Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:43

Мирзиёев ҳукумат йиғилишида Розуқулов ва Ибрагимовга ҳайфсан берди


Президент Шавкат Мирзиёев (чапда) ва мажлисда тик туриб, танқид эшитган собиқ Молия вазири Рустам Азимов
Президент Шавкат Мирзиёев (чапда) ва мажлисда тик туриб, танқид эшитган собиқ Молия вазири Рустам Азимов

Ўзбекистон ҳукуматининг йил якунларига бағишланган мажлисида президент Мирзиёев вазирлар ва ўринбосарлари, жумладан, Рустам Азимов, Улуғбек Розуқулов, Ғуломжон Ибрагимовларни бирма-бир ўрнидан тургизиб, танқид қилди. Пенсиялар кечикиши, пластик карточка сиёсати, ортиқча кадрлар каби муаммоларни санаган президент бош вазирнинг 2 ўринбосарига ҳайфсан берди.

Ўзбекистон ҳукуматининг йил якунларига бағишланган кенгайтирилган тартибда 14 январь куни ўтган мажлиси 15 январь оқшомида Ўзбекистон марказий телевидениеси орқали намойиш қилинди.

Мажлисда президент ўтган бир йилда эришилган ютуқлар билан бирга Ўзбекистондаги қатор вазирлик ва давлат қўмиталари раҳбарларини нома-ном санаб, улар етакчилик қилаётган соҳалардаги камчиликларни тилга олди.

Кескин танқид қилинган вазирликлар сирасида, жумладан, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзавтосаноат" ширкати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар давлат қўмиталари бўлди.

Вазирлар номини алоҳида тилга олган президент пенсиялар кечикиши, пластик карточка муаммоси, турли давлат ташкилот ва идораларида ўтирган ортиқча кадрлар, қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларидан нотўғри фойдаланиш, фермер ва кичик тадбиркорлар ишларига тўсқинлик каби муаммоларни алоҳида-алоҳида, мисоллар билан санади.

Сўнгра йўл қўйган камчиликлари учун Бош вазир ўринбосари, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Розуқулов ва Бош вазирнинг яна бир ўринбосари - Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари мажмуаси раҳбари Ғуломжон Ибрагимовга ҳайфсан эълон қилди.

Ишида йўл қўйган камчиликлари учун "Ўзнефтмаҳсулот" ширкати раҳбари Бахтиёр Султоновни эса президент ишдан олди. Президентга кўра, бу ширкатнинг қарзи 1 триллион сўмга етган.

Яна бир раҳбар - "Ўзэлтехсаноат" ширкати раҳбари Эркин Иминов ҳам қаттиқ танқидлар остида ишдан олинди.

Бундан ташқари, президент собиқ Молия вазири, эндиликда Бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш комплекси раҳбари Рустам Азимовни ҳам алоҳида танқид қилди ва соҳадаги камчиликларни тузатиши учун жорий йил якунига қадар муҳлат берди.

Президент ушбу йиғилишда Очилбой Раматов Бош вазир биринчи ўринбосари этиб тайинланганини расман маълум қилди ва: "Бутун вилоятлардаги ишга Бош вазирни биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади", деб қўшимча қилди.

Ҳукумат йиғилишида президент ютуқларни ҳам санаб, мамлакат аҳолиси даромади ўтган бир йилда 11 фоизга ошди, деб баёнот берди.

Мирзиёевга кўра, давлат бюджетига қарам ташкилотлар ишчиларининг ойлиги 15 фоизга, пенсия ва ижтимоий нафақалар 12,1 фоизга ошган.

Бундан ташқари, мажлисда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2016 йил давомида 2015 йилга нисбатан 7,8 фоизга ошгани айтилди. Мамлакатга жалб қилинган инвестиция миқдори эса 11,3 фоизга, яъни 3 миллиард 700 миллион АҚШ долларига етгани айтилди.

Ўз ҳисоботида президент яна бир бор 2017 йил давомида асосий эътибор аҳоли билан очиқ мулоқотларга қаратилишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG