Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:25

Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи яқинида шубҳали шахслар қўлга олинди


Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаётган "Ўзбекистон халқ ҳаракати" етакчиси Мухаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур Солиҳ яшайдиган уй яқинида турк полицияси шубҳали шахсларни қўлга олди.

2 декабрь куни юз берган бу воқеа ҳақида Туркиянинг Анадолу ахборот агентлиги хабар берди.

Солиҳга суиақасд қилмоқчи бўлганликда гумонланиб қўлга олинганлардан бири Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда. Истанбул полицияси унинг исмини очиқламаяпти.

Анадолу ахборот агентлигига кўра, Мухаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур Солиҳ ўзлари яшайдиган Истанбулнинг шарқий қисмидаги уйи яқинида шубҳали одамлар юргани ҳақида полицияга хабар берган.

Шундан сўнг Истанбул полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими ходимлари шу одамларни таъқиб остига олган.

Полиция машинасини кўрган шубҳали одамлар ўзлари кирага олган машинада қоча бошлаган. Полиция кейин уларнинг кетидан қувиб етиб, қўлга олган.

Қўлга олинган шахслардан бири Ўзбекистон фуқароси, яна бири келиб чиқиши доғистонлик бўлган Россия фуқароси экани аниқланган.

Муҳаммад Солиҳнинг Озодликка айтишича, Истанбул полицияси аслида беш одамни қўлга олган.

- Кеча бўлди бу. Уйимизнинг қўриқчилари сўнгги ўн беш кун давомида кузатув олиб бориб шу шубҳали одамларни пайқаган ва полицияга хабар берган ва кеча улар қўлга олинди. Улар беш киши бўлган, уч нафарини қўйиб юборишган, яна икки нафарини ҳибсда ушлаб туришибди. Улар менга суиқасд қилмоқчи бўлишган, деган гумон билан ушлаб турилибди экан. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси экан. Ҳозирча шундан ортиқ маълумот йўқ менда, - деди Муҳаммад Солиҳ.

Таъкидлаш жоиз, 2013 йилда Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи ўққа тутилган, лекин ҳеч кимга зиён етмаган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимига кўра¸ Муҳаммад Солиҳнинг икки йил аввал ўққа тутилган Истанбулдаги уйи қаттиқ қўриқланмоқда.

Ўзбекистон мухолифати арбобларига нисбатан ҳужумлар илк бора бўлаëтгани йўқ

Ўтган йили эса Истанбулда ўзбекистонлик имом Абдулло Бухорий отиб ўлдирилди.

2011 йилнинг 24 сентябр куни, ўзбек мухолифати фаолларидан бири Фуад Рустамхўжаев Иваново шаҳрида ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

2012 йил 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида Ўзбекистондаги Каримов режимини ошкора танқид қилиб келган таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилган эди.

1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик радиоси рус ҳизмати мақола эълон қилган эди.

Бу радиомақолада Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд қилишдан охирги дақиқада воз кечган собиқ милиционер Баҳром Мўминохуновнинг иқрори ўрин олган.

XS
SM
MD
LG