Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:06

Мирзиёев 5 йилда Ўзбекистонда сиёсий рақобатни, либераллашган иқтисодни ва адолатли судлов тизимини шакллантирмоқчи


Сирғали йўналишида қурилиши режаланган метро бекатларидан бирининг эскизи.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Норматив-ҳуқуқий актлар порталига 18 январда муҳокама учун жойлаштирилган ҳужжатда беш йўналишда ислоҳотларни амалга оширилиши қайд этилган.

Ўзбекистон қўшнилар билан алоқани яхшилайди ва барқарор ривожланиш учун хавфсизлик ҳудудини яратади

Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш стратегиясида давлат бошқарувини, суд-ҳуқуқ тизимини модернизациялаш, иқтисодни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ва ташқи сиёсат принципларини ислоҳ этиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, стратегияда Ўзбекистон атрофида хавфсизлик муҳитини яратиш, қўшнилар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги имиджини ошириш қайд этилган.

Мазкур стратегияни амалга ошириш учун махсус миллий комиссия ташкил этилади. Миллий комиссияга президентнинг ўзи бошчилик қилади. Стартегия босқичма-босқич беш йилда амалга оширилиши режалаштирилган.

“Стратегия лойиҳаси долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилди”, дейилади президент фармонига берилган расмий шарҳда.

Суд мустақиллигини таъминлаш, иқтисодни либераллаштириш асосий мақсадлардан бири

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири бўйича йил номланишидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бир йиллик давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутади. Хусусан, 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинди.

Стратегиянинг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” қисмида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ҳамда иқтисодиётни бошқаришда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали ислоҳ қилиш назарда тутилган.

Шунингдек, стартегияда “Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш” ваъда қилинган. “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш” ҳам стратегиянинг асосий мақсадларидан бири сифатида таъкидланади.

Иқтисодни либераллаштирши соҳасида эса “принципиал жиҳатдан янги маҳсулот ва технология турларини ўзлаштириш”, “иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уни устувор мавқеини янада кучайтириш” белгиланган.

Бундан ташқари туризм соҳасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Медиа ҳафталик: Пенсиялар нақд пулда тўланади, олийгоҳлар квотаси оширилади

Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш стратегияси Тошкентда бир ҳафта давомида ўтган “Медиа ҳафталик”да давлат идоралари, матбуот ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Ҳафталик доирасида турли вазирликлар ва давлат идоралари стратегиядан келиб чиққан ҳолда яқин келажакдаги фаолиятларини жамоатчиликка эълон қилди. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати ишлаётган пенсионерларга нафақа пулларини тўлиқ миқдорда тўлаш масаласини кўриб чиқиши ҳам маълум қилинди.

Бу хабар эълон қилинишидан кўп ўтмай, президент Мирзиёев 2 февраль куни “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қарорда айтилишича, пенсиялар ҳар ойнинг 27-санасидан кечиктирилмай берилиши шарт. Шунингдек, қарорда талабаларга стипендиянинг 50 фоизи нақд пул шаклида берилиши ҳам белгиланган.

Бундан ташқари Ўзбекистондаги 58та тоғли ва олис туманлардаги бюджет корхоналарида ишловчи шахсларнинг ойлик иш ҳақлари, ижтимоий тўловлар ва бошқа тўловлар фақат нақд пул шаклида амалга оширилиши шарт экани тўғрисида кўрсатама берилган.

Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев эса Медиа ҳафталикда Ўзбекистонда 2021 йилгача олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш квотаси 18 фоизга оширилади, деб эълон қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бакалаврларни тайёрлаш учун квота миқдори 57 907 ўринни ташкил этади ва бу миқдор кўп йиллардан бери ўзгармай қолмоқда. Олий таълим олиш истагидаги ёшлар сони эса кўпайиб бормоқда.

Масалан, ўтган йили Ўзбекистон олийгоҳларига 663 мингдан кўпроқ абитуриент ҳужжат топширган. Бу эса ҳар бир талаба ўрнига 11 номзод тўғри келганини англатади.

Ўзбекистонда 59 та олийгоҳ ва хориж давлатлари университетларининг 8та филиали мавжуд.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG