Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:29

МХХ Абдулла Орипов юбилейини ўтказишга рухсат бермади


Ўзбекистон қахрамони¸ Ўзбекистон халқ шоири¸ Ўзбекистон гимни муаллифи¸ ўтмишда Ленин комсомоли мукофоти лауреати Абдулла Ориповнинг 75 йиллиги расман нишонланмайдиган бўлди.

Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ “Абдулла Ориповнинг юбилейини ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас” деб топилган.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистондаги маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган бино мутасаддиларига МХХ даги кураторлар “шоир юбилейини ўтказиш учун бинони ижарага бермаслик” борасида оғзаки кўрсатма берган.

Хусусан¸ 21 март куни 75 ëшга тўладиган шоирнинг туғилган куни арафасида махсус учрашув ўтказишни режалаган ташаббус гуруҳ вакили Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигига қарашли зални ижарага олиш учун мурожаат қилганида¸ рад жавоби олди.

Қадр топмадим
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:13 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ мамлакатдаги ҳар бир идора фаолиятини назоратига олган Миллий хавфсизлик хизматидан Орипов юбилейи бўйича жиддий кўрсатма берилган:

- Заллар хозрасчетда. Бу дегани ким пул тўласа¸ ижарага берилади. Лекин керакли идорадаги (МХХ даги - таҳр.) кураторимиз в курсе бўлиши керак. Орипов масаласида биз бир ҳафта олдин кўрсатма олиб бўлдик. "Шеърият кечаси ўтказамиз"¸ деб сўрашганида¸ биз рад жавоби бердик. Гап пулда эмас бу ерда¸ ўзингиз тушунасиз¸ деди вазирликдаги манба.

Айни манбанинг айтишича¸ Ўзбекистондаги телерадиоканаллар ва асосий газеталарда ҳам Орипов юбилейи муносабати билан материал эълон қилинмайди.

- Юбилей учун ҳукумат қарори керак. Масалан¸ Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллигини ўтказиш бўйича қарор бор эди. Қарор бўлмаса¸ ижро ҳам йўқ¸ дейди манба.

Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Ориповнинг юбилейи масаласи “кўринмас дирижернинг таëқчаси билан бошқарилмоқда”:

- Билсангиз, устоз 21 мартда туғилган. Ўша куни ўз ҳисобидан тўйхонада ош бермоқчи эди. Рухсат беришмади. Ош 20 мартга кўчди. Буни ҳам юбилей эмас¸ балки шоирнинг Исломбек деган неварасининг суннат тўйи деб расмийлаштиришди. Қашқадарëдаги шоирнинг мухлислари дастурхон ëзмоқчи эди¸ бунга ҳам рухсат бўлмади. Қашқадарëдаги мактаб кутубхонасида ўқувчилар билан кичик бир учрашув белгиланди. Бу нарса уюшма ташқарисидаги кўринмас қўл тарафидан бошқарилаëтгандек туюлди менга. Мана биз 20 мартда бўладиган ошга таклифнома олдик. Бир пасдан кейин уюшма раиси Муҳаммад Али бу ошга ким вакил бўлиб боришини айтади¸ дейди суҳбатдош.

Тўй таклифномаси
Тўй таклифномаси

Абдулла Орипов невараси Исломжоннинг суннат тўйи муносабати билан берадиган зиëфат Пахтакор метросига яқин “Эзидиëр” тўйхонасида эрталаб соат 11 да ўтказилиши режаланди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ бу тадбирга вазирлик мулозимларидан ҳеч ким бормаслиги бўйича ҳам тепадан кўрсатма олинган:

- Билсангиз¸ Орипов бир вақтлар вазирлик тизимидаги ВААП деган идорада узоқ муддат бошлиқ бўлиб ишлаган. Қолаверса¸ театрларимизда драмалари қўйилади¸ шеърлари қўшиқ қилиб айтилади. Шу боис вазирлик номидан бир фахрий ëрлиқ бериб¸ эгнига тўн ëпиб¸ қўлига соат тақиб келамиз¸ деган таклиф бор эди. Изн беришмади. Бундан ташқари¸ тўйхонага расмийлар бормаслиги кераклиги айтилди¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбек шеъриятида Навоийдан кейин энг кўп мутолаа қилинган шоир, деб билинган 75 яшар Абдулла Орипов ўтган йили Озодликка берган эксклюзив интервьюсида "ўсишдан тўхтаган, маънавияти қашшоқлашган" бугунги авлод орасидаги вақтида ўзига хушомад қилган, бугун эса унутган “шогирд”ларидан гина қилган эди.

- 15 йил шуларга раислик қилдим. Кўчада юрган болаларни олиб келиб, народний (Халқ ëзувчиси) қилдим. Депутат қилдим, одам қилдим. Бу - маломат эмас. Мен вазифани топширганимдан кейин соғлигимни сўраб телефон қилишмайди булар, келиш у ëқда турсин. Мен буларга раҳмат, дейишим керакми?! Мен пушаймон бўламан. Олдин булар бошига кўтаришар эди. Ҳозир эса унутилдим. Меҳр-муҳаббат, оқибат деган гаплар ғойиб бўлгани, ҳақиқат. Мен буни ҳазм қила олмайман. Атрофда руҳан гадо одамлар, руҳан майиб одамлар. Ожиз одамлар. Қалбан қул одамлар. Пишмаган қовунлар булар. Тафаккур қилмайди улар. Булар мол–мулк изидан, бойлик изидан, амалдор изидан кетади. Навоий ëки Махтумқулининг изидан кетмайди. “Пулинг қанча?” деб сўрайди. Энди муҳит шунақа, Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим. Улуғ миллатимни орзу қиламанки, бунинг энди мисоли кўп.

P.S

Ушбу мақола ëзиб тугалланаëтган пайтда¸ Озодлик электрон почтасига Абдулла Ориповнинг янги ëзган шеъри етиб келди. Шеър 75 ни эъзозсиз қаршилаëтган шоирнинг бугунги кайфиятини ифодалайди.

Уйда набиралар ўйнар қўғирчоқ,

Бири пластмасса, бири латтадан.

Орқадан калитин бурасанг бироқ,

Қимирлаб чиқарар овоз дафъатан.

Ойнаи жаҳонни қўйсанг ногаҳон,

Ўнта қўғирчоқни ўйнатар кимдир.

Бири бўри бўлса, бирови қуён,

Бири бола бўлса, бошқаси кампир.

Қай бир идорага боқсанг гар ўтиб,

Қўғирчоқ шовқини келар ростакам.

Сакраб ўйнашади ўзидан кетиб,

Бошлиқ бураб турар мурватин ҳар дам.

Асло ишим йўқдир бу билан, аммо

Ногоҳ диққатимни тортади улар.

Ўйлардим, қўғирчоқ эмасдир дунё,

Камаяди десам, ортади булар.

Мен бу ўйингоҳга қарайман ҳайрон,

Қўғирчоқлар билмас борар ерини.

Жойи циркдамикин ёки ғаладон,

Кутади ўзининг Шекспирини.

XS
SM
MD
LG