Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

Раъно Абдуллаева: Наврўзни мен тақиқламаганман


Тошкентда Наврўз байрами
Тошкентда Наврўз байрами

Ўзбекистон тарих китобларида мустақилликдан аввал Совет ҳукумати Наврўз байрамини тақиқлаган деган иддао бор. Маълум бўлишича, Наврўзни диний байрам сифатида тақиқлашга уриниш фақат бир марта 1987 йилда Ўзбекистон комфирқасининг 7 мартдаги мажлисида муҳокама бўлган. Наврўзни амалда йўққа чиқарадиган бу “таклиф” Ўзбекистон компартиясининг мафкура бўйича собиқ котибаси Раъно Абдуллаева номи билан боғланади.

Озодлик тасарруфида мавжуд бўлган Совет Ўзбекистонида чоп қилинган газеталарнинг илк саҳифаларида Наврўз Ўзбекистонда кенг кўламда нишонлангани ҳақидаги маълумотларни кўрамиз.

Маълум бўлишича, Наврўзни диний байрам сифатида тақиқлашга уриниш фақат бир марта 1987 йилда собиқ Ўзбекистон ССР комфирқасининг 7 мартдаги мажлисида муҳокама бўлган. Муҳокамада Наврўзни 21 мартда эмас 10 апрелда “Навбаҳор” номи билан кўчат экиш билан боғлиқ совет байрами сифатида нишонлаш таклиф қилинган.

Наврўзни амалда йўққа чиқарадиган бу “таклиф” Ўзбекистон компартиясининг мафкура бўйича собиқ котибаси Раъно Абдуллаева номи билан боғланади.

Ўзбекистон матбуоти Наврўз ҳақида ёзганда байрамнинг совет даврида тақиқланганини эслатмасдан ўтмайди ва бу тақиқни расман Абдуллаева номи билан боғлайди.

Наврўзни тақиқлаш уринишларидан сал кам 30 йил ўтиб шу кунларда 80 ëшни қаршилаган собиқ Ўзбекистон ССР компартиясининг мафкура бўйича котибаси¸ тарих фанлари доктори¸ професссор Раъно Абдуллаева билан боғландик.

Гўшакни кўтарган Абдуллаева илгаригидек ўктам овозда Озодлик тингловчиларини Наврўз билан муборакбод қилиб, баъзи нарсаларга ойдинлик киритди:

- Наврўзни "Навбаҳор"га айлантириш қарори қабул қилинишидан олдин 7 март куни мени ишдан олишган. Мажлис баëни архивда бор. Ўшанда бюрода (Комфирқа мажлиси)да гап бўлганда Нишонов “Бу қанақа янгилик Наврўз бу Ислом дини байрами” деди¸ Усмонхўжаев эса “Вообше керак эмас бу байрам”, деди. ЦК секретари Лобков, у Россияда оддий райком секретари бўлиб ишлаган ва бирданига Ўзбекистонга келиб, ЦК секретари бўлган Лобков бу байрамни моҳиятини умуман тушунмаслигини тан олди. Кейин иккинчи котиб гапни қисқа қилди. "Нет не надо. Все надо закрить. Ни каких праздников. Ничего ни надо", деди. Ўшанда ҳамма жойларга ҳабар етказилди байрамни ўтказмаймиз деб. Бу қарор қабул қилинишидан олдин 7 мартда мени ишдан олишган эди¸- дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ ушбу мажлисда қатнашган собиқ Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси Ғайрат Қодиров “Наврўзни нишонлаш-нишонламасликни одамларни ўзлари ҳал қилсин давлат бунга аралашмасин”¸ деб таклиф киритган.

Айни мажлисда собиқ Ўзбекистон ССР компартияси биринчи секретари (ўша даврда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари) Рафиқ Нишонов Наврўзни 21 мартда эмас, 10 апрелда “Навбаҳор” номи билан кўчат экиш билан боғлиқ совет байрами сифатида нишонлаш таклиф қилгани мажлис баëнида акс этган.

Бу воқеадан салкам 30 йил вақт ўтиб, Озодлик билан суҳбатлашган Рафиқ Нишонов “Наврўзга қарши бўлмагани ва шарқ мамлакатларидаги дипломатик таржрибаси давомида бу байрамнинг нақадар муҳимлигини билгани ва бу гапни катта аргумент сифатида Абдуллаевага айтиб, байрамни сақлаб қолишга уринганини”, таъкидлади.

Раъно Абдуллаева: Наврўзни мен тақиқламаганман
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:18 0:00
Бевосита линк

Таҳрир бўлган Наврўз

1987 йилда Урганч туманидаги Киров номли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган Ғойибназар Қўшжоновнинг Озодликка айтишича, ўша йили мактабда Наврўз байрами “кичик таҳрир билан нишонланган”

- Байрам бошланишига ярим соат қолганда мактаб парткоми туман марказидаги райком мажлисига чақиртирилди. Мажлисдан қайтган партком “Байрамда Наврўз ҳақида шеър айтманглар¸ баҳор ҳақида айтинглар", деди. Бор гап шу. Лекин 1988 йилда ва ундан кейин ҳам наврўз бемалол байрам қилинди¸- дейди суҳбатдош.

1987 йилда Тошкент давлат университетида талаба бўлган журналист Қудрат Бобожоннинг ëзишича, “Компартиянинг Наврўзни йўқ қилмоқчи бўлгани охир-оқибат ўзига қарши жиддий бир куч — мухолиф ўзбек ёшларини майдонга чиқарди”.

Тақдир тоқозоси билан айни Наврўз куни 21 мартда туғилган замонасоз шоир Абдулла Орипов ўша пайтда Наврўзни тақиқлаш сиёсатини ёқларкан, миллий ғояларни кўтариб чиққан ёшларга шундай танбеҳ берганини Қудрат Бобожон эслайди:

"Бу ёшларга нима керак ўзи, нима исташаяпти, Ленин бобомиз ўрнидан туриб таъзим қилсинми, ёки атом бомбасининг кнопкасини берайликми, астағфуруллоҳ!", деган эди Абдулла Орипов"¸ дея таъкидлайди суҳбатдош.

Ëзувчи ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома” китобига кирган “Амазон хотин”, деб аталган бобда Наврўз байрамига қарши ҳуружни қўллаган шоир Абдулла Орипов ҳақида гап боради.

“Бу шоир Марказқўм котибининг Наврўз байрамига қарши юритган ташвиқоти доирасида Наврўз кунини "Хотира куни", деб шеърлар ҳам битди. Лекин қўмпартиянинг Наврўзга қаршилиги бир кун ҳам яшамади, у қўзғолишлар, уйғонишлар даври учун хамиртуруш бўлиб хизмат қилди. Бу қаршилик аввал чойхона гурунглари ва мажлисларда, сал кейинроқ 1985 йил январида, "Политбюрога мактуб" шаклида кўринди”, дея эслайди ўз китобида Муҳаммад Солиҳ.

Наврўзга тақиқ солишга уриниш суронли даврларнинг ибтидоси ўлароқ, тезгина ўтди ва кейинчалик Абдулла Орипов 1988 йили афсус билан қуйидаги сатрларни битди.

Сен бизни кечиргин, эй Наврўзимиз,
Ғафлатда чалғиди ул кун кўзимиз.
Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,
Шўрпахта босамиз энди ўзимиз.

XS
SM
MD
LG