Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Ўзбекистонда экстремизм ва террорчилик ғояларига қарши янги марказ тузилди


2016 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ҳузурида Махсус террорчиликка қарши марказ тузгани маълум бўлди. Режага кўра, тузилма экстремизм ва террорчилик ғояларининг тарқалишига қарши янги - Ўзбекистон ҳукумати таъбирида, "профилактика" - услубида курашиши лозим. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мулозими янги ёндашув кўп сонли диндорларнинг озод этилиши кутилган бир пайтда ижобий самара беришига ишонишини айтди. Бироқ, Тошкентлик ҳуқуқ фаоли бу галги амнистияда кўп сонда диний маҳкумлар озод этилишига ишонмайди.

Террорчиликка қарши марказ қамоқдан чиққан диндорларни ўрганади

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ҳузурида Махсус террорчиликка қарши марказ иш бошлади.

Бу хабарни тарқатган Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли “Карвонсарой” интернет нашрига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга марказ фаолиятига дин ва шарқшунослик соҳалари мутахассислари, террорчиликка қарши кураш малакасига эга психологлар ва социологлар жалб қилинди.

Нашрга кўра, марказнинг асосий мақсади - диний оқимларга қўшилаётган ватандошларнинг мотивларини тадқиқ этиш, террорчи ва экстремист тузилмаларга қарши “профилактика ишларини” олиб бориш.

Марказ ходимлари асосан Ички ишлар бошқармасининг минтақавий бўлимлардаги Террорчилик ва бандитизмга қарши кураш бошқармалари махсус рўйхатида турган шахслар ёки террорчи - экстремист ташкилотларга аъзоликда айбланиб, қамалиб чиққан ватандошлар билан ишлайди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси масъул ходими Абдусалом Муҳиддинов "Карвонсарой" нашри билан суҳбатда Ўзбекистон милицияси террорчилик ва экстремизмга қарши кураш усулларини ўзгартираётганини маълум қилган.

- Илгари террорчиликка алоқадор шахслар ёллаш давомида ишлатиладиган услуб ва воситалар, уларнинг алоқалари борасида пухта сўроққа тутиларди. Аммо марказ ходимлари бошқа йўлни тутди: улар бу одамларнинг террорчиликка қарши кураш услублари тўғрисида фикрларини тадқиқ этади, нима сабабдан анъанавий ислом тарафдорлари диний экстремизмни тарғиб этувчи ғоялар тарафига ўтишини ўрганади, деб айтган Абдусалом Муҳиддинов.

Шунингдек, марказнинг яна бир асосий мақсадларидан бири – жамиятда дин ва диний алоқаларни бошқарувчи қонунларга тавсиялар киритиш экани кўрсатилади.

Марказ ишига жалб қилинган экспертлар ҳар бир олиб борилган суҳбат бўйича протокол тузиб, барча жавоблар кейинги таҳлил учун махсус маълумотлар базасига киритилишини билдирди Тошкент милицияси вакили.

Айни пайтда Озодлик бу марказ фаолияти борасида Тошкент шаҳар ИИБсига юборилган сўровига бирор жавоб ололганича йўқ.

“Амнистия арафасидаги амал”

"Карвонсарой" хабарига кўра, радикал оқимларга ёндошган шахслар билан Қуръони Карим, шариат, ҳадислар талқини ва диний уламолар ҳаёти-фаолиятига оид тушунтириш ишларини Ўзбекистондаги бир қанча диний бошқарма вакиллари ҳам олиб боради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Озодлик Радиосига бу Марказ ҳақида ҳозирча эшитмаган бўлса-да, унга ижобий баҳо берди. У бундай тузилма яқинлашиб келаётган умумий авф арафасида пайдо бўлганига эътиборимизни қаратди.

Шайх Абдулазиз Мансур
Шайх Абдулазиз Мансур

- Бу марказ тузилса-тузилмаса бу фаолият доимо давом этиб келаётган эди. Чунки ҳамма соҳа бўйича терроризм-экстремизмга қарши кураш давом этиб келаётир. Бу масалада биз ҳам қанча иш олиб бордик, Ислом дини соф таълимоти борасида, ким уни нотўғри талқин қилаётган бўлса – бу ҳақда адабиётлар чиқардик. Қатор мутахассис ташкилотлар иштирокида марказ тузиб қўйилса яхши бўларди.

Яқин орада амнистия билан қанчадан-қанча экстремизмда айбланиб қамалганлар чиқади. Шуларни ўрганиш, уларни олдинги йўлига кириб кетмаслиги учун психологлар ўрганмаса ким ажратиб бера олади?! - дея фикр билдирди шайх Абдулазиз Мансур.

У бугунги кунда Ўзбекистонда бошланиб кетган ўтиш даврида турли соҳаларга оид ижтимоий фикрни ўрганиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 12 октябрда президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тақдим этган амнистия тўғрисидаги қарор лойиҳаси асосида Амнистия тўғрисида қарор қабул қилганди.

Унда, жумладан “тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни ҳам жазодан озод қилиш” таклиф этилган.

Аммо, Абдулазиз Мансурдан фарқли, Тошкентдан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов бу галги амнистияда ҳам кўп сонли маҳкумлар озод этишига ишонмаслигини айтди.

Сурат Икромов ҳукумат диний экстремизмга қарши курашнинг янги усулини жорий қилаётганини тахмин қилди.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов
Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов

-Тахминларимиз бўйича, мендаги ҳужжатларга асосан бугунги кунда Ўзбекистонда 13 мингдан кўп диний мотивлар билан қамалганлар қамоқда ўтирибди. Билишимча, ҳукумат ҳар хил йўллардан фойдаланмоқчи. Буларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини озодликка чиқарса, албатта, уларга шундай марказлар керак бўлади. Ҳозирги эълон қилинаётган амнистия ўтган йилгидан аслида ҳеч қандай фарқи йўқ. Ўйлайманки, диний мотивлар билан ётганлар сони кўплиги учун бу қилинаяпти. Қамоқдан кўра, улар оила аъзолари билан яшагани яхшироқ бўларди. Қолаверса, уларни колонияларда ушлаб туришга бюджетдан миллиард-миллиард пуллар кетаяпти, - деди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромов ҳукумат бугунги кунда амнистияга чиққанларни иш билан таъминлай олмаётгани, мураккаб иқтисодий вазият туфайли муҳожиратга кетаётгани ёки яна эски жиноятларга қўл ураётганини айтди.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:58 0:00
Бевосита линк

У одатда ҳар бир амнистия ортидан Ўзбекистонда жиноятлар сони кескин кўпайиши ва криминал вазият мураккаблашиб бориши қайд этилаётганини сўзларига мисол қилиб келтирди.

Суръат Икромов ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари тахминларига таяниб бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналари ва колонияларида 80 мингдан 100 минггача маҳбус сақланаётганини маълум қилди.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқбонлар Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар борлигини айтиб келишади, аммо расмий Тошкент уларнинг борлигини ҳеч қачон эътироф этмаган.

Камдан-кам ҳоллардагина сиёсий фаолияти ё-да эътиқоди учун қамалганлар озодликка чиқадилар.

XS
SM
MD
LG