Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:55

Ravon Nexia Қозоғистонда ҳам йиғила бошланди


GM Uzbekistan ва AllurGroup Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятидаги "СариаркаАвтоПром"ширкати базасида Ravon Nexia R3 автомобилини йиғиш ишларини бошлади. “Биринчи йилда Қозоғистон автозаводида 3000 дона шу русумдаги машина ишлаб чиқарилади”¸ дейилади бу ҳақда AllurGroup компанияси эълон қилган баëнотда.

AllurGroup ширкати расмий сайтида эълон қилинган маълумотда айтилишича, Ravon брендининг Қозоғистондаги расмий дистрибютери “УзАвтоАзия” ҳисобланади. Бу ширкат AllurAuto автомарказлари воситачилигида савдо юритади.

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган автомашиналарни имтиёзли кредитлар дастури бўйича харид қилиш мумкин бўлади.

“Лойиҳада¸ биринчи йилда Қозоғистон автозаводида 3000 дона шу русумдаги машина ишлаб чиқариб¸ бора-бора бу рақамни 7000 га етказиш кўзда тутилади”¸ дейилади бу ҳақда AllurGroup компанияси эълон қилган баëнотда.

Ўзбек автомобилларини йиғиш Қозоғистонда ҳам йўлга қўйилиши тўғрисидаги биринчи ахборот Тошкентда 23 февраль куни ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон давлатлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг 16-йиғилишидан сўнг пайдо бўлган эди.

“СариаркаАвтоПром” таъсисчиси бўлган Allur Group ширкати директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентьев йиғилишда: “Ҳозирда барча синов ишлари якунланди. Айни пайтда GM Korea ширкати билан лизенция шартномасини имзолаш учун хулосани кутаяпмиз”,- деб айтган эди.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг 16 -йиғилишида Қозоғистонда JV MAN Avto Uzbekistan ишлаб чиқараётган юк машиналарини ҳамда "СамАвто" автобусларини ҳам йиғиш масаласи ўрганилаётганини айтган.

Қозоғистонда ўзбек автомобилларини йиғиш корхонасини ташкил этиш масаласи иккинчи марта Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Остонага ташрифи давомида президент Нурсултон Назарбоев билан ўтказилган музокаралар чоғида муҳокама қилинган эди.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш йўналишида ишламоқчи. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 3 миллиард долларни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG