Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:48

Ўзбекистонда ҳукуматга яқин 12news.uz сайти ҳам ёпилди


Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби раҳбарлиги остида тўрт йил фаолият юритиб келган 12news.uz ёпилиб қолди. Ўзбекистон ҳукумати сиёсий кўз-қарашини ифода этувчи сайтнинг нима сабабдан ёпилгани маълум эмас. Нашр таъсисчиси бўлган “Media-Balans” ширкатидагилар сайт техник сабабларга кўра ёпилганини айтишди. Ҳукуматга яқин манбалар эса сайтнинг ёпилишига нашрда “тепадагиларга ёқмаган мақола кетиб қолиши” сабаб бўлганини таъкидламоқда.

Ўзбекистонда давлатнинг биринчи одамлари тасдиғидан ўтган ахборотни жамоатчиликка сиздирувчи саноқли сайтлардан бири бўлган 12news.uz аслида ўтган ой бошидан буён очилмаётган эди.

Нашр таъсисчиси бўлган “Media-Balans” ширкати раҳбари Шуҳрат Ориповнинг Озодликка айтишича, сайт техник муаммолар сабаб ёпилганини айтди.

“Яқин келажакда унинг қайта очилиши даргумон. Ёпиш ҳақда биз қарор берганимиз йўқ. Бу ҳақда сизга бошқача изоҳ беролмайман, сизга айтдим, сайт техник сабаб ёпилди, бор гап шу”, деди ширкат раҳбари.

12news.uz сайти Ўзбекистонда энг кўп кириладиган веб-саҳифалардан бўлиб, кунига 10 минг киши қиргани айтилади.

Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби, МХҲ офицери Дилшод Нуруллаев раҳбарлиги остида тўрт йил фаолият юритган сайт давлатнинг юқори лавозимдаги раҳбарлари тасдиғидан ўтган, миллий хавфсизлик идоралари сиздирган хабарларни бериб келгани айтилади.

Жумладан, диндорлар устидан маҳкамалар ёки порахўр милиция амалдорларининг қамалиши каби ҳукумат нашрлари бермайдиган хабарларни 12news.uz сайтида ўқиш мумкин эди.

Ҳукуматга яқин манбалар сайтнинг ёпилишича техник сабаблар эмас, тепадагиларга ёқмаган мақоланинг нашрда кетиб қолгани сабаб бўлганини айтмоқда.

12news.uz сайтига ишлаган журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, бу ерда гап академик Рустамжон Абдуллаев муаллифлиги остида “Ўзбекистон НАТОга аъзо бўлиши керак” сарлавҳали мақола ҳақида кетяпти.

- Эсингизда бўлса, ўтган йили муаллифи академик Рустамжон Абдуллаев экани айтилган бир мақола сайтда босилган эди. Аслида,бундай академик борми-йўқми, билмаймиз. Билсангиз керак, бундай мақолалар тайёр келади ва нуқта-вергули ҳам ўзгартирилмасдан босилади. Шу мақолада Ўзбекистоннинг НАТОга қўшилиши ва шундан сўнг Тошкент МДҲда ҳудудий кенгайтиришларни бошлаб юбориши мумкинлиги айтилганди. Бу мақола қўшни давлатларда катта шов-шувга сабаб бўлиб, бир кундан сўнг сайтдан олиб ташланган эди. Кейин шунга ўхшаш яна икки-учта ишкалликлар бўлиб, энди сайтни ўзини ёпишяпти, - дейди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик журналист.

Икки йил аввал Ўзбекистонда ўзбек ўқувчилари орасида яхши танилиб улгурган Olam.uz сайти ҳам ёпилган эди. Olam.uz раҳбарияти ҳам сайтнинг ёпилишини техник сабабларга боғлиқлиги билан изоҳлаган эди.

Ўтган йилнинг ёзида эса Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича янгиликларни ёритиб келган Mezon.uz сайти ҳам "техник носозликлар" сабаб ёпилди.

XS
SM
MD
LG