Учоқлар қатновида ўзгариш йўқ
Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ Тошкент аэропорти орқали учиб-қўнадиган учоқлар жадвали ШҲТ саммити кунларида ўзгаришсиз қолади:
"Барча авиақатновлар ҳеч бир ўзгаришсиз доимий режимда ишлайди. Халқаро қатновлар ҳамда маҳаллий қатновлар жадвалига ўзгартириш киритилмади. Яна ҳам аниқроқ айтсам, 13 июн куни бизга ҳеч бир фармойиш келмади"¸ дейди ширкат матбуот хизмати ходими.
Вокзаллар ëпилади
ШҲТ саммити хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пойтахтда вокзаллар ёпиб қўйилиши айтилаяпти.
"Вақтинча чора сифатида Ўзбекистон пойтахтига кириш ва чиқиш чекланди. Бу чеклов темир йўл транспорти ва автобус қатновларига ҳам оид. Аммо шаҳар ичкарисидаги транспорт қатновида буткул чеклов йўқ"¸ деди Шайхантохур ИИБсидаги Озодлик манбаси.
"Томи кетаëтган" милиционерлар
Озодлик ШҲТ саммити боис юз фоизлик казармага ўтказилгани ортидан асаблари қақшаган милиция ходимларидан бири билан гаплашди.
Милиция ходими йил 12 ой давомида муттасил сафарбарлик боис ички таркиб ҳодимларининг руҳан ва жисман чарчаганлигини айтди:
"Наврўз¸ мустақиллик тадбирларида шаҳарни ëпишда биздан тирик қалқон сифатида фойдаланишади. ШОС бўйича сафарбарлик эса малол келадиган даражада оғир бўляпти. Нагрузка ҳаддан ошган. Жуда қийналиб кетганмиз. Чарчоқдан томимиз кетиб қоляпти", дейди исми айтилишини истамаган милиция ходими.
ШҲТ саммити арафасида асаблари қақшаган баджаҳл милиционернинг кўчадаги автомобиль олд ойнасини қўлидаги тўқмоғи билан синдираëтгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Казармадаги ўт ўчирувчилар
Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил манбаларининг айтишича¸ ШҲТ саммити хавфсизлигини таъминлаш учун шаҳардаги ўт ўчириш идоралари юз фоиз казарма ҳолатига ўтказилган:
"Юз фоиз казарма ҳолатидамиз. Шаҳарга ташқаридан киришни назоратга олганмиз. Пропискаси бўлмаганларни ушлаб, РОВДга олиб бориб расмийлаштиргач¸ кейин уларни панельнийдаги бомжлар сақланадиган жойга олиб бориб қўймоқдамиз. ШОС арафасида бизни олдимизга ҳам шаҳарга кирди- чиқдини назорат қилиш вазифаси қўйилган. Чарчоқ билмай бу вазифани адо қиляпмиз. Шунинг учун погон тақиб юрибмиз"¸ деди Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги Озодлик манбаси.