Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:50

Чуст шифокорларига 20 килодан пахта “солиғи” солинди


Намангандаги Чуст Тиббиёт бирлашмаси ходимларига 20 килограмдан пахта топшириш мажбурияти юкланди. Шифокорларнинг Озодликка билдиришича, раҳбарият бу мажбуриятни бажармаганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилмоқда. Натижада шифокорлар фермерлардан бир килограм пахтани 1500 сўмдан сотиб олишга мажбур бўлаётганини айтишди.

Чустлик шифокорлардан Озодликка бўлган мурожаатда туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан ҳар бир ходимга 20 килограмдан пахта олиб келиш топширилгани айтилган:

“Бўлим бошлиқлари буни главврач топшириғи дейишди. “Қаердан топсанг, ҳам топасан” деган гап қилишди. Пахта тугаган бўлса, далаларда уже ғўзапоялар териб бўлинаяпти. Яқинда декабрь келаяпти. Буларнинг гапи қизиқ, қиш ойида пахтани қаердан олиш мумкин”, дейилади шифокорлар мактубида.

Озодлик мухбири 24 ноябрь куни Чуст Тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан боғланиб вазиятни ўрганди. Исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамширалардан бирининг айтишича, бирлашма раҳбарияти пахта олиб келмаганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаяпти:

“Пахтани олиб келмасанг, аризангни ёз”, дейишди. Шунга ҳамма югуриб юрибди пахта қидириб. Бизда бир-иккита опа пахтанинг биринчи терими пайти пахта олиб, уни чигитлаб кўрпа ёки кўрпачасига ишлатган. Улар “агар пахта топмасак, кўрпани сўтиб, пахтасини олиб келиб топширамиз”, дейишди. Бошқалар фермерлардан пахта сўраяпти”, деди ҳамшира қиз Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бирлашма ходимларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда фермерлар топширилмай қолган пахтаси бўлса, уни шифокорларга яхшигина нархда пуллаяпти:

“Фермерлар очиқчасига пахтани сотаяпти. Бир кило пахтани 1500 сўмдан сотишаяпти. Агар изласангиз, сал арзонроқ ҳам топиш мумкин. Бир-иккита ҳамкасблар 1200 сўмдан олишганини айтишди”, деди бирлашманинг бошқа бир ходими ўзини таништирмаслик шарти билан.

Бирлашма бошлиғи Олимжон Қосимов Озодлик билан суҳбатда ходимларига пахта "солиғи" солинганини инкор қилди.

Айни пайтда Чуст туман ҳокимлигидаги Озодлик манбасига кўра, аҳоли ва фермерлар қўлида қолган сўнгги пахталарни ҳам йиғиштириб олиш ҳақида юқори ташкилотлардан топшириқ бўлган. Манба бошқа тафсилотларни очиқламади.

Қишлоқ хўжалик соҳасидан яхши хабардор Озодлик манбасига кўра, Чустдаги бу ҳолат пахта мавсуми пайти қўшиб ёзишлар бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Бу собиқ совет давридан қолган касаллик. “Пахта режасини бажардик” деб рапорт бериш учун хоҳлаганча қўшиб ёзишади. Кейин ўртада юзага келган “бўшлиқ”ни тўлдириш учун, елиб-югуриб, ҳар-хил йўлларини излашади”, деди манба.

14 октябрь куни бош вазир Шавкат Мирзиёев жорий йилги пахта режаси муддатидан олдин бажарилгани ҳақида ҳисоб берди.

Расмий маълумотга кўра, ўзбек деҳқонлари “жорий мавсумда 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд пахта етиштириш”га муваффақ бўлган.

Бироқ режа бажарилганига қарамай айрим жойларда пахта терими ҳануз давом этмоқда.

Жумладан, 23 август куни Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб пахта теримига ҳайдалган Хоразм вилояти Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг тўрт юзга яқин ходими бир ҳафта аввал ҳам совуқ тушгани ва пахта қолмаганига қарамай далага ҳайдалаётган эди.

Янгиариқлик шифокорлар даладан қайтирилдими ёки йўқ, бу ҳозирча Озодликка номаълум. 24 ноябрь куни ушбу шифохона ходимлари билан боғланиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдалангани учун халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинади.

XS
SM
MD
LG