Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:28

Анвар қори Турсунов: Газ-светдан қарздорлар Ҳажга жўнатилмайди


Тошкент имом-хатиби Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов республика аҳлини сув, газ ва электрдан қарзини вақтида тўлашга даъват қилди, қарздорлар Ҳажга жўнатилмаслигидан огоҳлантирди. Бу танилган дин арбобининг республикада аҳолидан газ-свет бўйича қарзни ундириш кампанияси доирасида қилган илк чиқишидир.

Podrobno.uz агентлигининг хабар қилишича, Тошкентдаги халқаро пресс-клубдаги йиғилишда қатнашган пойтахт бош имоми қарздорларни Ҳаж ибодати қабул қилинмаслигидан огоҳлантирган ва бундай қарздорлар Ҳаж зиёратига жўнатилмаслигини айтган.

"Ҳатто, бир сўм қарзи бўлса ҳам Ҳажи қабул бўлмайди ва шунинг учун бундай қарзи бўла туриб, Ҳажга кетаётганларни самолётга чиқармаймиз", дея иқтибос келтирди имом-хатибдан агентлик.

Ўз чиқишида Анвар қори Турсунов аҳолини исроф қилинган ҳар бир томчи сув учун Оллоҳ олдида жавоб беришдан огоҳлантириб, "намоз ўқийдиган, Ҳаж қиладиган, аммо электр учун пул тўламайдиган одамлар бор"лигини ҳам айтган ва бундан аҳолини қайтарган.

Ўзбекистонда аҳоли зиммасида йиғилиб қолган электр-газ тўловларини ундиришга ҳокимият, банк, таълим муассасалари ва маҳалла қўмиталари, солиқ, ИИВ каби давлат ташкилотлари жалб қилинган.

Бу ташкилот ходимларидан иборат махсус гуруҳлар аҳолини қарзларни тўлашга даъват қилади ва уй-уй юриб, ундиради ҳам.

Аммо, Анвар қори Турсунов даражасидаги диний идора мулозимининг расмий телевидение орқали аҳолини коммунал қарзларни тўлашга даъват қилиши, акс ҳолда "Ҳажга юборилмаслиги", "Оллоҳ олдида жавоб бериши"дан огоҳлантириши илк бор кузатилмоқда.

Ўзбекистонда йиллардан буён энергетик инқироз давом этмоқда. Буни энергетик таъминотга маъсул идоралар расмийлари ҳам тан олган.

Аҳоли кун давомида бир неча соатгина бериладиган электр, аксар ҳудудларда тамомила узилиб қолган газ таъминотидан шикоят қилади ва муҳими, ҳаминқадар свет-газ учун йиғилаётган катта қарздорликдан норози бўлади.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда свет ва газ бўйича қарздорлик 5 триллион сўмдан ошиб кетган.

Шу боис, 1 июлдан бошлаб электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисоблаш ускуналарига атайин зарар келтирган, уларнинг кўрсаткичларини ўзгартиришга уринган шахслар энди жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди.

"Халқ сўзи" газетаси хабарига кўра, ҳисоблагични атайлаб ўзгартирганларга энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 75 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш билан жазоланади.

Айни пайтда, республикадаги барча давлат ташкилотлари аҳолидан қарзни ундириш кампаниясига жалб этилаётгани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўринг (18)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG