Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:11

АҚШ Шимолий Кореянинг сўнгги ракета синовини "янги таҳдид" деб атади


4 июль куни АҚШ маъмурияти Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракета синови ўтказганини тасдиқлади ҳамда ушбу синов ортидан АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан “янги таҳдид ортаётгани”дан огоҳлантирди.

Пентагон ҳам, Давлат котиби Рекс Тиллерсон ҳам сўнгги синовлар Шимолий Кореянинг ҳарбий технология борасида илгари силжиганини кўрсатганини эътироф этди. Расмий Пхеньян эса ракета водород бомбаси сингари «йирик ва оғир» ядровий каллакларини ташишини айтиб мақтанди.

Тиллерсон баëноти АҚШ ўз қўшинлари Жанубий Корея билан бирга Корея қирғоғидан ташқаридаги сувга ракета учириб, куч намойиш қилгани ва ўз армияси минтақадаги исталган нишонга "аниқ зарба бериш қудратига эга экани"дан огоҳлантиргани ортидан эълон қилинди.

- Жанубий Корея билан Қўшма Штатлар ҳамкорликда ўтказган ушбу ракета синови икки мамлакат "Шимолий Корея иғволарига жим қараб турмасликка қарор бергани"ни намойиш қилди¸ деди Жанубий Корея Бош қўмондонлиги штаби матбуот котиби Ро Же-Чен 5 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Тиллерсон Пхеньяннинг 3 июлдаги ракета синови бутун дунëга таҳдид эканини айтди ва бунга қарши халқаро миқёсда чора кўришга чақирди:

- Дунë мамлакатлари Шимолий Кореяга ядро қуролига эга бўлиш борасидаги ҳаракатлари оқибати ëмон бўлажагини очиқ намойиш қилиши лозим. Глобал таҳдидни бартараф қиши учун глобал ҳаракат зарур. Шимолий Корея ишчиларига иш бераётган, унга иқтисодий ёки ҳарбий ёрдам кўрсатаётган ва ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорларини бажармаётган ҳар қандай мамлакат хавфли режимни қўллаб-қувватлаётган бўлиб чиқади, деди АҚШ дипломатик идораси раҳбари.

Ушбу огоҳлантиришнинг¸ биринчи галда¸ Шимолий Кореянинг минглаб ишчисига иш бериб¸ Пхеньян билан иқтисодий алоқаларга эга Россия ва Хитой шаънига билдирилгани айтилмоқда.

Барча мамлакатларни чоралар кўришга даъват этган Тиллерсон¸ АҚШ "Шимолий Кореянинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслиги"ни айтиб, акс ҳолда Вашингтондан жавоб бўлажагига шама қилди.

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш ҳам ракета синовини қоралади ҳамда бу воқеани «Хавфсизлик Кенгаши қарорларини қўпол тарзда бузиш» ва «вазиятнинг хавфли тарзда таранглашуви» деб атади.

Гутерреш АҚШ, Япония ва Жанубий Корея илтимосига жавобан 5 июль куни тушдан кейин ушбу масала бўйича фавқулодда мажлис ўтказишни режалаштирган.

Пентагон вакили Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказгандан сўнг «ўзимиз ва иттифоқчиларимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз ҳамда Шимолий Кореянинг ўсиб бораётгани таҳдидига қарши тўлиқ имкониятларимизни ишга соламиз», деб баёнот берди.

Шимолий Кореянинг давлатга қарашли ахборот воситалари Hwasong-14 ракетаси 933 километрга учиб боргани, 39 дақиқалик парвоз вақтида 2802 километр баландликка чиққани ҳақида хабар берди.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин баёнотида ракета синовини Американинг 4 июлда нишонланадиган Мустақиллик байрамига «совға» деб атади.

Экспертлар Пхеньяннинг ракета синовини муваффақиятли деб атаганига шубҳа билан қараяпти. Улар фикрича, коинотга атом бомбаси билан учиб чиққан қитъалараро баллистик ракетанинг Ер атмосферасига қайтиб кириши даргумон.

XS
SM
MD
LG