Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:05

Матбуот шарҳи: Тошкентда “ДИВО” сектаси фош қилинди


Паспорт столи расмийси: биометрик паспорт олиш муддати узайтирилмайди. Битта қўшиқчининг рейтингини ушлаб туриш учун йилига 100 минг долларгача сарфланади. Фарғонада уй олиш учун чақалоғини пуллаётган аёл ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“ДИВО” диний сектасининг барча аъзолари аёллар

Ўзбекистон пойтахтида 3 йил давомида яширин фаолият юритиб келган “ДИВО Ташкент 141” (Дом Изначально Вышестоящего Отца) диний сектаси фаолияти фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 26 ноябрь). Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Мирағлам Мирзаевга кўра, Россиядаги раҳнамолар томонидан бошқариб турилган сектанинг барча аъзолари хотин-қизлардир. Сиртдан “ДИВО” ташкилоти тамомила янги динни тарғиб этса-да, асосий мақсад бойлик орттириш бўлган. Секта вакиллари Тошкентда семинарлар ташкил қилиб, ҳар бир тингловчидан 216 минг сўмгача бадал олинган. Ўтган бир неча йил давомида сектанинг Россиядаги раҳбарларига 177 минг АҚШ долларигача бўлган маблағ юборилган. Қайд этилишича, фуқаролар ўртасида диний низо келтириб чиқарувчи ғояларни тарқатган секта аъзоларининг ҳар бири 71 миллион сўмдан ошиқроқ жаримага тортилган.

Паспорт столи расмийси биометрик паспорт олиш муддати узайтирилиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистонда янги биометрик паспорт олиш муддати 2015 йил 31 декабрдан 2017 йилга қадар узайтирилиши ҳақидаги мишмишлар асоссиз (“Даракчи”, 26 ноябрь). Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси марказ бошлиғи Санжар Қосимов маълум қилган. Майор С. Қосимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг паспорти жорий йил 31 декабрга қадар ҳақиқий ҳисобланади ва ушбу муддатга қадар фуқаролар янги биометрик паспорт олиши лозим. Ушбу муддатнинг узайтирилиши ҳақида эса ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий ҳужжат қабул қилинмаган.

Энди газда юрадиган машиналарга махсус белги қўйилиши керак

Вазирлар Маҳкамасининг 1 ноябрдаги қарори билан сиқилган, суюлтирилган газ ёки дизелда юрадиган машиналарнинг техник хавфсизлиги қоидаларига ўзгартириш киритилди (“Адолат кўзгуси”, 26 ноябрь). Ушбу қарорга кўра, газ ускуналарини ўрнатиш билан шуғулланувчи ташкилотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари кучайтирилган. Қолаверса, эндиликда газда ҳаракатланадиган машиналарга буни билдирувчи махсус белги қўйиш лозим бўлади.

Жума намози пайти ўғирлик қилаётган уч йигит қўлга олинди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги масжидлардан бирида жума намози пайти ўғирлик қилаётган гуруҳ қўлга олинди (“Ҳуқуқ оламида”, 26 ноябрь). Ака-ука ва уларнинг таниши – уч кишидан иборат жиноий гуруҳ жума кунлари намозга келувчилар машиналарини ташқарида қаровсиз қолдиришидан фойдаланмоқчи бўлган. Аммо “Дамас” русумли машина эшигини очишга уринаётган пайтда ички ишлар ходимлари томонидан ушланган. “Учовлон эндиликда мазкур қилмишлари учун жавоб берадиган бўлди”, дейди Юнусобод тумани ИИБ вакили Элмурод Алимов.

Ўзбекистонда битта қўшиқчининг рейтингини ушлаб туриш учун йилига 100 минг долларгача сарфланади

Ўзбекистонда битта санъаткорнинг рейтингини ушлаб туриш учун бир йилда 100 минг долларгача маблағ талаб этилади. “Даракчи” нашри суриштирувларига кўра, битта қўшиқни яратиш ва бир ой давомида радио ҳамда телеканалларда айлантириш учун камида 8000 доллар сарфланади. Қайд этилишича, хонанда шеър учун 50 доллар, мусиқа ва аранжировка учун 300 доллар, клип учун 2000 доллар, радиода бир ой давомида қўшиқни айлантириш учун 500 доллар, телеканалда эфирга узатиш учун 5000 доллар харажат қилади. Шоу бизнес нашри ушбу ҳисоб минимал нархлар асосида амалга оширилганини таъкидлаган.

Фарғонада уй олиш учун чақалоғини пуллаётган аёл ушланди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида чақалоғини 18 миллион сўмга сотаётган аёл қўлга олинди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига қараганда, эри билан ажрашиб, чақалоғи билан қолган аёл “дардисар”дан қутулиш пайига тушган. Боласини сотиб, уй олишни мақсад қилган аёл таниши орқали харидор топган. Томонлар 18 миллион сўмга келишган. Аммо ўз туққан боласини бозорга солаётган онадан нафратланган харидор аёл чақалоқ олиш ниятидан қайтиб, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Суд одам савдосига қўл урган аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум этган.

4 йил алимент тўламаган ота озодликдан маҳрум этилди

Наманган вилояти Уйчи туманида яшаб келган фуқаро фарзандлари учун алимент тўламагани сабабли 4 ойга озодликдан маҳрум этилди (“Диёнат”, 26 ноябрь). Исми ошкор этилмаган фуқаро 2012 йилдан жорий йил сентябргача қадар алиментдан 11,6 миллион сўм қарздор бўлиб қолган ва ушбу суммани тўлай олмаслигини очиқ маълум қилган. Қайд этилишича, салкам тўрт йил давомида яхши гаплар билан огоҳлантирилган фуқарога озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG