Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:52

Ўзбекистонда гувоҳларни ҳимоя қилувчи қонун қабул қилиниши кутилмоқда


2017 йилнинг охиригача жиноят жараёнининг иштирокчиларини жисмоний ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг давлат кафолатлари тўғрисидаги қонун қабул қилиниши тўғрисида баъзи нашрлар хабар қилди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Озодлик билан суҳбатда бундай қонун қабул қилинишини олқишлар экан, айни пайтда унинг ижроси перспективаларига шубҳа билдирди.

Жорий йил охиригача “Жиноят жараёнининг иштирокчиларини жисмоний ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг давлат кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси раиси Равшан Аҳмедовга таяниб яна бир агентлик хабар қилди.

Адвокатлар палатаси мулозими Озодликнинг қонунга доир тафсилотларни сўраб қилган мурожаатига жавобан бу ҳақда "хабари йўқ"лигини билдириш билан чекланди.

Cуд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг 6 устувор йўналиши

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг 6 устувор йўналиши белгилаб қўйилган.

“Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш,
суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш
ва такомиллаштириш”
ёки “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш” каби йўналишлар бор.

Стратегия матнига қабул қилиниши кутилаётган дастурлар ва қонунлар рўйхати ҳам илова қилинган. Лекин уларда юқорида тилга олинган қонун тўғрисида айтилган эмас.

Тазйиққа учраган адвокат

Бундан бир неча йил муқаддам адвокатлик фаолияти билан шуғулланган тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов Озодлик билан суҳбатда жиноят жараёнининг иштирокчиларини, хусусан адвокатларни ҳимоя қилувчи қонун зарурлигини эътироф этар экан, бундан бир неча йил олдин ўзи дуч келган тазйиқни эслади:

- Жараёнда, асосан, қарши томондан – судланувчи ёки унинг яқинлари томонидан тазйиқ бўлади. Бундан 10 йил олдин ўзим ҳам шундай тазйиққа учраганман. Ўшанда прокурорга мурожаат қилганман, лекин у ҳеч қандай чора кўрмаган, деди Руҳиддин Комилов.

Унинг айтишича, жиноят жараёни иштирокчиларини ҳимоя қилиш Жиноят-процессуал кодекс меъёрларида назарда тутилган, лекин бу ҳақда алоҳида қонун йўқ эди.

“Бундай қонун қабул қилинишини, албатта, олқишлайман”, деди ҳуқуқшунос.

Бу соҳада Россиянинг тажрибаси

Очиқ манбаларда Ўзбекистонда қабул қилиниши кутилаётган қонун лойиҳаси йўқ. Шу сабали бундай ҳужжат тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун Россия тажрибасига мурожаат қилдик.

Бу мамлакатда 2004 йилнинг 20 августида кучга кирган “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят буйича судлов жараёни бошқа иштирокчиларининг давлат томонидан ҳимоя қилиниши тўғрисида”ги қонунда ҳимоянинг чоралари ва механизмлари белгилаб қўйилган.

Масалан, қонуннинг “Хавфсизлик чоралари” тўғрисидаги 6-моддасида, жумладан, бундай дейилган:

“Ҳимоя қилинаётган шахсга нисбатан бир вақтнинг ўзида хавфсизликнинг қўйидаги бир неча ёки бир чораси қўлланиши мумкин:

шахсини қўриқлаш, уй-жойи ва мол-мулкини қўриқлаш;

индивидуал ҳимоянинг махсус воситалари, таҳдид тўғрисида хабар бериш учуг алоқа ва хабар бериш воситалари билан таъминлаш;

ҳимоя қилинаётган шахс тўғрисидаги маълумотларни сир сақлаш;

яшаш учун бошқа жойга кўчириш;

ҳужжатларни алмаштириш;

ташқи кўринишини ўзгартириш;

иш ёки ўқиш жойини алмаштириш;

хавфсиз жойга вақтинча жойлаштириш” ва ҳоказолар.

Ўзбекистонда қабул қилиниши кутилаётган қонунда ҳам шундай чоралар белгилаб қўйилишини тахмин қилиш мумкин.

Қонун - ижроси билан қонун

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов “Жиноят жараёнининг иштирокчиларини жисмоний ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг давлат кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинишига доир хабар юзасидан фикр билдирар экан, “гап у ёки бу қонуннинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигида эмас, балки унга амал қилинадими-йўқлигида”, деди.

XS
SM
MD
LG