Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 15:12

23 йил тақиқланган Шерали Жўраев миллий телеканалда чиқди (ВИДЕО)


Ҳофиз Шерали Жўраев Milliy TVда

Ўзбекистон Халқ артисти, севимли ҳофиз Шерали Жўраевнинг ижодий кечасига бағишланган кўрсатув 21 январь оқшомида Milliy TVда намойиш қилинди. Қарийб бир соат давом этган кўрсатувда Жўраевдан ташқари Ўзбекистон телевидениесида намойиши тақиқланган яна бир неча ижодкор кўрсатилди.

1993 йилдан буён, нафақат теле-радиоканал, балки катта саҳналарда ҳам куйлаши тақиқлаб қўйилган ҳофиз Шерали Жўраевнинг 50 йиллигига бағишланган ижодий кеча ўтган йилнинг апрель ойида Тошкентдаги International меҳмонхонасида бўлиб ўтган эди.

Орадан 9 ой ўтгач, Milliy TVда ушбу кечага бағишланган кўрсатув намойиш қилинди.

Кўрсатув ўтган йили август ойида иш бошлаган янги - Milliy TV мусиқий-кўнгилочар телеканалида намойиш қилинди.

Кечада, асосан, ҳофизга тенгдош ва издош бўлган ижодкорлар - хонандалар, кино ва театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.

Жумладан, хонандалар Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, ака-ука Ваҳобовлар, Ғиёс Бойтоев, актёрлар Собиржон Мўминов, Ёдгор Саъдиев, Хайрулла Саъдиев, Теша Мўминов, Мирза Азизов, шоирлар Омон Матжон, Усмон Азимлар иштирок этган.

Кўрсатувни томоша қилган тошкентлик иқтисодчи Тошбек, унда ҳофиз фақат куйлагани, ҳофиз ва иштирокчилар нутқи намойиш қилинмаганини айтаркан: "Мен бу ҳофизни умримда илк бор телевидениеда кўрдим", деди.

Бу ижодий кеча аслида 2016 йилнинг 18 апрелида International меҳмонхонасининг Амир Темур залида бўлиб ўтган. Унда Жўраев "улкан санъаткор, устоз санъаткор, ўзбекнинг чин ҳофизи" деб таърифланган ва унинг 19 ёшидан бошланган ижод йўлига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинган эди.

Фильмда, жумладан, ўзбек космонавти Солижон Шарипов коинотга қилган 6 ойлик сафари давомида Шерали Жўраев қўшиқларини тинглагани, ҳатто ҳофизга коинотдан қўнғироқ қилиб, "Олтин қанот" қўшиғини эшиттиргани айтилган.

Ҳофизнинг ўзи эса кечани "Онагинам" қўшиғидаги "Дориломон кунлар келди, шафақлари ол, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор" сатрлари билан бошлаган ва томошабинларга қўшилиб, йиғлаган эди. Аммо, у кезларда ҳофизнинг Ўзбекистон телевидениесига қайтиши ҳақида ҳеч гап йўқ эди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг - 27 сентябрдан бошлаб, Жўраевнинг катта саҳна ва телерадиоканалларда бемалол чиқишга изн олгани хабар қилинди.

Ўзбекистонда таниқли хонандалар концертини уюштириш билан шуғулланувчи Равшанбек Омоновнинг бу ҳақда Озодликка айтишича¸ 27 сентябрь куни Шерали Жўраевга Ўзбекистон президенти бажарувчиси ëрдамчиси қўнғироқ қилиб катта саҳнага йўл очилганини билдирди.

Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистонда ўнга яқин ашулачи лицензиядан мосуво қилиниб, шоу бизнесдаги исталмаган шахслар рўйхатига қўшилган.

Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Обид Асомов, Севара Назархон, Отабек Мадраҳимов, Озода Нурсаидова,Фаррух Соипов каби санъаткорларга қўйилган норасмий тақиқ сабаблари жамоатчиликка очиқланмаган.

Озодлик манбаларига кўра, аксар ҳолларда ашулачиларнинг давлат тадбирлари ва мулозимлар тўйларига бормагани муаммога сабаб бўлади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG