Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:00

Ислом Каримовнинг жияни руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилди


Жамшид Каримов амакиси Ислом Каримовни очиқ танқид қилгани учун касалхонага жойлаштирилган эди.
Жамшид Каримов амакиси Ислом Каримовни очиқ танқид қилгани учун касалхонага жойлаштирилган эди.

Ўзбекистонда Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида 2012 йилдан бери мажбурий ва яширин тарзда сақланиб келинган журналист Жамшид Каримов озод этилди. Халқаро ташкилотлар ҳукуматнинг бу қадамини олқишлаган ҳолда, Тошкент расмийларини қамоқда қолаётган бошқа сиёсий маҳкумларни ҳам озод этишга чақирмоқда.

Жамшид Каримов Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасидан озод этилганини ЕХҲТнинг сўз эркинлиги бўйича мутасаддиси Дунья Миятович олқишлади.

Чоршанба куни кечқурун ЕХҲТнинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда Дунья Миятович:

"Мен Каримовнинг озод қилинганини чин юракдан олқишлайман. Бу қарор Муҳаммад Бекжонов озод қилинганидан кўп ўтмасдан қабул қилингани позитив воқеадир. Мен ҳукуматни оммавий ахборот воситаларининг қамалган барча вакилларини, жумладан, Юсуф Рўзимуродов, Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййидларни озод этишга чақираман", деб билдирди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Миятович Ўзбекистон президентини қатор журналистларга нисбатан ўзининг авф этиш ҳуқуқини қўллашга чақирган эди.

Биринчи президент Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримов Жиззахда яшаган ва 2000 йилдан бошлаб халқаро матбуот билан ҳамкорлик қила бошлаган. Ислом Каримов акаси Арслоннинг ўғли бўлган журналист Жамшид Каримов президент амакисини ошкора танқид қилгани учун, расмийлар томонидан тазйиққа учраган ва руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган эди.

Биринчи марта уни руҳий касалликлар шифохонасига 2006 йилда мажбуран ётқизиб, у ерда 2011 йилгача сақлаган эдилар.

Ўшанда руҳий касалхонадан чиқарилганидан сўнг жамоатчиликка тарқатган мурожаатида Жамшид Каримов :

- Мен Оммавий ахборот воситаси вакилиман. Мен хабарчиман, хабарлар эса доимо ҳам яхши бўлавермайди. Лекин мен одамларга маълумот етказиш ҳаракатидан ҳеч қачон воз кечмайман. Мен сиëсатчи ҳам, ҳуқуқбон ҳам эмасман. Мен журналистман. Ортимдан пойлаб юрганлар шуни билсинларки, менинг энди йўқотадиган нарсам йўқ! Одам бир марта яшайди ва бир марта ўлади. Мен тимсоҳ каби судралиб эмас, балки қаддимни ғоз тутиб яшамоқчиман, -деб билдирган эди.

Иккинчи марта у 2012 йилда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиб, то шу кунгача сақланиб келинган эди. Халқаро ташкилотлар кўп йиллардан бери Ўзбекистон ҳукуматини Жамшид Каримовни руҳий шифохонадан чиқаришга чақириб келаётган эди.

Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни руҳий касалхоналарда мажбуран сақлаш амалиёти президент Ислом Каримов ҳукумронлиги даврида тез -тез қўлланиб турилган.

Масалан, ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева ва Алиқул Саримсоқовлар ҳам бир неча маротаба бир неча ой давомида руҳий касалликлар шифохоналарида сақлангани хабар қилинган.

Жумладан, амалдаги президент, ўша пайтда Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевни ноқонуний ҳатти-ҳаракатларда айблаб судга бермоқчи бўлган Алиқул Саримсоқов 2014, 2015 ва 2016 йилларда милиция ходимлари томонидан мажбурий равишда суд ажримисиз Жиззах руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган эди.

XS
SM
MD
LG