Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

Тошкентдаги текширувда "телефони тоза чиқмаган" россиялик йигит 3 ойдан буён МХХ ҳибсхонасида сақланмоқда


Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган, ҳозирда Россия фуқароси бўлган Бахтиёр Худойбердиев қарийб уч ойдан буён экстремизмга алоқадор моддалар бўйича гумонланиб, Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида сақланмоқда. Бахтиёрнинг ота-онаси унинг экстремистик ғояларга ошнолик у ёқда турсин, беш маҳал намоз ҳам ўқимаганини айтмоқда.

2009 йили Россия фуқаролигини олган 34 ёшли Бахтиёр Худойбердиев Ўшда яшайдиган онасини кўриб кетиш учун шу йил 8 январида Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан Тошкентга учган, кейин таксида туғилган юртига кетмоқчи бўлган. 9 январь куни Тошкент аэропортидаги текширувдан сўнг уни хавфсизлик хизмати ходимлари номаълум ёққа олиб кетганлар.

Ўшда ўғлини кутаётган Раҳима опа фарзандидан дарак бўлавермагач, хавотир ола бошлаган. Тошкентдаги қариндошлар барча касалхона, ҳатто морглардан Бахтиёрнинг дарагини тополмаган. Январь ойини минг бир хавотир ва гумонлар билан ўтказган она февраль бошида Тошкентга йўл олган.

- Боламни олиб кириб кетгани хаёлимда ҳам йўқ эди. “Биров ўлдириб кетди”, деб қўрқдим. Онаман-ку, хаёлимга ҳар ўй келди. 1 февраль куни Тошкентга бордим. 2 февраль куни саҳар ГУИН (Жазони ўташ бош бошқармасини назарда тутмоқда, – таҳр.) деган ерига бордик, у ердан дараги чиқмади. Кейин аэропортга бордик. Аэропортда менга: “Худойбердиев Бахтиёр Юнусободда”, деб хабар беришди. Кейин ўша ерга (яъни МХХнинг Юнусободдаги тергов изоляторига) бордик. Мансур деган терговчи бола чиқиб келаётган экан, унга йиғлаб: “Менинг болам 25 кун бўлаяпти - йўқ” десам, “Соат 3 да келинг”, деди. Кейин мени боламнинг олдига олиб кирди. Эшикни очувди, ўғлим ўтирибди. Кўришдим, йиғладим. “Нима бўлса ҳам тирик экан” деб, кўнглим сал тинчиди. “Нима масалада боламни қамадинглар” ҳам деёлмабман – боламни кўриб шу даражада суюниб кетибман. Ёнида 1,5 соатча ўтириб, чиқиб келавердим, - дейди Раҳима опа.

Маълум бўлишича, Бахтиёр Худойбердиев қўл телефонидан Интернетдан юкланган оят ва суралар ҳамда 2010 йилдаги Ўш воқеаларига алоқадор материаллар чиққанидан сўнг экстремистик фаолиятда гумонланиб қўлга олинган.

Миграцион чеклов туфайли Ўзбекистонни уч кун ичида тарк этишга мажбур бўлган Раҳима опа “диний экстремизм”да гумонланаётган ўғлининг ҳатто беш маҳал намоз ҳам ўқимаслигини, Ҳайит намозларига ва баъзан Жумъа намозларига бориб турганини айтади.

Фарзандининг ўта диндор бўлмаганини Бахтиёрнинг отаси Тоҳиржон ака ҳам тасдиқлайди. Ҳозир Владивостокда ишлаб юрган Тоҳиржон аканинг айтишича, 17 март куни унинг уйига Россия Интерполидан ходимлар қидириб келган ва ўғлини сўраган.

- Обедга яқин эшик тақиллаганди, эшикни очсам, икки киши гувоҳномасини кўрсатиб кирди. “Бахтиёр сенинг ўғлингми?” деганди, “Ҳа” дедим. Ичкарига кириб, ўтириб, у ёқ – бу ёқдан сўради. “Ўғлинг бу ерда соқоллилар билан учрашган эмасми?” деганди, мен: “Масжидга ҳам борган эмас”, дедим. “Яна суриштирамиз, агар янгилик бўлса, сенга қўнғироқ қиламиз” деб, телефон номеримни олиб кетди. Улар: “Просто, телефонининг ичидан бир нарса чиқибди”, дейишди, - дейди Бахтиёр Худойбердиевнинг отаси Тоҳиржон ака.

Тоҳиржон ака эндиликда Россия фуқароси бўлган ўғлининг Ўзбекистонда ҳибсга олиниши юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига хат ёзмоқчи.

Мазкур воқеадан хабар топган икки халқаро ташкилот – “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси ва Халқаро Инсон ҳуқуқлари учун ҳамкорлик ташкилотлари ўзбек расмийларини Бахтиёр Худойбердиевнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамасликка, унинг бу мамлакатда кенг тарқалган қийноқ ва ғайриинсоний муносабатдан ҳоли тутилишини таъминлашга чақирган.

Ҳар иккала ташкилот Бахтиёр Худойбердиев иши бўйича маълумотларни Россия Ташқи ишлар вазирлигига ҳам йўллаган.

Ўзбекистон аэропортларида хавфсизлик ходимлари томонидан террор таҳдиди баҳонасида йўловчиларнинг телефон, компьютер ва бошқа шахсий ашёларини кўздан кечириш одат тусига кирган. Бундай текширувлар пайтида Интернет ёки бошқа бир манбадан кўчирилган диний мазмунга эга кичик бир материал ҳам йўловчининг жиноий жиҳатдан таъқиб қилинишига сабаб бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG