Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2022, Тошкент вақти: 02:55

Туркманистонда ҳибсга олинган Озодлик мухбири қийноққа солинганидан хавотир бор


Асли ўзбекистонлик Худойберди Аллашов ўтган асрнинг 90-йилларида Туркманистонга оиласи билан кўчиб ўтган

Озодлик радиосининг Туркманистондаги мухбири Худойберди Аллашов Тошҳовуз вилояти Кўҳна Урганч тумани полицияси томонидан ҳибсга олинди. Яқинларига кўра, носвой сақлаганликда айбланаётган журналист полиция томонидан электр токи билан қийноққа солинган.

Ўтган шанба куни кечқурун полиция 27 ёшли Худойберди Аллашовнинг уйига бостириб кириб, у билан биргаликда онаси ва турмуш ўртоғини ҳам олиб кетган.

“3 декабрь куни кечқурун бир гуруҳ полиция ходимлари Худойбердининг уйига бостириб кириб, уни носвой сақлаганликда айблашди ва мусодара қилиш жараёнини видеога олишди. Шундан сўнг уни полиция бўлимига олиб кетишди”, дея сўзлаб берди ҳодиса гувоҳларидан бири.

Озодлик туркман хизматига маълум бўлишича, журналистнинг турмуш ўртоғи Эжеш Аразқиличева якшанба куни кечаси қўйиб юборилган, лекин орадан бир неча соат ўтиб қайта ҳибсга олинган. Душанба куннинг иккинчи ярмида Аразқиличева яна қўйиб юборилган. Озодлик туркман хизмати манбаларига кўра, полиция ходимлари ундан ҳеч ким билан гаплашмасликни талаб қилишган.

Ҳозирда журналист ва унинг онаси Қурбонтож Аразметова ҳибсда қолишмоқда ва ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг тақдирига оид тафсилотларни очиқламаётир.

Озодлик туркман хизмати билан гаплашган икки манбага кўра, журналист сўроқ давомида полиция томонидан қийноққа солинган. Манбалардан бирига кўра, Аллашовни 11 килограмм носвой сақлаганлик айбини тан олишга мажбурлаш мақсадида электр токи билан қийнашган. Уни полиция маҳкамасида кўрган иккинчи манба эса, журналист калтакланганидан юзлари ёрилган, ҳатто бошини кўтара олмайдиган ҳолга келиб қолгангани гапириб берди.

Асли ўзбекистонлик, ўтган асрнинг 90-йилларида Туркманистонга оиласи билан кўчиб ўтган Худойберди Аллашов Озодлик туркман хизмати билан шу йилнинг октябрь бошидан бери ҳамкорлик қила бошлади. Мекан Ташлиев тахаллуси остида ишлаган журналист, асосан, Тошҳовуз вилоятидаги ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, мажбурий меҳнат, иш ҳақларининг кечиктирилаётгани, озиқ-овқат тақчиллиги ҳақидаги репортажларни юборган.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Томас Кент Озодлик мухбирларининг босим остига олинганини кескин қоралаши ва бунинг учун туркман ҳукумати масъул эканини баён қилди.

"Мазкур айбловлар Туркман хизматини жим бўлишга мажбур қилиш ва туркман халқини қўрқитишга қаратилган кампаниянинг бир қисми, деб ҳисоблаймиз. Кейинги 1,5 йил давомида Туркманистондаги мухбирларимизни ҳибсга олишди, ташқи дунёдан изоляция қилишди, калтаклашди, сўроққа тутишди, ҳеч бир асоссиз, ўзбошимчалик билан қамоққа ташлашди ва ҳатто, биздаги маълумотларга кўра, қийноққа солишди, дейишга асосимиз бор. Бунинг учун Туркманистон расмийлари масъул деб ҳисоблаймиз", деди Озод Европа/Озодлик Радиоси президенти Томас Кент.

Худойберди Аллашовнинг Озод Европа/Озодлик радиосидаги ҳамкасблари журналистнинг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айбловлар бевосита унинг профессионал фаолияти билан боғлиқлигига шубҳа қилишмайди.

Кейинги ойлар давомида Туркманистонда Озодлик мухбирлари босимга, жумладан жисмоний ҳужум ва таҳдидларга учрамоқда.
Озодликнинг Ашхободдаги мухбири 67 ёшли Султон Очилова ўтган бир ой давомида, журналистик фаолиятини амалга ошираётган пайтда, уч марта номаълум шахслар тарафидан калтакланиб кетди ва фотоапарати тортиб олинди.

Озодлик туркман хизматининг Лебап вилоятидаги мухбири Ровшен Язмамедов бир неча марта хавфсизик идораларига чақиртирилиб, сўроққа тутилда ва ундан Озодлик билан ҳамкорликни тўхтатиш талаб қилинди. Акс ҳолда 2013 йилда чиқарилган шартли қамоқ жазоси реал қамоқ муддатига айлантирилишидан огоҳлантирилди.


2015 йилнинг июлида Озодлик мухбири 37 яшар Сапармамад Непесқулиев ҳибсга олиниб, тақиқланган дори воситаларини сақлаганлик айби билан уч йилга қамоққа ҳукм этилди. Унинг ҳозирда қаерда сақланаётгани ва тақдирига оид бошқа тафсилотлар ноаниқ қолмоқда.

2006 йилда ҳибсга олинган Озодлик мухбири тергов изоляторида нобуд бўлган эди. Унинг ўлими сабаблари ҳамон аниқлангани йўқ.

XS
SM
MD
LG