Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:46

Анвар қори Турсунов: Менга туҳмат қилишмасин, соатим олтиндан эмас!


Анвар қори Турсунов
Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов Озодлик билан суҳбатда қўлидаги соати олтин эмаслигини айтди. 59 яшар имом хатибнинг Тошкентдаги халқаро пресс-клубдаги йиғилишда қатнашган пайтда қўлига таққан соати ижтимоий тармоқларда баҳсларни қўзғатган эди.

Facebookдаги ўндан ортиқ саҳифаларда минглаб ўзбек юзерлари орасида "Анвар қори Турсунов 20 минг долларлик олтин соат тақиши жоизми?", "Мусулмон киши моддий манфаат топиш учун имом бўладими?" деган саволлар атрофида баҳслар урчиди.

Анвар қори Турсунов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:44 0:00
Бевосита линк

Тармоқда баҳс қизиши баробарида Озодлик мухбири Абдулла Искандар Анвар қори Турсуновнинг ўзи билан суҳбатлашиб масалага ойдинлик киритди.

Қуйида Анвар қори Турсунов талаби билан таҳрирсиз суҳбат:

"Эшитинг воқеани..."

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Анвар қори соати
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Анвар қори соати

​- Абдулла Искандарман, яхшимисиз тақсир?

- Э омонмисиз¸ саломатмисиз?

- Битта мавзуни ëритайликми ëритмайликми шуни сиздан сўраб қўйинг дейишди. Ëритманг десангиз, ëритмаймиз.

- Нима экан у?

- Сиз қўлингизга таққан соатингизга ижтимоий тармоқларда масхара қилиниб¸ ҳажв қилиб¸ эътироз билдириб¸ киноя билдириб, минглаб мемлар пайдо бўлди.

- Ҳозир мен тўғрисини айтиб берайми?

- Ҳа.

- Эшитинг бўлган воқеани. Ҳайитдан олдин менинг эски соатим бузилиб қолди. Ўша ерда яхши бир укамиз турган экан. Соатимни бураëтган эдим¸ чиқ этиб бузилиб қолди бурайдиган жойи. Бошқа соатим бор эдида. “Қори ака¸ мана бу сизга ҳайитлик” деб эртасига соат олиб келиб берди. “Каттагина экан. Кўзи нима экан?” дедим-да, қўлимга тақиб олдим. Кейин буни бўлмаган гаплар билан... “Неча пул туради бу соат?” десам¸ “Мен амирликдан 200 долларга олганман қори ака. Сизга совға,” деди. Шу бўлган гап. Буни энди 20 минг доллар¸ бир бало¸ астағфируллоҳ. Шунақа ҳам туҳмат бўладими? Оллоҳ таоло Қуръонда “Фатабаййану”. Бир нарсани ўзимдан сўраш керак эди¸ олиб бундай текшириш керак эди. Масалан, мен олтин соат тақмайман ҳеч қачон. Қанақа гап бу? Худодан қўрқмайдими булар? Уят борми буларда?

- Бутун ижтимоий тармоқ шу мавзу билан туриб шу мавзу билан ухлаб , шу мавзу билан уйғонмоқда.

-Кўрдим¸ эшитдим.

"Жумада ҳам айтаман"

- Кейин бу нарсани Россиядаги поплар масаласида муҳокамаси бўлган эди. Ўшанга ўхшаган бўлаяпти бу мавзуни ëритиш. Агар истасангиз¸ бизлар орқали чиқиб, вазиятга ойдинлик киритишингиз мумкин.

- Мен айтаман¸ жумада ҳам айтаман. Жумада уларга ўзимни нимамни айтаман. Лекин улар Худодан қўрқишсин. Менинг гапим шу. Шу гапимни етказиб қўйинг. Худодан қўрқишсин. Одам агар мусулмон бўлса¸ Оллоҳ таоло "фатабаййану" деб "Ҳужурот" сурасида айтиб турибди. Мана ҳозир қўлимда турибди. Нечта одамга кўрсатдим. 250 долларга олганман, деди. Мен нимасини ҳам билганим йўқ. Ҳайит куни ҳайитлик, деб берди. Бу ҳеч қанақа унақа соат эмас. Хоҳласанглар¸ келиб қўлимдан олиб кўрсин.

"Мен унақа бадавлат эмасман"

Бу дегани ним ўзи бу фитнами? Мен унақа бадавлат одаммасман. Отамни уйида тураман ҳозир. Келиб уйимни кўринглар мана. Уч сотих уйда тураман. Олтмишга киряпман битта уй ҳам қурмадим. Бешта болам бор¸ онамни боқаман. Ким қизиқса, уйимга келиб кўрсин.

- Анвар қори энг сўннги русумдаги БМВ 6 авттомобилини минади, деган ҳам гап бор...

- Ло Илоҳо Иллоллоҳ. Ана кўрдизми . (кулади) Астфуруллоҳ. Келиб текширишсин кўришсин. Нимада юраман экан?

- БМВ 6 да!

- БМВ йўқ менда. Оддий каптивани эски нусхаси борку. Ўшани минаман. Ўшаниям тижоратчи ўғлим оберган. Эскисини оберди. Янгисини эмас.

Суиқасддан омон қолган имом

59 ёшли Анвар қори Турсунов Ўзбекистонда энг кўзга кўринган расмий дин уламоларидан ҳисобланади.

2009 йилда Анвар қори суиқасдга нишон бўлган эди.

31 июл тунида уч нафар шахс Анвар қорини ўзининг уйи ташқарисида 9 жойидан пичоқлаган.

Ҳужумчилар воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган. Тошкентда йирик қидирув амалиёти ўтказилган.

Қорига суиқасд юзасидан 70 га яқин одам ҳибсга олинган. Аммо маҳкама ёпиқ бўлган.

Суиқасд буюртмачилари ва жиноят мотивлари ҳақида маълумот берилмаган.

Анвар қори Турсунов 2015 йил ноябрь ойидан бошлаб "Минор" жомеъ масжидида имом-хатиби сифатида ишлаб келади.

Анвар қори Турсунов бунгача Шайхонтоҳур туманидаги "Хожа Аҳрори Валий" масжиди имом-хатиби эди.

Анвар қори Турсунов 1958 йил Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, 1981 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йил Тошкент Ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов 1999 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда. У 1989—1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи ўзбекча таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

XS
SM
MD
LG