Линклар

Жиззахда Paynet дўконларининг бузилиши норозиликка сабаб бўлмоқда


Жиззах шаҳри марказидаги “Кўк бозор” атрофидаги Paynet ва уяли телефон дўконлари бузилаётгани шу дўкон эвазига кун кўриб келган тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Тадбиркорларнинг айтишича, расмийлар дўконлар бузилиши ҳақида олдиндан хабар беришмаган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлардан бири дўконлар олдиндан огоҳлантирилмасдан бузилаётгани уларни анча ноқулай аҳволга солиб қўйганини айтди.

- Шавкат Мирзиёв келади, будкалар тез-тез олиниши керак, бозор олдидаги йўл очилиши керак, дейишди ҳокимиятдагилар. Ҳозир “Кўк бозор” атрофида будка бўлса олиняпти, - дейди исми сир қолишини истаган жиззахлик тадбиркор.

Озодликка шикоят қилган бошқа бир жиззахлик эса: “Шу “Кўк бозор” ҳудудида мени ҳам будкам бор эди, олдириб ташлашди. Ислом Каримов номи берилган кўчалардаги 20дан ортиқ дўконлар олинмаяпти. Шаҳар ҳудудида будка қўйиш мумкин эмас экан, нима учун ҳаммага баробар ишламайди бу тартиб”, - деб ёзди.

Озодлик тадбиркорларнинг бу шикояти юзасидан Жиззах шаҳар ҳокимлигининг Капитал қурилиш ва ободонлаштириш бўлимига боғланди.

Ҳокимлик мулозими Озодлик билан суҳбатда Paynet дўконлари юқоридан тасдиқланган генплан асосида бузилаётганини айтди.

- Тошкентда Лойиҳалаштириш институти ва шаҳарсозлик институти тасдиқлаган Жиззах шаҳрини 2030 йилгача реконструкция қилиш генплани асосида шаҳар қиëфасига халақит берувчи барча иморатлар бузилади.“Кўк бозор” атрофидаги дўконлар шунинг учун бузиляпти. У ердаги дўкон эгаларига Улуғбек маҳалласидан ер ажратиб берилади, - деди ҳокимлик мулозими.

Лекин жиззахлик тадбиркорлар ҳокимиятдан “Кўк бозор” ёнидан жой беришни талаб этмоқда.

- Улуғбек маҳалласига ким боради. Ҳаридорларимиз шу ерга ўрганишган. Узоқ йиллар давомида биз бизнесимизни йўлга қўйсак, ҳокимият келиб бир кунда "тур бу ердан!" деса. Унда мамлакатда тадбиркорлик ҳеч қачон ривожланмайдику, - дейди Озодлик билан суҳбатда жиззахлик тадбиркор.

Жиззах ҳокимлиги мулозими эса тадбиркорлар бозордаги расталарни ижарага олиб ҳам фаолиятини давом эттириши мумкинлигини билдирди:

-Ҳеч ким уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётгани йўқ. Исташса бозорда расталарни ижарага олишлари мумкин. Дўконни хоҳлашса Улуғбек маҳалласида очишлари мумкин, - деди ҳокимлик мулозими.

Жиззахда реконструкция ишлари шахар марказидаги “Кўк бозор” ҳудудидан бошланган.

Ҳокимият келажакда шаҳар қиёфасига халақит бераётган шаҳарнинг бошқа қисмидаги дўконлар ҳам бузилиши мумкинлишгини билдирди.

XS
SM
MD
LG