Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2024, Тошкент вақти: 12:31

LIVE BLOG: Қирғизистондаги парламент сайловлари

4 октябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтаётган сайловга оид хабар, муштарийлардан фото-видео материалларни ушбу LIVE BLOG орқали бериб борамиз. Сайловга оид кузатув ва хабарларингиз бўлса, WhatsApp, Viber, Telegram: + 420 724 971 539, +996 550 528 555 рақамлари, ozodlik@googlegroups.com, ozodlikmail@gmail.com электрон манзиллари, Ozodskype, Ozodovoz, Ozodlikonline скайп манзиллари орқали юборишингиз мумкин!

Жалолободдаги сайлов участкаси “ҚСДПни қўллайлик!” чақириғи остида очилди

Жалолобод шаҳридаги сайлов участкаларидан бири маҳаллий оқсоқолнинг “ҚСДПни қўллайлик!” чақириғи билан очилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг хабар қилишича, шаҳар марказидаги 2093-сонли участкада оқсоқоллардан бири йиғилганларни социал-демократлар учун овоз беришга чақирган.

ҚСДП, яъни Қирғизистон социал демократик партияси мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев мансуб бўлган партиядир.

Жалолобод мэри Салайдин Авазов шаҳарда сайлов учун барча нарса тайёр эканини, овоз бериш қонунчилик меъёрларига мувофиқ равишда ўтишини билдирди.

Жалолободда жами 25 та сайлов участкаси очилган.

Бош вазир сайловчилар фаоллик билан овоз бераётганини қайд этди

Қирғизистон бош вазири Темир Сариев.
Қирғизистон бош вазири Темир Сариев.

Бишкекдаги 5-сонли лицей биносида жойлашмиш 1209-сайлов участкасида овоз берган Қирғизистон бош вазири Темир Сариев қирғизистонликлар сайловда фаол иштирок этаётганини таъкидлади.

Сариев эрталаб вилоят губернаторлари билан сўзлашганини, улар жой-жойларда сайловчилар фаоллик билан овоз бераётганини айтганини қайд этди.

“Бугун биз ҳаммамиз имтиҳондан ўтаяпмиз, чунки мамлакатда сайловлар илк бор янги тартиб-қоидалар бўйича, аниқроғи, биометрик маълумотлар асосида, замонавий техникаларни қўллаган ҳолда ўтказилаяпти”, деди бош вазир.

Қирғизистон бўйлаб овоз бериш жараёни очиқ ўтаётгани, вазият эса барқарор эканини урғулаган Темир Сариев парламент сайловлари ҳалол ўтишига ишонч билдирди.

Сарпашев: Сайлов участкаларидаги техник носозликлар бартараф қилинди

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Тайирбек Сарпашев.
Қирғизистон бош вазири ўринбосари Тайирбек Сарпашев.

Айрим сайлов участкаларида электрон сайлов қутилари ишламай қолган, аммо ҳозирга келиб бу носозликлар бартараф қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Тайирбек Сарпашев билдирди.

Сарпашевга кўра, бу каби кутилмаган воқеалар чоғида тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича марказий штаб тузилган, техник ходимлар сайлов участкаларидаги операторларга телефон орқали консультациялар бермоқда.

Аввалроқ Ўш ва бошқа жойлардаги сайлов участкаларида сайлов қутилари ишламай қолгани, техник носозлик туфайли участкаларда турнақатор навбатлар ҳосил бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Тайирбек Сарпашев айрим участкаларда овоз бериш жараёнидаги узилишлар ярим соатдан кўп давом этмаганини айтди.

Бош вазир ўринбосарига кўра, ҳозирда техник носозлик туфайли овоз бериш жараёни тўхтаб қолган участка йўқ.

МСК: Соат 12 гача сайловчиларнинг 20 фоизи овоз бериб бўлди

Ўшдаги сайлов участкаларидан бири.
Ўшдаги сайлов участкаларидан бири.

​Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 4 октябрь кунги сайловларда маҳаллий вақт билан соат 12.00 гача сайловчиларнинг 20 фоизи овоз бергани ҳақида маълумот тарқатди.

МСК маълумотига кўра, бу вақтгача Бишкек шаҳрида сайловчиларнинг 15,8 фоизи, Ўш шаҳрида 16,7 фоизи, Жалолобод вилоятида 20 фоизи, Ўш вилоятида 18 фоизи, Боткен вилоятида 24,1 фоизи, Чуй вилоятида 26,2 фоизи, Иссиқкўл вилоятида 19,6 фоизи, Норин вилоятида 23 фоизи ва Таласда 24,9 фоизи овоз бериб бўлган.

Аввалроқ сайлов рўйхатларига 2 миллион 761 минг 297 сайловчи киритилган хабар қилинганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG