Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Президент Каримовнинг қайин жияни Акбарали Ўзбекистондаги қийноқдан хавотирда


Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси марҳум президент беваси Татъяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаевга қарши мутлақо янги жиноий иш очилганини аниқлади.

Киев шаҳар суди реестр ҳужжатидан маълум бўлишича, Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хуррамов У. Х. 33 яшар Акбарали Абдуллаевга қарши 2016 йилнинг 15 октябрида жиноий иш очган.

Ҳужжатга кўра, Абдуллаев ўзгалар мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда айбланмоқда.

Акбарали Абдуллаев ўхшаш айбловлар билан 2013 йилнинг 10 октябрида ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида бўлиб ўтган суд сўнгида номаълум муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

20 январда Озодлик Абдуллаевнинг амнистия асосида 2016 йил ёзида очиққа чиққани, Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этганидан кўп ўтмай мамлакатдан ноқонуний йўллар билан чиқиб кетгани ва Киев халқаро аэропортида қўлга олингани ҳақида хабар ​қилганди.

"Америка Овози" радиоси 25 январда Киев прокуратураси матбуот котибига таяниб шахсий самолётида сафарга чиққан Акбарали Абдуллаев ёқилғи қуйиш мақсадида Киев аэропортига қўнган пайти ҳибсга олинганини маълум қилди.

Киев прокуратураси: Акбарали Абдуллаев ҳануз ҳибсда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатда таъкидланишича, 14 январда Киев аэропортида паспорт текшируви пайтида чегарачилар унинг Интерпол қидирувида эканини аниқлаган ва қўлга олган.

Абдуллаев ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари чиққан.

Суд

Абдуллаев ҳибсга олинганидан икки кун ўтиб, яъни 16 январда Киев шаҳар Соломенский туман судида бўлиб ўтган тинглов Ўзбекистонда қўзғатилган жиноий ишга ойдинлик киритади.

Ундан маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди 2015 йил 15 октябрда Акбарали Абдуллаевни тутиш ва Ўзбекистонга келтириш ҳақида қарор чиқарган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси қўзғатган ишда даъво қилинишича, Абдуллаев 262 миллиард 480 миллион 393 минг 106 ўзбек сўмини ўзлаштириш, 195 миллион 290 минг 103,7 АҚШ доллари, 271 минг 602 еврони яшириш, "мансабдан фойдаланиб жиноий фаолият натижасида олинган" 77 миллион 400 минг Швейцария франки ва 200 минг Латвия лати (207 миллиард. 293 миллион. 283,8 минг сўмга тенг) миқдордаги маблағни легаллаштиришда гумонланмоқда.

Ажрим

Соломенский туман судида бўлиб ўтган тинглов чоғида Абдуллаев ва унинг адвокати Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган ишни "бутунлай асоссиз", дея баҳолаганлар.

Хусусан, Абдуллаев маҳкама пайтида айни айбловлар билан аллақачон Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаб чиққанини билдирган.

Адвокат эса ҳимояси остидаги шахс Ўзбекистонга экстрадиция этилса, қийноққа солиниш эҳтимолидан хавотир изҳор этган ва судьядан Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланишига оид халқаро ҳисоботларга эътибор қаратишни талаб қилган.

У шунингдек Абдуллаевни гаров эвазига озод этишни сўраган.

Адвокатга кўра, Абдуллаевни ҳибсда ушлаб туриш ойига 2500 украин гривнасига (90 АҚШ доллари) тушади.

Бироқ, Соломянский туман суди "етарли асосга эга эмас ва фаразларга асосланган" деган хулоса билан адвокатнинг қийноқларга оид даъвосини рад этган.

Судья Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш жиддийлиги ва Минск халқаро шартномасини инобатга олиб, уни 40 кун давомида ҳибсда сақлаш ажримини чиқарган.

1993 йилда имзоланган Минск шартномасига мувофиқ, МДҲга аъзо давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Украина ўзаро ҳуқуқий ёрдам бериш масъулиятини олган.

Суд ажримига кўра, Ўзбекистондаги "ваколатли органлар талабномаси келгунга қадар" Акбарали Абдуллаев 40 кун давомида ҳибсда сақланади.

Озодлик айни иш юзасидан юзасидан қўшимча маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Бош прокуратурасига боғланди.

"Жиноий иш ҳақида телефон орқали маълумот бера олмаймиз, кечирасиз," - дея жавоб қайтарди ўзини таништиришни истамаган прокуратура матбуот хизмати ходими.

Озодлик Акбар Абдуллаев ишини кузатишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG