Линклар

Самарқанддаги деҳқон бозори бузилиши ортидан юзлаб одам ишсиз қолди (ВИДЕО)


Самарқанддаги "Темирйўл деҳқон бозори"

Самарқанд шаҳридаги “Темирйўл деҳқон бозори”даги тадбиркорлар 5 май куни дўконлари бузилиши ва ўзларига бошқа жойдан дўкон топиши ҳақида огоҳлантирилди. Ҳокимлик жойсиз қоладиган тадбиркор ва бозорчиларни бошқа жойдан дўкон ва иш ўрни билан таъминлашдан бош тортмоқда. Расмийлар бозор, президент фармонига асосан, реконструкция қилинаётганини айтмоқда.

Cамарқанд шаҳридаги “Темирйўл деҳқон бозори” 5 май куни ишламади.

Бозорда савдо қиладиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, тўполон бўлиб кетмаслиги учун бозорнинг дарвозасига “5-май - санитар тозалик куни” деб ёзиб қўйилган:

“Бугун эрталабдан бозор тўлиқ бўшатилди. Савдогарларни савдо қилишга қўйишмаяпти. Бозор маъмурияти расталар ва дўконлар жойлашган икки қаватли бино бузилишини, унинг ўрнида гипермаркет қурилишини айтди. Энди бозорда ишлаётган мингдан зиёд одам қандай тирикчилик қилади”, дейди бозорда савдо қиладиган тадбиркорлардан бири.

Деҳқон бозорида рўзғорбоп товарлар сотиш билан шуғулланадиган тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, шаҳар ҳокимлиги дўкон ўрнига бошқа жойдан дўкон ҳам, товон пули ҳам бермаган:

“Ана шу икки қаватли бинонинг биринчи қаватида 350 дан ортиқ одам расталарда савдо қилади. Бозор маъмуриятининг айтишича, шунча одамдан бор-йўғи 50 нафарига бошқа павильондан жой қилиб беради экан. Қолган 300 киши эса бошқа бозорларга бориб ўзларига жой қилиб олсин экан. Шу бинонинг иккинчи қаватида ва ташқарисидаги 35 та дўкон ҳам бузилади. Биз энди қаерга борамиз, чунки шаҳардаги бошқа бозорларда ҳам бўш жойнинг ўзи йўқ. Ҳокимлик янги бозор қуришдан олдин бунча одамнинг ишсиз қолишини ўйлаб кўрмадимикан”, дейди тадбиркорлардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, бозор маъмурияти ҳам, шаҳар ҳокимлигидан келган мутасадди раҳбарлар ҳам уларнинг саволларига елка қисиб жавоб бермоқда:

“Одамларда кучли норозилик пайдо бўлди. Ҳокимиятдан келган вакиллар бозор раҳбарлари билан нималарнидир гаплашиб ўтиришибди. Бозордаги тадбиркорларнинг “биз энди нима қиламиз, қаердан жой топамиз, бола-чақамизни қандай боқамиз”, деган саволларига фақат елкасини қисиб, “биз билмаймиз, бу президентнинг қарори”, деб жавоб бермоқда”, деди тадбиркор.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими бозорнинг бир қисми бузилаётганини тасдиқлар экан, аксарият тадбиркорларнинг жойсиз ва ишсиз қолаётганини “оғриқли масала”, деб атади:

“Бу бозор президентимизнинг фармонига асосан реконструкция қилиняпти. Дастурга кирган. Бузиладиган павильон ўтган асрнинг 90 йилларида қурилган ва анча эскирган. Ўшанинг ўрнига уч қаватли замонавий павильон қурилади. Лекин, айни пайтда икки юздан ортиқ тадбиркор ва бозорчиларнинг ишсиз ва жойсиз қолаётгани ҳақиқатан оғриқли масала бўлиб турибди. Шунинг учун биз ҳар куни бу масаланинг ечимини топишга ва уларни бошқа бозорлардан жой билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз”, деди ҳокимлик мулозими.

"Ҳамма бозорда хўроз бир хил қичқиряпти"

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни имзолаган қарорига кўра, 2019 йилгача Ўзбекистондаги барча деҳқон бозорлари қайта қурилади.

Бузилаётган бозорлардаги тадбиркорларга дўконлари учун компенсация пули тўланмаётгани ва уларга янги иш ўринлари яратилмаётгани борасида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Инчунин, апрель ойининг охирида бузилган Бухоро шаҳридаги "Дилкушо" бозори тадбиркорлари ҳам товон пулисиз ва жойсиз қолган эди.

14 апрелда Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туман ҳокими Тўйтепа шаҳри марказидаги автомобиль эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат ва халқ хўжалиги моллари билан савдо қиладиган тадбиркорларга дўконларини зудликда бузиб, олиб кетишни буюрилган, қиймати бир неча юз миллион сўмлик дўконлар учун эса товон пули берилмаган эди.

Президент қарорида айтилишича¸ деҳқон бозорларини қайта қуриш учун 746 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу маблағнинг 631,5 миллиарди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки томонидан ажратилади¸ қолган 81,5 миллиард сўми эса тадбиркорлар ва бошқа банклар берадиган кредит ҳисобига қопланади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG