Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 05:08

Ўзбекистонда аҳолининг бандлик кўрсаткичини оширолмаган ҳокимлар жаримага тортилади


Ўзбекистонда жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб аҳоли бандлиги ўсиши бўйича прогноз кўрсаткичларини бажарган ҳокимлар ва бошқа масъул амалдорлар мукофотланади, кўрсаткичларни бажармаган раҳбарларга жарима тўлатилади.

Ўзбекистонда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича маҳаллий ҳокимлар ва бошқа ҳудудий раҳбарлар шахсий масъулиятини ошириш учун шу йил 1 июлидан махсус тизим жорий этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 6 май куни имзоланган “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилади.

9 май куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган қарор матнидан маълум бўлишича, эндиликда аҳоли бандлиги ўсиши бўйича прогноз кўрсаткичларини бажарган ҳокимлар маошларига 15 фоиз миқдорида мукофот пули қўшиб берилади, прогноз кўрсаткичларини бажармаган ҳокимлар маошларидан эса жарима ўлароқ 15 фоиз миқдорида пул ушлаб қолинади.

Шунингдек, прогноз кўрсаткичларини бажарган ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари маошларига 20 фоиз миқдорида мукофот пули қўшиб берилиши, бажармаганлардан эса маошининг 20 фоизи миқдорида жарима ушлаб қолиниши айтилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларидан жарима ундирилиши ёки уларга мукофот пули берилиши махсус комиссия тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларидан жарима ундирилиши ёки уларга мукофот пули берилиши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарорлари асосида амалга оширилади.

Президент қарорида аҳоли бандлиги ўсишининг мезони сифатида аҳолини давлат ижтимоий суғурта ҳамда меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимлари билан қамраб олинган доимий, барқарор ишга жойлаштирилиши белгиланган. Қарорда қайд этилишича, “айнан шундай бандлик шакли меҳнат кафолатларини ҳимоялаш, пенсия тўловларини амалга ошириш учун меҳнат стажини ҳисобга олиш, уй-жой сотиб олиш ва олий таълим муассасаларида ўқиш учун олинган кредитларни тўлашда солиқ имтиёзларига эга бўлиш ҳамда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўладиган бошқа амалдаги қонунчилик меъёрларидан фуқароларимиз тўлақонли фойдаланишига барча имконият яратади”.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши натижасида, биринчидан, аҳолининг барқарор бандлигини таъминлашда тизимли ва аниқ йўналтирилган ишларни амалга ошириш учун маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларига керакли рағбатлантириш чораларини яратиш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришга, иккинчидан, давлат ижтимоий суғуртаси, меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимининг барча афзалликлари билан тўлиқ қамраб олинган доимий иш ўринлари ҳисобига аҳоли бандлиги ўсишига, учинчидан, барқарор бандликни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш орқали аҳоли даромадлари ошишига ва турмуш даражаси сифати яхшиланишига, солиқ тушумлари ва пенсия ажратмалари базасини кенгайтиришга имкон яратилиши айтилмоқда.

Президент қарори ижросини назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

XS
SM
MD
LG