Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:46

"Сурхон" жамоаси муштлашган футболчиларига берилган жазодан норози


Сурхондарёнинг “Сурхон” жамоаси 4 ўйинчисини дисквалификация қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг тартиб-интизом қўмитаси қарори юзасидан апелляция киритмоқчи. Бу ҳақда “Сурхон” жамоаси ижрочи директори Эркин Холбобоев Озодлик билан эксклюзив суҳбатда маълум қилди.

"Сурхон"нинг 4 ўйинчисини дисквалификация қилиш тўғрисидаги қарорни Лига қўмитаси Термиз ўйингоғидаги оммавий муштлашув ортидан қабул қилган эди.

4 июн куни “Сурхон” ва “Андижон” жамоалари учрашувида футболчилар ўртасида оммавий муштлашув бўлиши ортидан ПФЛ ҳар икки жамоанинг 4 нафардан футболчиси, шунингдек, “Сурхон” шифокорини дисквалификация қилган эди.

“Сурхон” жамоаси ижрочи директори Эркин Холбобоев Озодлик билан суҳбатда жамоа раҳбарияти ПФЛ қарори юзасидан шикоят киритишини айтди.

- Профессионал лига қарорига бизда ҳам эътирозлар бор. Мутахассислар бу холни қай даражада ўрганган, бу - уларнинг фикри. Биз ҳам бу борада таклифимизни, эътирозимизни киритамиз. Чунки, “Сурхон” янги тузилган жамоа. Бунақа кескин қарор ёшларга салбий таъсир қилмаслиги керак. Ҳеч ким атайлаб муштлашгани йўқ. Вазият шуни тақозо қилди. Уларни чемпионатнинг охиригача четлатиб юборсак руҳан таъсир қилади, 17 ёшли ўйинчини тўққизта уйиндан четлатиб, жарима юклаш унга таъсир қилади, - дейди Эркин Холбобоев.

Ўзбекистон футбол чемпионати биринчи лигасидаги “Сурхон” ва “Андижон” жамоалари учрашувининг тўқсонинчи дақиқасида футболчилар ўртасида оммавий муштлашув ортидан ҳакам бир вақтнинг ўзида бирйўла саккиз нафар футболчига (икки жамоадан 4 нафардан) қизил карточка кўрсатганди.

“Championat.asia” сайтининг YouTube порталидаги каналида ушбу жанжал тасвирлари видеоси жойлаштирилган.

Унда мезбон жамоа футболчилари андижонликларнинг ерда ётган футболчисини тепгани, жанжалга клуб шифокорлари ҳам аралашганини кўриш мумкин.

Мазкур ўйин 2:2 ҳисоби билан якунланди.

“Андижон” футбол клубининг лицензиялаш бўйича менежери Улуғбек Мирзаев Озодлик билан суҳбатда муштлашишни “Сурхон” жамоаси ўйинчилари бошлаб бергани ва андижонлик футболчилар ҳам ўзини спортчига мос тутолмаганидан таажжубда эканини айтди.

- Майдонда муштлашиш керак эмас. Энди сизни уриб тургандан кейин ўзингизни асабингизни ушлаб қолиш, жиловлаш қийин бўлади. Солиштириб қараган бўлсангиз "Сурхон" жамоасининг шифокори бутун умр футболда ишламайдиган қилиб четлатилди. "Сурхон" жамоасининг бир ўйинчиси мавсум оҳиригача ўйнамайдиган қилиб четлатилди. Яна бир ўйинчиси биринчи давра охиригача четлатилди. "Андижон" жамоасида катта четлатишлар йўқ. Иккита-учта ўйиндан иборат четлатишлар бўлди бизда. Муштлашиш ҳеч қанақа жамоага ярашмайди, на олий лига, на биринчи лига. Футболчилар доим ўзини спортчига мос тутиши керак, андижонлик футболчилар ҳам шунақа қилишолмадими, демак эртага ушбу можаро юзасидан йиғилиш ўтказиш белгиланган. Бу нарса қайта такрорланмаслигига ёрдам берадиган балки қандайдир чоралар кўрилади, - деди Улуғбек Мирзаев.

Футбол соҳасида мустақил журналист Бобомурод Абдулла фикрича, Термиз ўйингоҳидаги футболчилар муштлашуви ўзбек футболидаги интизом ва аҳлоқ даражаси не қадар эканини кўрсатган.

- Ўзбек футболида ҳали шу пайтгача битта ўйинда саккиз футболчига қизил карточка кўрсатилгани ҳолати бўлмаган эди. Термиздаги бу муштлашув ўзбек футболида тартиб-интизом қолмаганини кўрсатди. Агар мана шундай муштлашув Британиянинг олий лигасида бўлганида бутун жамоани чемпионатдан четлатишган бўлар эди, деб ўйлайман. Тўртта-бешта ўйинчини дисквалификация этиб, футболдаги аҳлоқ муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Каттароқ жазо кўрилиши керак эди, - дейди Бобомурод Абдулла.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси агар муштлашиш ҳолати яна такрорланса, "Сурхон" ва "Андижон" клубларига нисбатан янада қаттиққўл чоралар қўлланилиши, шунингдек, ҳар икки клубнинг раҳбарлари ва мураббийлар штаби эгаллаб турган лавозимлари мувофиқлиги кўриб чиқилиши ҳақда огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG