Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

Россия ва ОПЕК нефть ҳажмини оширмасликка келишмоқчи


Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕКнинг қувайтлик етакчиси Навал ал-Фузая Bloomberg News хабар агентлигига берган интервьюсида Россия ва ОПЕК Эрон иштирокисиз ҳам нефть ишлаб чиқариш ҳажмини оширмаслик бўйича келишув имзолашини билдирди.

Бунинг ортидан 6-7 апрель кунлари нефтнинг дунё бозорларидаги нархи 5 фоизга ошди.

Фузая нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатлар 17 апрель куни Доҳа шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашув давомида нефть қазиб олиш ҳажмини ўзгаришсиз қолдириш бўйича келишувга эришишга мажбурлигини, сабаби ҳозир нефть нархлари жуда паст эканлигини айтди.

Фузая нефть ишлаб чиқариш ҳажмини февраль ойидаги кўрсаткичдан оширмасликка келишиш мумкинлигини айтди.

“Нефть ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгаришсиз қолдиришга мажбур, чунки нархлар жуда паст бўлгани учун ҳамма зарар кўраяпти. Учрашув олдидаги белгилар айнан шундай хулосага келинишини кўрсатмоқда”, деди у.

Йил бошида ОПЕКнинг етакчи аъзоси бўлмиш Саудия Арабистони Россия билан нефть қазиб олиш ҳажмини ўзгаришсиз қолдиришга келишиб олган эди. Россия ОПЕК аъзоси бўлмаган энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлатдир.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 7 апрель куни Россия, Эрон, Озарбайжон энергия вазирлари Доҳада бўлиб ўтадиган музокараларда иштирок этишини билдирди.

Ҳафта бошида Россия расмийлари ОПЕК Эрон иштирокисиз ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгаришсиз қолдиришга келишишини билдирган эди.

Эрон нефть ишлаб чиқариш ҳажмини санкциялар жорий қилинишидан аввалги даражага тиклашни истайди. Саудия Арабистони эса Эронсиз ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгаришсиз қолдиришни истамаслигини билдирган эди.

Аммо Фузая Bloombergга берган интервьюсида Эрон ишлаб чиқариш ҳажмини оширган тақдирда ҳам бошқа ОПЕК мамлакатлари ҳамда Россия эришадиган келишув зарар кўрмаслигини, чунки Теҳрон ўз нефтини осонликча сота олмаслигини айтди.

Фузаяга кўра, йилнинг иккинчи ярмида нефть бозорида баланс тикланади. Унинг таъкидлашича, йил охирига бориб бир баррель нефтнинг нархи 45-60 долларга кўтарилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG