Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 23:29

Тошкентда "Шомаҳмудовлар оиласи" мемориал комплекси учинчи жойда очилди (фото)


Темирчи "Шомаҳмудовлар оиласи"мемориал комплекси 9 май куни Тошкентдаги "Дўстлик боғи"да (собиқ Бобур номидаги парк) очилди. Тошкент марказидан 9 йил аввал кўчирилганида, 17 фигуралик композиция 16 фигуралик бўлиб қолган эди. Озодлик мақоласидан сўнг йўқолган "бронза бола" топилиб, композиция тўлиқ ҳолда ўрнатилди.

Gazeta.uz сайтида чоп этилган суратларда "Шомаҳмудовлар оиласи" мемориал комплекси қошида чиқиш қилаётган кексалар, рақс тушаётган раққосалар акс этган.

Мазкур комплекс яқинда "Дўстлик боғи" деб қайта номланган собиқ Бобур номидаги паркдаги Тинчлик қўнғироғи рамзи ёнига ўрнатилди.

​Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройи олдидан пойтахт чеккасига кўчирилган "Шомаҳмудовлар оиласи" монументи орадан 9 йил ўтиб яна шаҳар марказига қайтди.

Бу жараённи кузатиш асносида Озодлик монументнинг бир неча бўлаги, жумладан, ундаги 15 боладан бири йўқолганини аниқлаган эди.

Маълум бўлишича, мазкур ёдгорлик 2008 йилнинг 12 апрель тунида олиб ташланган пайтда ҳайкал мажмуига оид битта бронза бола йўқолган.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Маданий мерос бошқармаси меъмори Шермат Шеримбетовнинг Озодликка айтишича¸ тунда кўчирилган пайтда битта бола ҳайкали синган ва дом-дараксиз йўқолган эди:

- 17 фигурали ҳайкал Тошкентнинг кириш қисмига қайта ўрнатилганида¸ 16 фигурали бўлиб қолган. Умуман¸ ҳайкал кўчирилганида унга зарар етишини билган ҳолда¸ бу галги кўчиришга ҳам бошқармамиз қарши бўлган. Шунга қарамасдан¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги қайта кўчириш ҳақида қарор қабул қилди¸ дейди мулозим.

Аммо, бу ҳақда Озодлик ёзган мақоладан сўнг йўқолган "дўппилик бола" зудликда топилди.

Бу ҳақда Озодликка тошкентлик санъатшунос блоггер Акмал Ризаев хабар қилди. Бошқа бир санъатшуноснинг Озодликка билдиришича, комплекснинг йўқолган элементини у бир неча йил муқаддам шаҳардаги антиквар магазинлардан бирида кўрган.

Акмал Ризаевдан олинган хабарни тошкентлик журналист Сид Янишчев ҳам тасдиқлади.

- Ўзим бориб, бир неча марта қайта санадим. Композициядаги фигуралар сони роппа-роса 17 та. Озодлик ёзган мақоладан сўнг ИИВ ёки МХХ айбдорларнинг "думини босган", шекилли. Пировардида, йўқолган болани дарров жойига олиб келиб қўйишди, - дейди журналист.

Озодликка маълум бўлишича¸ ҳайкал композицияси бу гал ҳам маданий мерос инспекторлари иштирокисиз кўчирилган.

Маданий мерос бошқармасининг Тошкентдаги ҳайкалларга масъул мулозими ҳайкал кўчирилганлигини Озодлик мухбиридан эшитганида¸ ҳайрон бўлди:

- Яна бизнинг иштирокимизсиз кўчиришибди. Қонунга кўра¸ Маданий мерос бошқармаси рўйхатида турган асар бошқарма инспектори иштирокида кўчирилиши лозим эди. Афсус¸ қонунга риоя қилишмабди¸ деди мулозим.

1995 йили оламдан ўтган РСФСР Халқ рассоми Дмитрий (Даниил) Борисович Рябичевнинг ўғли Россиядаги Ҳайкалтарошлик ижодий бошқармаси раҳбари Александр Рябичев Озодлик билан суҳбатда ўз отаси яратган ҳайкалтарошлик композициясининг йўқолган элементларини эзгу ниятда¸ қалам ҳақи олмасдан қайта тиклаб беришга ваъда берган эди.

Озодликка ёзган мактубида бу оила: “Отамиз ижодига мансуб ҳайкалтарошлик композициясининг Тошкент марказига қайтаëтганидан мамнунмуз... 2008 йилда бу ҳайкалнинг бадарға қилинишидан хафа бўлган эдик¸ бугун эса қайтаëтганидан хурсандмиз. Тарихий адолат қайта тикланди"¸ деб ёзди.

Дмитрий (Даниил) Борисович Рябичев Ўзбекистонда ўнга яқин ҳайкал ва монументлар яратган рассом сифатида эсланади.

Тошкент марказидаги (илгариги Инқилоб хиëбони) Карл Маркс ҳайкали¸ Темир йўл вокзали рўпарасидаги "14 комиссар" монументи¸ Абдулла Қодирий кўчасидаги 1966 йилги Тошкент зилзиласига бағишланган “Матонат” монументи ва Ойбек уй музейи ҳовлисидаги Ойбек ҳайкали муаллифи Рябичевдир.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг маданий мерос бошқармаси меъмори Шермат Шеримбетовнинг Озодликка айтишича¸ рассомнинг "14 комиссар" монументи ва Маркс ҳайкали мавжуд қоидаларга зид тарзда таг-туги билан йўқ қилинган.

XS
SM
MD
LG