Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ўн кун олдин йўқолган банк бошқарувчиси жасади каналдан топилди


"Ҳамкорбанк"нинг Марғилон шаҳар филиали
"Ҳамкорбанк"нинг Марғилон шаҳар филиали

Ўн кун олдин уйидан чиқиб дом-дараксиз кетган “Ҳамкорбанк”нинг Марғилон филиали бошқарувчиси Шерзод Қодиров жасади Катта Фарғона каналидан топилди. Расмийларга кўра, сентябрь ойида аттестациядан ўтолмай ишдан бўшатилган бошқарувчи ўз жонига қасд қилган.

“Ҳамкорбанк” очиқ-акциядорлик тижорат банки Марғилон филиали бошқарувчиси 37 яшар Шерзод Қодировнинг жасади 28 октябрь куни Катта Фарғона каналининг Ёзёвон туманидан ўтадиган қисмидан топилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган марғилонлик манбага кўра, Шерзод Қодиров 17 октябрь куни уйидан чиқиб кетганча бедарак йўқолган:

“Банк бошқарувчиси Шерзод Қодиров 17 октябрь куни тушдан кейин уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Роса қидир-қидир бўлди. Ўн кун деганда мурдаси ўттиз километр узоқликдаги каналдан топилди. 28 октябрь куни кечки соат олтида қоронғи тушиб қолган бўлса ҳам жаноза ўқилиб, кўмилди. Айтишларича, ўша куни таксида кетган экан. Таксистни топиб сўроқ қилишганда, Ёзёвондаги сой бўйига ташлаб қайтганман, деган экан”, деди манба.

Марғилон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган мулозим шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Шерзод Қодировнинг жасади каналдан белига темир боғлаган ҳолатда топилди. Биринчи кўринишда у ўз жонига қасд қилган деган хулоса чиқади. Лекин, бошқа версиялар ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Бу иш билан прокуратура шуғулланяпти”, деди мулозим.

“Ҳамкорбанк”нинг Марғилон бўлимида ишлаган ходимлардан бирининг овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Шерзод Қодиров бир ой олдин ишдан бўшатилган эди:

“Шерзод Қодиров бизга 2011 йилда бошқарувчи этиб тайинланган эди. Жамоа билан муносабати яхши эди, ҳеч ким билан конфликтга киришмаган эди. Лекин, сентябрь ойида бўлган аттестациядан ўтолмади. Шунга анча диққат бўлиб юрган эди. Тўғри, бир-иккита муаммоли кредитлар бор эди. Лекин бу кредитлар судга берилган ва қарорлар чиқариб қўйилган. Агар ўзи билан боғлиқ бирорта катта пул операцияси бўлган бўлса, бу томони бизга қоронғи. Лекин у ўзини жонига қасд қиладиган одам эмасди, чунки ўзини жуда яхши кўрарди”, деди банк ходими.

Ходимнинг айтишича, Шерзод Қодиров уч фарзанднинг отаси бўлган.

Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Сирдарë вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев ўтган йилнинг 26 апрель куни ўзини осиб ўлдирди. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларининг таъкидлашича, 46-ёшли Бахтиëр Отаев ўлимидан бир кун олдин МХХ зобитлари суҳбатига чақирилган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.

XS
SM
MD
LG