дарҳол Тез ёрдам машинаси етиб келди ва менинг соғлом эканим, танамда калтак излари йўқлиги ҳақида тиббий маълумотнома ёзиб кетишди. Хуллас, менга нисбатан биринчи марта куч қўллашди. Буни мени қўрқитиш ва хўрлаш учун қасддан қилинган ҳаракат, деб қабул қилдим, - деб даъво қилди ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

Бу иддао юзасидан Ангрен шаҳар ИИБдан бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Тихонов устидан маҳаллақўм шикоят қилди

Ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг ИИБ томонидан қўлга олинишига Ангрен шаҳридаги маҳалла қўмиталари раҳбариятининг шикояти сабаб бўлган.

19 сентябрь куни Ангрен шаҳар ҳокимияти биноси олдидан жўнаб кетаётган теримчилар колоннасини кузатган ва теримчилар билан суҳбатлашган Дмитрий Тихоновга вазиятни назорат қилиб турган маҳалла қўмитаси раиси эътироз билдирган:

- Мен у ерга бориб, аҳволни мониторинг қилаётган эдим, теримчилар билан гаплашаётган эдим. Маҳалла қўмиталарининг шаҳар бўйича раҳбари бўлган бир аёл яна бир аёл билан менинг олдимга келди. Колоннани видеога олишим, суриштиришларим менинг ватанга қаршилигим ифодаси экани, пахта умумий бойлигимиз экани, пахта териш ўрнига қаршилик қилаётганимни қоралаб, менга бақир-чақир қила бошлашди. Бир пасда фуқаролик кийимидаги одамлар йиғилиб, менинг кимлигимни суриштира кетди. Кейин билсам, бу икки аёл кеча устимдан милицияга шикоят қилгани учун бугун мени қўлга олишибди, - дейди Тихонов.

Ҳуқуқ фаоли унинг қўлга олинишини асоссиз, деб ҳисоблаши ва унга нисбатан куч қўлланганидан норозлигини айтаркан, бу ноқонуний хатти-ҳаракатлар устидан қонуний тартибда арз қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Бир кун аввал Елена Урлаева қўлга олинган

18 сентябрь куни Қуйичирчиқ туманига борган - Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева қўлга олинди.

Унинг қўлга олинишига тумандаги фермерлардан бирининг пахтазорини берухсат суратга олгани юзасидан тушган шикоят сабаб бўлган:

- Қуйичирчиқ туманида давлат ташкилотлари ходимлари мажбуран пахта теримига чиқарилаётгани бўйича мониторинг ўтказганман ва пахтазорларни суратга олганман. Шу далалардан бирининг эгаси мендан берухсат суратга олди, деб шикоят қилибди. Шу шикоят асосида бизни Қуйичирчиқ ИИБда 4 соатча ушлаб туришди. Сўроқ қилишди, нарколог текширувидан ўтказишди, хуллас, ҳар доимгидек босим ўтказишди ва оқшом соат 10 ларда қўйиб юборишди. Лекин, яна фотоаппаратимни олиб қўйишди. Мен Тошкентга келдим ва шаҳар ИИБга бу ҳаракатлар устидан арз қилдим, - деди инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида бу йил ҳосил озлиги, шунга қарамай ҳашарчиларга 60 кило норма қўйилганини хабар қилган эди. Фаол пахта тераётган "бюджетчилар" орасида "ота-онасига кўмаклашаётган болалар"ни суратга туширган ва оммавий ахборот воситаларига тарқатган.

20 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда Елена Урлаева ҳам уни қўлга олиш жараёнида маҳалла қўмиталари фаоллари, маҳаллий фермерлар иштирок этгани ва уни ватанга хиёнат, туҳматда айлаб, шовқин солишганини айтди.

XS
SM
MD
LG